Ана холос! Осиё ўйинлари ғолиби Диёрбек Ўрозбоев IJF рейтингида кучли 100 ликка киритилмади
Халқаро дзюдо федерация бугун дзюдочиларнинг сентябрь ойи учун умумий рейтингини эълон қилди. Ушбу рейтинг натижаларига кўра, полвонларимиздан -60 кг вазн тоифасидаги Шарофиддин Лутфиллаев ва -73 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ғиёсжон Бобоевлар кучли 100 ликдан ўрин эгаллашди.
Хусусан, Шарофиддин Лутфиллаев умумий рейтингда 48-ўринни банд этиб турган бўлса, Ғиёсжон Бобоев 80-ўринда қайд этилган. Шунингдек, Осиё ўйинларида -60 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган Диёрбек Ўрозбоев 144-ўриндан жой олган бўлса, ўша мусобақада -66 кг вазн тоифасида бронза медали учун курашда қирғизистонлик Артур Тегага имкониятни бой бериб қўйган Шаҳрам Аҳадов 160-ўринда қайд этилган. Бундан ташқари, +100 кг вазн тоифасида Осиё ўйинларининг бронза медали соҳиби Бекмурод Олтибоев сентябрь ойи рейтингида 188-ўриндан жой эгаллаган.
Аёллар рейтингида эса ҳамюртларимиздан ҳеч ким кучли 100 ликдан ўрин олмаган. Ушбу йўналишдаги терма жамоа етакчиси Гулноза Матниёзова 121-ўринда қайд этилган.
Фикрлар