Каннаваро Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядан мағлубиятидан сўнг баёнот берди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро сафарда ўтказилган Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувидаги мағлубиятдан сўнг ўйин ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Учрашув Жанубий Корея терма жамоаси фойдасига 2:0 ҳисобида якунланди. Беллашувдан кейин италиялик мутахассис матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз шогирдлари ўйинини баҳолади.

- Жуда яхши ўйин бўлди. Албатта, натижадан қониқмадик, лекин ўйин сифати нуқтаи назаридан жамоамиз муносиб ҳаракат қилди. Футболчилар олдига Корея терма жамоасига имкони борича кўпроқ муаммо яратиш вазифасини қўйгандик. Иккала таймда ҳам бир қатор хавфли вазиятлар яратдик. Кучли рақибларга қарши ўйинларда ҳатто кичик деталлар ҳам якуний натижани ҳал қилиб қўйиши мумкин, — деди Каннаваро.

Ўзбекистон бош мураббийидан Жанубий Корея терма жамоаси ўйинининг қайси жиҳатларини ўз жамоаси ўйинида қўллашга интилгани ҳақида ҳам сўралди.

- Энг аввало, футболчилардан майдонга ишонч билан тушишни талаб қилдим. Биламизки, бундай даражадаги ўйинни Республика Кореяда ўтказиш осон эмас. 

Ғалаба билан уйга қайтиш учун ўйиннинг барча таркибий қисмлари юқори савияда бўлиши керак эди. Бу, аввало, юқори суръат, доимий ҳаракат ва тўпни назорат қилишни англатади.

Амалда шу сифатларнинг айримларини кўрсата олдик. Ўйин давомида бир неча голли вазиятлар яратдик. Агар Корея дарвозаси томон йўлланган аниқ зарбалар сонини инобатга олсак, менинг фикримча, улар фақат икки марта ҳақиқатан хавфли вазият ярата олишди. 

Биз яратган эпизодларда эса рақиб дарвозабони бир неча бор жуда муҳим қутқарувларни амалга оширди. Айнан шу омил биз яратган имкониятларни голга айлантира олмаганимиз сабабларидан бири бўлди.

Шу билан бирга, бу — футбол. Кейинги босқичда жамоамизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш йўлларини излашда давом этамиз, — дея қўшимча қилди италиялик мутахассис.

Каннаваро шунингдек, жаҳон чемпионатидан кейин Ўзбекистон терма жамоасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ёш футболчилар билан ишлаш ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Жамоага тайинланганимдан сўнг жаҳон чемпионати якунлангунча таркибда кескин ўзгаришлар қилмасликка қарор қилган эдик. Ўша даврда туб ислоҳотлар ўтказишдан кўра, аввалги бош мураббий бошлаб берган ишни давом эттириш мақсадга мувофиқ деб билдик. Чунки айнан шу жамоа жаҳон чемпионатига йўлланма олишдек муҳим натижага эришган эди.

Жаҳон чемпионатидан кейин жамоада муайян ўзгаришларни бошладик. Хусусан, ёш футболчиларга кўпроқ имконият бериш йўлини танладик. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ёшлар футболи ривожига катта эътибор қаратмоқда ва бу йўналишга салмоқли маблағлар йўналтирилмоқда. Инфратузилма ва зарур шароитлар яратилганини инобатга олган ҳолда, жамоадаги ўзгаришларни босқичма-босқич амалга оширишни тўғри деб ҳисобладик.

Ҳозир бу жараён изчил давом этяпти. Бугунги ўйин ҳам ёш футболчиларимиз учун Республика Корея каби кучли рақибга қарши майдонга тушиб, қимматли тажриба тўплаш имконини берди.

Охир-оқибат энг муҳим омил — футболчиларнинг руҳий тайёргарлиги ва юқори даражада ўйнашга қаратилган ягона футбол фалсафасидир. Агар шу йўналишда изчил ҳаракат қилсак, қўйилган мақсадларга ета олишимизга ишонаман, — деди Каннаваро.

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси сентябрь–октябрь ойларидаги халқаро ўртоқлик ўйинларини мағлубият билан якунлади. Аввалроқ жамоа Эронни 3:1, Сурияни эса 4:1 ҳисобида мағлуб этган эди.

"Навбаҳор"да ишлаган машҳур мураббий "Манчестер Сити" йўқ қилинишига қарши чиқди

ФИФА мундиалда Ўзбекистонга қарши ўйнаган терма жамоага ён босгани ошкор бўлди

Кореяга ютқазган Ўзбекистонга ФИФАдан сюрприз

Ҳусанов, Шомуродов ва Файзуллаевнинг Жанубий Кореяга қарши ўйини қандай баҳоланди?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!