Диёр Имомхўжаевнинг гапида жон бор. "Бунёдкор" шундан ҳам қуруқ қолиши мумкин

Кеча Россия ОАВда "Бунёдкор" ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев легионерга айланиши мумкинлиги борасида хабарлар тарқалди.

Қозоннинг "Рубин" клуби "Бунёдкор" вакили Умарали Раҳмоналиевга қизиқиш билдирмоқда. Россия клуби "қалдирғочлар"нинг 18 ёшли ярим ҳимоячиси бўйича таклиф юборган. "Рубин" футболчи учун 50 минг доллар беришга тайёр. Аммо пойтахтликлар уни 1 миллион долларга сотишни истамоқда.

Ушбу хабарлар ортидан ПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида ўз фикрларини билдирди.

photo_2021-04-15_13-43-51

18 ёшли Умарали Раҳмоналиев учун "Бунёдкор" 1 миллион доллар сўраётгани ҳақида ёзишди.

Биздаги маълумотга кўра, "Рубин" футболчи учун 50 минг евро бермоқчи. Унга Леонид Слуцкийнинг ўзи қизиқиб қолган, бу муҳим жиҳат. Футболчининг шартномаси шу йил сўнгида якунига етишини инобатга олсак, у келаси мавсум "Бунёдкор"ни эркин агент сифатида тарк этиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, савдони ақлга сиғадиган даражада олиб бориш тўғрироқ. Агарки, унга "Рубин" бош мураббийининг ўзи қизиқиб қолган бўлса, "Рубин" савдони 100-150 минг еврогача ҳам кўтариши мумкин. Ўзбекистон клуби учун бу ёмон сумма эмас.

Чунки, трансфер нархидан ташқари "Бунёдкор" "Рубин"дан машғулот компенсацияси ҳам талаб қилади. "Рубин" Россия қуйи дивизионида экани ҳамда Раҳмоналиев "Бунёдкор" академиясида 2015 йилдан буён қайд этиб келинаётгани инобатга олинса, "Бунёдкор" шунинг ўзигаёқ таҳминан яна 130 минг доллар талаб қилишга ҳақли. Демак, бунинг ёнига трансфер суммаси ҳам қўшилса, 18 ёшли футболчи учун ёмон нарх чиқмайди. Қўшимчасига, "Бунёдкор" "Рубин" билан футболчининг эҳтимолий кейинги трансферидан маълум фоизини олиш бўйича ҳам келишув имзоласа бўлади.

Шу ўринда бир масалани эслаб ўтиш керак. 2018 йил "Анжи" Достон Ҳамдамовга ҳаридор бўлган ва 300 минг евро таклиф қилган. "Бунёдкор" эса ўшанда ҳам 1 миллион сўраган. Кейинроқ "Анжи" шундай йўл тутдики, Ҳамдамовни текинга олиб кетди. Чунки футболчининг "Бунёдкор" билан шартномасида агар Европадан таклиф тушса, клуб уни 300 минг еврога қўйиб юбориши шартлиги кўрсатиб ўтилганди. Бундай пайтда ФИФА футболчининг манфаатларидан келиб чиқиб иш кўради. Айтмоқчиманки, "Бунёдкор"га ўша вақтда 300 минг ҳам ёмон сумма эмасди. Аммо ақлсизлик сабаб клуб шундан ҳам қуруқ қолган, - деди Диёр Имомхўжаев.

IMG_1694

ПФЛ раҳбари бу постдаги фикрларни ташкилот раҳбари сифатида ёздими ёки журналистик томондан қараб ёндошдими билмадимку, лекин тўғри гаплар айтилди, назаримда.

Футболчиларимизга хориждан ва қолаверса, яхши жамоа томонидан қизиқиш бўлса нархни осмонга олиб чиқиш эмас, балки реал қараб белгилаш керак. Боз устига футболчининг клуб билан шартномаси шу йили тугашини инобатга олиб.

"Рубин"да озгина кутиб, ҳамюртимизни текинга олиб кетиш варианти ҳам бор. Бунга Ҳамдамов трансфери яққол мисол. Қиммат нахр ундираман деб, боридан ҳам қуруқ қолиш ҳеч гап эмас. Aлбатта, футболчига харидор чиқаётганидан келиб чиқиб ва унинг шартномаси тугаётганини ўйлаб "Бунёдкор" битимни узайтириб қўйиши ҳам мумкин. Балки ишлар бошлаб юборилгандир. Лекин танганинг иккинчи томони футболчига йўл кўрсатадиган яқинлари ёки агенти клуб билан шартномани янгиламасликни маслаҳат бераётгандир, ҳар ҳолда шундай таҳмин йўқ эмас.

Aгар таклиф араб клубларидан бўлганда тушуниш мумкин. Бироқ Россия клубларидан буни кутиш қийин. Жалолиддин Машарипов 2 йил аввал Жалолиддин Машарипов "Футбол ТВ" телеканалидаги “Offside” кўрсатувида хориждан таклиф ва ўзининг трансфери борасида гапирганди.

- Трансфер нархим? Менимча, 2 миллион (доллар/евро)дан ошиқроқ бўлса керак. Масалан, мени Россия клуби ўз сафига қўшиб олмоқчи. Лекин улар бунақа пул беришмайди. Россияликлар бу суммага Бразилиядан футболчи олиб келишади.

Элдор Шомуродов 200-300 минг (доллар/евро)га кетгандир. Бунақа пулга россияликлар мени ҳам олишлари мумкин. Лекин "Пахтакор" кўнмайди. Трансферимда белгиланган нархни тўлашса, уни оқлайман. Бироқ уларнинг хаёлида ўзбекларда бунақа кучли футболчи йўқ. Айбимиз жаҳон чемпионатига чиқмаганимиз. Мундиалга борсак, ҳаммаси ўзгаради, - деганди Машарипов.

Демак, тарих такрорланмаслиги учун ундан тўғри хулоса энг яхши йўлдир.

 

Бекзод ИСАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaxzod1223
03/08/2022 20:00
To'g'ridadn to'g'ri Evropaga sotsin deysizlar Evropaning boshqa qaysi chempionatidan o'zbek futbolchilariga qiziqish bor. Rosiya orqali Evropaga chiqsa bo'ladi. Yoki Arab jamoalariga sotish kerakma. Evropaning boshqa chempionatidan taklif tushiyatgan bo'lsa to'g'ridan to'g'ri Evropaga sotsin denglar.
&
Bek 56
03/08/2022 16:27
Бунёдкор тугри к,илади россияга сотмаслик керак мана жалолиддиновни не куйларга солишмади бу у'рислар у'ринов хам мана неча йилки у'з у'рнини топаолмай юрибди сотса тугридан тугри европа ва бошка давлатларга сотсин у'рислар у'та айёр эхтиёт бу'лишимиз керак