
Шомуродов Туркия Суперлигаси тўпурари бўла оладими?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасидаги ўйинлари билан янги жамоаси – “Истанбул Башакшеҳир”га тўлиқ мослашиб олганини намойиш қила бошлади.
Истанбулликлар 30 ёшли ҳужумчимизни “Рома”дан кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан бир мавсумга ижарага олган эди. Тажрибали форварднинг ижараси турк клубига 3 миллион еврога тушди. Жорий мавсум якунланганидан кейин турклар яна 2,7 миллион евро тўлаб, Шомуродовни тўлиқ ўз сафига қўшиб олиши мумкин.
Элдорга Суперлигага тўлиқ киришиб кетиш учун чемпионатнинг иккита ўйини кифоя қилди. “Кайсериспор” ва “Эюпспор”га қарши ўтказилган баҳслар легионеримиз учун янги чемпионат билан танишув вазифасини ўтаб берди.
Шомуродов Туркия юқори дивизионидаги учинчи учрашувида машҳур клуб “Бешиктош” дарвозасини ишғол қилиб, голлари ҳисобини очди. Кейин “Аланьяспор” ва “Коньяспор”га биттадан гол урди. Охирги тўртта ўйинда ҳамюртимиз учта гол ва битта ассист қайд этди.
Бу кўрсаткичлар Элдорни лига тўпурарлари курашига қўшди. Қизиғи шундаки, Суперлига тўпурарлари пойгасида асосан ўз вақтида Европанинг “топ-лига”ларида порлаган юлдузлар ўзаро рақобатлашмоқда.
Унда ҳозиргача бештадан тўп киритган “Трабзонспор” ҳужумчиси Пол Онуачи ва “Галатасарой” юлдузи Мауро Икарди етакчилик қилмоқда. Нигериялик ўйинчи илгари Англия Премьер-лигасида “Саутгемптон” шарафини ҳимоя қилган. Аргентиналик Икарди эса, “Сампдория”, “Интер”, “Пари Сен-Жерман”да порлаган.
Тўрттадан гол урган “Бешиктош” вакили Рафа Силва бунгача “Бенфика”да тўпурарлик маҳоратини намойиш қилиб келган. “Фенербаҳче” ҳужумчиси Юссеф Эн-Несири “Малага”, “Леганес” ва “Севилья”даги ўйинлари билан ном қозонган.
“Рома”дан келган Элдор Шомуродов каби учтадан гол урган ўйинчилар орасида ҳам топ-лигаларда тажриба тўплаган бир неча юлдузлар бор. Хусусан, “Кожаэлиспор”дан Бруно Петкович Италияда “Катания”, “Верона”, “Болонья”да маҳорат кўрсатган бўлса, “Карагюмрюк”дан Давид Фофана “Челси”, “Унион Берлин”, “Бёрнли” клублари шарафини ҳимоя қилган.
Бундан ташқари, мавсум давомида Суперлига “Олтин бутса”си учун курашга Элдор Шомуродов билан “Рома” бирга ўйнаган “Челси” тарбияланувчиси Тэмми Абрахам, Германия, Франция ва Италия чемпионатларида маҳорат кўрсатган Виктор Осимхен, “Бенфика”да порлаган бразилиялик Талиска, “Манчестер Сити” ва “Бавария”да кўплаб голларни урган Лерой Сане, Италия, Англия, Франция, АҚШ чемпионатларида тўп тепган Женгиз Ундер, “Бенфика”, “Барселона” ва “Вулверхэмптон”да ўзини кўрсатган Нелсон Семеду, “Реал Мадрид” ва ПСЖда қатор нуфузли совринларни қўлга киритган Марко Асенсио ҳам қўшилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, “Истанбул Башакшеҳир” футболчилари Туркия чемпионатидаги навбатдаги учрашувини 5 октябрь куни сафарда “Гёзтепе” жамоасига қарши ўтказади.
Comments