
"Торино" Итурбенинг трансферини расман эълон қилди
Римнинг "Рома" клуби ярим ҳимоячиси Хуан Итурбе фаолиятини "Торино" жамоасида давом эттирадиган бўлди. Бу ҳақда Турин клуби матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Айтиш керакки хавбек тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтганидан сўнг "Торино" у билан ярим йиллик (кейинчалик сотиб олиш шарти билан) ижара шартномаси тузди.
Маълумотларга кўра ижара муддати якунлангач Итурбенинг тўлиқ трансфери "Торино"га тахминан 12-14 миллион еврога тушиши мумкин.
Аввалроқ Итурбе "Рома" бош мураббийи Лучано Спаллеттининг ишончини оқламагани сабаб жамоа уни қўйиб юборишга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, 23 ёшли парагвайлик футболчи бу мавсум А Серияда бор йўғи 37 дақиқа ҳаракат қилган ҳолос.
Аввалроқ эса "Рома" ёзги трансферлар учун 40 миллион евро тайёрлаб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.
Comments