"Ҳакамлар айбини топиш менинг ишим эмас, "Турон" ҳам бизга келади" - "Бухоро" сардори жанговар дуранг ва пенальти берилмаган вазият ҳақида

Про лиганинг 19-турида “Турон” “Бухоро”ни қабул қилган ўйин жуда қизиқарли ва кескин ҳужумлар остида кечди. Баҳсни кўрган мухлис зерикиб қолгани йўқ, бизнингча. Лекин “Турон” – “Бухоро” учрашувида баҳсли вазиятлар кузатилди.

Бош ҳакам икки марта меҳмонлар дарвозаси томон пенальти қўйди, учрашув охирларида эса жарима майдони ичида мезбонларнинг иккита ўйинчисини қўлига тўп тегди, ҳакам эса “Бухоро” фойдасига пенальти белгилашни лозим топмади. Мухлислар 4 та гол уришди ва якунда ғолиб аниқланмади. Ўйиндан кейин “Бухоро” сардори Обид Жўрабоев билан суҳбатлашдик.

- “Турон”га қарши баҳс қизиқарли кечди. 2:2 ҳисоби ўйинга мос бўлди, деб ўйлайсизми?

- Иккала жамоа ҳам Суперлигага чиқиш бўйича олдига мақсад қўйган. Кучли ўйин бўлди. Биз ютишимиз ҳам, ютқазишимиз ҳам мумкин эди. Имкониятларимиздан унумли фойдаланганимизда балки ютиб кетармидик?! Охирги дақиқаларда ҳакам пенальти бермади. Ўша вазиятда пенальти бор эди. “Турон” билан ўртамизда 5 очколик фарқ бор. Улар ҳам ҳаракат қилди. Аммо бизни уларга қараганда устунлик томонларимиз бор эди. Ҳақиқатан томошабоп ўйин бўлди. Нима бўлса ҳам ҳисобга яраша учрашув бўлди.

- Ўша “Турон”нинг бир эмас, икки футболчисининг қўлига теп теккан ҳолатда ҳакам пенальти бермаганидан кейин у билан гаплашдингиз...

- Ҳакам қарор қабул қилдими, биз бунга ҳеч нима дея олмаймиз. Ҳаммасини ҳал қиладигани бу ҳакам. Биз ҳар қанча пенальти бор ёки йўқ эди деганимиз билан ҳамма нарса барибир ҳакамга бориб тақалади. Ҳакамнинг қарорига ҳеч нима дея олмайман. Бўладиган иш бўлиб ўтди. Ҳакамнинг қарорини қабул қилишимиздан бошқа иложимиз йўқ.

обид1

- Ҳакам ўйинни бузиб қўйди, деб ўйлайсизми?

- Яхши ҳакамлик қилди. Балки учрашув охирларида озгина таъсир қилгандир. Иккала жамоага ҳам муҳим ўйин эди. Ютганимизда “Турон” билан ўртамизда икки очколик фарқи қоларди. Ҳакамнинг охирги дақиқаларда қабул қилган қарорини нотўғри деб ўйлайман. Бироқ нима бўлганда ҳам ютқазмадик, шундан хурсандмиз. Кейинги ўйинларда ҳаракат қиламиз. “Турон” ҳам Бухорога келади. Олдимизга қўйилган вазифага эришамиз, деб умид қиламан.

- “Бухоро” бундан аввал ўз майдонида “Андижон”га ютқазиб қўйганди. Ўшанда иккита пенальтидан гол уролмагансизлар. Балки ўша мағлубият жамоага таъсир кўрсатдими?

- Ўз уйимизда “Андижон”га ютқазиб қўйганимиз кайфиятимизга таъсир қилмаган. Ички муҳитимиз жуда яхши. Ўйин тугади. Кейинги учрашувга тайёргарлик кўриш керак. “Андижон” билан учрашувда хатоларимиз эвазига ютқаздик. Иккита пенальтидан фойдалана олмадик. Биттасидан ўзим гол уролмадим. Охирида Иминов пенальтини голга айлантира олмади. Бу ҳам Худони айтгани-да! Ўша куни бизга ғалаба қозониш насиб қилмаган экан. Майли, охиригача курашамиз.

обид2

 -Энди бошқа пенальти тепмайсизми?

- Тепаман, нимага тепмайман? Ўзимга ишонаман. Ўшанда тўп йўналишини дарвозабон топмаган, фақат тўсинга тегиб қайтган. Бу омад билан боғлиқ. Жамоам учун фойда келтиришга ҳаракат қилавераман.

- Турнир жадвалида “Бухоро” пешқадам “Андижон”дан 10 очкога ортда қоляпти. Нима деб ўйлайсиз, вазиятга реал қарасак, “Бухоро” 2-ўрин учун курашяптими?

- Тўғри, бизни ҳали ҳам 2-ўринга имкониятимиз бор. “Турон” ҳали “Андижон”, “Машъал” ва “Хоразм” билан ўйнайди. “Хоразм” ҳам ўз майдонида осонликча таслим бўлмайди. Уларни майдонида фақат биз ютдик. 2-ўрин билан чиқишга ҳали имкониятимиз бор.

обид

- Про лигада энди енгил ўйинлар қолмади. Сизнингча, энди қолган учрашувларда ВАРдан фойдаланиш керакмикин?!

- Ҳакамлар айбини топиш менинг ишим эмас. У қарор қабул қилганидан кейин тортишганингиз билан ўзгармайди. Лекин тўғри, кучли бешталикда фақат жиддий ўйинлар қолди. Тажрибали ҳакамларни бошқаргани ҳам маъқул. Ҳакамларни ишини кўриб чиқадиган қўмита бор. Ўзлари баҳо беришади.

- Про лигада сиз учун энг кучли жамоа қайси?

- Тўғриси, ҳозирги пайтда энг кучлиси деб ўзимизни ҳисоблайман. Иккинчи даврада яхши ўзгаришлар қилдик. “Андижон” ҳам кучли жамоа. Уларда ҳам тажрибали, бўйдор футболчилар бор. Кўпроқ стандартлардан фойдаланишяпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!