
Қозоғистон Ўзбекистон терма жамоаси билан қачон ўйнаши маълум бўлди
2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқишга яқин турган Ўзбекистон миллий терма жамоаси кузда ён қўшни – Қозоғистон миллий терма жамоаси билан навбатдаги ўртоқлик учрашувни ўтказиши мумкин.
Қозоғистон футбол федерацияси президенти маслаҳатчиси Нурсултон Курман бўлажак ўртоқлик учрашувига оид сўнгги маълумотларни тақдим этди.
- Биз бу йилни Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўтказиладиган учрашув билан якунлаймиз. Ўйин куз фаслининг охирида ташкил этилади.
Ўзаро келишувимиз бор. Биз ўйинни Туркистонда ташкил қилишни режалаштирганмиз. Лекин учрашув Чимкент марказий стадионида ўтиши ҳам мумкин. Бу ерда чим яши ҳолатда, энди электрон табло ҳам ўрнатилди.
Ўтган гал бу икки терма жамоа Чимкентдаги ўйинда арахзлашиб қолганди. Энди улар ўша жойда яна ярашиб олади, - деди Нурсултон Кулман.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалар ўзаро етти маротаба куч синашган. 1992 йилги илк учрашувда қозоғистонликлар ўз майдонида ягона ғалабасини нишонлаган. Кейинчалик ўзбекистонлик футболчилар учта ғалаба ва учта дуранг қайд этди.
2007 йили Чимкентдаги ўртоқлик учрашуви доирасида ўртада кичик келишмовчилик келиб чиққан. Шундан кейин икки терма жамоа ўртасидаги муносабатларда узоқ муддатли узилиш кузатилди.
Ниҳоят, 2022 йилга келиб, ўзаро алоқалар тикланди ва Қозоғистон миллий терма жамоаси Тошкентга таклиф қилинди. Бу ўртоқлик учрашувида Ҳожимат Эркинов ва Элдор Шомуродовнинг голлари терма жамоамизга 2:0 ҳисобида ғалаба келтирди.
Фикрлар