Андижонда "Ҳоким кубоги" мусобақасининг ғолиби 200 млн сўмлик чек билан тақдирланди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Андижон футбоол ассоциацияси билан ҳамкорликда футболни янада оммавийлаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, асосийси - қишлоқ ёшлари ичидан энг иқтидорли спортчиларни танлаб олиш мақсадида вилоятда мавжуд 878та маҳалла жамоалари ўртасида “Ҳоким Кубоги” мусобақаси ташкил қилинди.
Мусобақанинг маҳаллалардаги ҳар бир ўйини оммавий сайл даражасида ўтгани эътирофга молик.
Мусобақада 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳалла ёшларидан тузилган жамоалар иштирок этишди. Жамоалар биринчи босқични ўз секторларида ўтказиб, ғолиблар иккинчи босқич - туман биринчилигида куч синашдилар. Ўз туманида ғолиб бўлган жамоалар вилоят босқичига йўл олди.
1 август куни бошланган турнирнинг финал ўйини Мустақиллик байрами кунлари "Баркамол авлод" стадионида ўтказилди. Унда Андижон туманининг "Жаҳонобод" МФЙ ёшларидан тузилган жамоа, Андижон шаҳар "Бунёдкор" маҳалласи жамоасига қарши майдонга чиқди.
Баҳс футбол мухлисларида катта қизиқиш уйғотиб, стадионга кўплаб томошабинлар ташриф буюрдилар. Асосий соврин учун ўтган учрашувда Андижон шаҳрининг "Бунёдкор" жамоаси рақиблари устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Тантанали тақдирлаш маросимида совриндор жамоаларга вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қимматбаҳо совғалар, спорт велосипедлари, телевизорлар, спорт анжомлари жамланмаларини совға қилган бўлса, ғолиб "Бунёдкор" маҳалласига замонавий мини-стадион қуриш учун 200 миллион сўмлик рамзий чекни топширди.
Мазкур мусобақа ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб борилиши режалаштирилган.
Фикрлар