
Андижонда ўйин 100 дақиқадан ортиқ давом этди ёхуд "Бобур арена"да аламли мағлубият
Футбол шундай ўйинки, у сизни бир зумда қувончга ёки бунинг акси ўлароқ қувончсизликка солиб қўйиши мумкин.
Суперлиганинг 6-туридан ўрин олган “Андижон” ва “Динамо” ўртасидаги ўйини анча вақтгача ёдда қоладиган бўлди. Футбол 90 дақиқа давом этади, қўшимча вақтлари билан эса баъзида бу рақам 94 ёки 95 бўлиши мумкин, “Бобур арена”да эса футбол 100 дақиқадан ортиқ давом этди. Бундай юз бериши албатта ВАР билан боғлиқ эди. Чунки кўп тўхталишлар ўйин ритмига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Мухлисларнинг ҳам эътирозларига сабаб бўлди. Жуда асабий, оғир ўтган учрашув сифатида ҳали кўп эсланади.
Баҳсда учта гол киритилди ва барчаси танаффусдан кейин содир бўлди. Аввалига 66-дақиқа ўтиб бораётганида “Динамо” футболчиси Улуғбек Абдуллаев ҳисобни очди. 81-дақиқада бурчакдан узатилган тўпдан кейин Лука Ускокович мувозанатни тиклаганди. 90+13-дақиқада эса “Динамо” ғалаба голини уриб кетди. Тасаввур қиляпcизми, 90+13-дақиқада! Ҳакам эса тўхталишлар учун 9 дақиқа қўшганди. Уни орасида ВАРга вақт сарфлади. Бу учрашувда ВАР асосий ўринга чиқди. Чунки асосий воқеалар айнан ВАР билан боғлиқ бўлди.
Биринчи бўлимда “Андижон”нинг хавфли ҳужумларидан бирида Дониёр Абдуманнопов рақиб жарима майдони ичига кириб бораётганида ҳимоячи билан контакт юзага келди ва Абдуманнопов йиқилди. Ушбу вазият анча баҳсли ҳолатга ўхшади. Лекин ҳакам пенальти белгиламади ва ўйинни давом эттирди.
Иккинчи таймдаги шиддат кучли эди. “Динамо”нинг голидан сўнг “Андижон” ўйинга янада қўшди ва кучли штурмлар уюштиришга киришди. Керакли ўзгаришлар ҳам амалга оширилди. Бундай жиддий ҳужумларнинг бири албатта гол билан якунланди. Вақт охирлар бораётганига қарамай, “Бургутлар” иккинчи голни киритиш пайида эдилар ва буни амалга ҳам оширдилар. Лекин Миомир Журичковичнинг голи ВАР хулосасига кўра офсайд деб топилди. Айнан ушбу ҳолатда аниқ қарор чиқариш учун ҳам ВАР билан мулоқотга анча вақт кетиб қолди.
Яна бир ҳужумда Мирзад Механович жарима майдони ичида рақиб билан тўп учун курашда йиқилди ва бош ҳакам 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Бироқ яна ВАР билан мулоқот анча вақтга чўзилди, натижада пенальти “отмен” бўлди. 90+13-дақиқада “Динамо” иккинчи голни ургач ҳам ҳакам ва ВАР мулоқоти анчагача чўзилиб кетди. Якунда эса гол инобатга олинди. Табиийки, мухлисларга ҳакамнинг бир қанча қарорлари ёқмади ва эътирозларига сабаб бўлди. Балки ҳакамлар қўмитаси юз берган ҳолатларни кўриб чиқар!
“Андижон” – “Динамо” – 1:2 (0:0).
20 апрель. Андижон. “Бобур арена” стадиони. 14007 томошабин.
Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Амир Галеев, Даниил Ятценко.
Захира ҳаками: Умиджон Раҳимжонов
ВАР: Иброҳим Исмоилов
АВАР: Максим Нехочин
Назоратчи: Александр Попов
Комиссар: Шерзод Ражабов
“Андижон”: Элдор Адҳамов, Миомир Журичкович, Лука Ускокович, Абдулвоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов (Олег Зотеев, 78), Искандар Шойқулов, Илҳом Абдуғаниев (Мирзад Механович, 73), Дамир Темиров (Алтин Крезиу, 64), Дониёр Абдуманнопов (Усмонали Исмоналиев, 64), Бектемир Абдуманнонов, Рустам Турдимуродов (Ислам Машуков, 78).
“Динамо”: Равшан Ягудин, Жаҳонгир Ўрозов, Олександ Кучеренко, Салим Мустафоев, Улуғбек Абдуллаев (Санжар Қодирқулов, 74), Феррейра, Фридай (Фирдавс Абдураҳмонов, 64), Ойбек Ўрмонжонов, Марко Станоевич (Майкон, 64), Анвар Ҳожимирзаев (Хислат Ҳалилов, 89), Миржаҳон Мираҳмадов.
Голлар: Улуғбек Абдуллаев, 66 – 0:1. Лука Ускокович, 81 – 1:1. Фирдавс Абдураҳмонов, 90+13 – 1:2.
Огоҳлантиришлар: Дамир Темиров, 19 – Улуғбек Абдуллаев, 28. Феррейра, 68.
Фикрлар