Шоҳжаҳон Эргашев Европа камари учун жангда мексикалик боксчи билан куч синашади

10 январь, 19:04 1778


Профессионал боксда мағлубиятсиз сериясини давом эттираётган боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев (6-0-0, КО6) ўзининг навбатдаги жанги борасидаги саволларга аниқлик киритиб ўтди.

Бундан олдин Шоҳжаҳон (расмда ўнгда) Африка ва Уганда чемпиони Соломон Богерега қарши уч марта рингга чиқишга ҳаракат қилиб кўрди, бироқ унинг африкалик чарм қўлқоп устаси бу жангларга негадир келмаган эди. Бу орада эса ҳамюртимиз тайёргарлик бежиз кетмаслиги учун 1 декабрь куни беларуслик Илья Реуцкийга қарши рингга чиқиб, рақибини нокаутга учратди.

Shohjahon Ergashev training

Боксчимизнинг SPORTS.uzга маълум қилишича, навбатдаги жанг келаси ойнинг биринчи ҳафтасида Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирган. Унинг бу галги рақиби эса мексикалик боксчи бўлиб, ҳозирда рақибнинг номи сир тутилмоқда. Беллашув 10 раундга белгиланган бўлиб, Европа камари учун титул жанги ҳисобланади.

Bektemir Meliquziyev - Shohjahon Ergashev
Шоҳжаҳон Рио-2016 совриндори Бектемир Мелиқўзиев билан

Айни дамда Шоҳжаҳон бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари билан биргаликда бўлажак жангга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Машғулотлар Тошкент вилоятидаги Янгиобод ўқув-машғулот базасида ўтказилмоқда. Биринчи босқич тайёргарликлар 19 январда тугайди. Шундан сўнг Шоҳжаҳон Москвага учиб кетади ва тайёргарликларни ўша ерда давом эттиради.

Биз боксчимизнинг фаолияти ғалабаларга бой бўлишини тилаб қоламиз.

Sports.uz