
"Бавария" ҳимоячиси маошини оширишни талаб қилмоқда
Франция терма жамоаси ва "Бавария" ҳимоячиси Дайо Упамекано клуб билан янги шартнома бўйича музокаралар олиб бормоқда ва бу жараёнда футболчи маошини оширишни сўрамоқда. Бу ҳақда "L’Équipe" нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, май ойи ўрталарида икки томон Упамеканонинг шартномасини 2030 йилгача узайтириш масаласини муҳокама қилган. Аммо ҳозирда футболчининг амалдаги шартномаси якунланишига бир йил қолган ва келишув ҳали ҳам тузилмаган.
Манбага кўра, Упамекано ўзининг янги шартномаси бўйича маош талабларини оширган ва бу суммалар ҳозирда унинг позициясида тўп сураётган энг яхши футболчилар даражасидаги маошларга яқин.
"Бавария" футболчининг талабларига жиддий ёндошаётган бўлса-да, мюнхенликларнинг ҳозирча таклиф қилаётган шартлари Упамекано учун қониқарли эмас.
Шу билан бирга, ҳимоячи ўзини жамоада яхши ҳис қилмоқда ва клубда қолишни истайди, аммо паст шартларда шартнома узайтиришга тайёр эмас.
"L’Équipe"нинг таъкидлашича, музокаралар яна бир неча ҳафта ёки ойга чўзилиши мумкин. Хусусан, бу ҳолат аввалроқ Альфонсо Дэвис билан музокаралар давомида ҳам кузатилган.
Фикрлар