21 ёшли футболчи ҳалок бўлди
Англиянинг “Маклсфилд Таун” жамоаси ҳужумчиси Итан Маклеод 21 ёшида автомобиль ҳалокатида олган жароҳатлари оқибатида вафот этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Футболчи сешанба куни “Бедфорд Таун”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин уйига қайтиб кетаётган пайтда йўл-транспорт ҳодисасига учраган.
- Итан асосий жамоамизнинг жуда иқтидорли ва ҳурматга сазовор футболчиси эди, унинг бутун умри олдинда эди. У мулоқот қилган ҳар бир инсонда илиқ таассурот қолдирарди.
Итан ўз ишига тўлиқ берилган ҳолда ҳам майдонда, ҳам ундан ташқарида бизни янада яхшироқ бўлишга ундарди. Унинг профессионаллиги ва меҳнатсеварлиги барчани илҳомлантирар, ҳаётсеварлиги эса ҳатто энг қоронғи кунларда ҳам юзларимизга табассум улашарди.
Итан келажакда бизни нима кутиб турганидан қатъи назар, қалбимизда ва хотирамизда абадий қолади. Барчамизни мафтун этган унинг бетакрор табассумлари ҳеч қачон унутилмайди. Ушбу оғир дамларда Итаннинг оила аъзолари ва дўстларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ҳамда ёрдамга муҳтож бўлган барчага қўлимиздан келганча кўмак кўрсатишга тайёр эканимизни таъкидлаймиз,- дейилади клуб баёнотида.



Фикрлар