Баҳодир Насимов: Европа лигасида ўзимни кўрсатмоқчиман
“Бухоро” клуби сафида тўп сурган Баҳодир Насимовнинг фаолиятида навбатдаги ўзгариш содир бўлди. Иқтидорли ҳужумчига Озарбайжоннинг “Кешла” клубидан жиддий таклиф келиб тушди. Натижада томонларнинг музокараларидан кейин Насимов Озарбайжонга кетадиган бўлди. Озарбайжон чемпионатида бунгача “Интер” номи билан қатнашган “Кешла” бу янги номи саналади. Шуни алоҳида айтиш керакки, Озарбайжонда Баҳодир Насимовни яхши билишади. Илгари Бокунинг “Нефтчи” жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилган ҳолда ўзининг тўпурарлик салоҳиятини кўрсата олгани ҳамон ёдимизда ва буни озарбайжонликлар ҳам яхши билишади. Ўтган йили Жанубий Корея чемпионатида ўйнаб бу йилдан яна ўзимизнинг чемпионатга қайтиб “Бухоро” жамоасига ёрдам бериб келаётганди. Албатта, унинг кетиши бухороликлар учун ҳам йўқотиш бўлди десак янглишмаймиз. Лекин Баҳодир Насимов доим четдан яхши таклиф бўлса, буни кўриб чиқишга тайёрлиги ҳақида айтиб келаётганди. Фурсатдан фойдаланган ҳолда SPORTS.uz муҳбири футболчи билан боғланди ва мавзу ҳақида суҳбатлашди.
- Озарбайжон клубига йўл олишингиз олдиндан режалаштирилганмиди ёки тўсатдан юз бердими?
- Албатта, Озарбайжонга кетаман деб аввалдан режалаштиргандим деб айта олмайман. Шунчаки, у ердан менга таклиф бўлиб қолди. Ҳаммаси кутилмаганда юз берди десам ҳам бўлади. Олдин “Интер” номи билан чемпионатда қатнашган ва ҳозирда “Кешла” номи остида фаолият кўрсатиб келаётган жамоа жиддий қизиқди. Менга қўнғироқ қилишиб, яна Озарбайжонда тўп суришга иштиёқим борлиги билан қизиқишди, шунингдек, “Бухоро” билан тузган шартномам ҳақида ҳам сўрашди. Хуллас, икки томонлама ҳаммасини гаплашиб олганимиздан кейин уларнинг таклифига рози бўлдим.
- Лекин “Бухоро” бош мураббийи Улуғбек Бақоев сизни осонликча қўйиб юбормаган бўлса керак?
- “Бухоро” билан шартнома имзолаётган пайтимда агар менга хориж клубидан таклиф келиб тушса, қўйиб юборишга рози бўлиши ҳақидаги бандни киритиб қўйгандик. Албатта, мавжуд вазият ҳақида Улуғбек акага тушунтиришимга тўғри келди. Озарбайжонликлар менга жиддий қизиқиб қолишганди, бундай пайтда уларнинг таклифига беэътибор бўла олмас экансиз. Боз устига улар Европа лигасида ҳам иштирок этишади. Бақоев билан суҳбатда ҳаммасини икир-чикиригача айтиб, Озарбайжонга кетсам майлими деб сўрадим. Мени ҳам тўғри тушуниб, майли кетавер деди. Лекин рости, ўша клубдан таклиф келиб тушганида ҳам “Бухоро”да қоламан деб ўйлагандим. Аммо уларнинг Европа лигасида иштирок этиши мени ўзига жалб қилди. Барибир бу мусобақанинг савияси бошқача. Легионер сифатида яна бир бор у ерда ўзимни кўрсатиш истаги туғилди.
- Ярим мавсум давомида “Бухоро”да ўтказган фаолиятингиз сизга келгусидаги легионер сифатидаги ўйинларингизда қанчалик ёрдам беради деб ўйлайсиз?
- Ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Мен у ерга легионер бўлиб кетяпман. Демак, мендан нимадир кутишади. Албатта, “Бухоро”даги ўйинларимни ҳам кузатишганига шубҳа йўқ. Тан олайлик, бу йил Ўзбекистон чемпионати анча кучайди. Айниқса, 12 та жамоа қолганидан кейин интрига анча кескинлашиб кетди. “Кешла” клуби мураббийлари Ўзбекистон чемпионати ва хусусан “Бухоро”даги ўйинларимизни диққат билан ўрганиб чиқишган деб ўйлайман. Чунки Озарбайжон чемпионатида ҳам адашмасам 8 ёки 10 та жамоа қатнашади.
- Уларнинг сизга таклиф билан чиқиши бежиз эмасди. Олдин Бокунинг “Нефтчи” жамоасида фаолият олиб борган ҳолда тўпурар бўлгансиз ва турли натижаларга эришгансиз. Хуллас, легионер сифатида ўзингизни кўрсата олганингизни ҳам улар унутишмаган. Табиийки, бу сафар ҳам сиздан яна олдингидек сермаҳсулликни кутишаётгани сир эмас...
- Мен ҳам буни тўғри тушуниб турибман. Легионер бўлиб тўпурар бўлсангиз бу янада ёқимли бўлади. Шу боис Озарбайжонга тўпурарликни мақсад қилган ҳолда йўл олмоқчиман. Бу ўз навбатида жамоамга фойдам тегишини ҳам таъминлаган бўларди. Мен у ерга бекордан-бекорга бормайман. Барибир кўпроқ гол уришни хоҳлайман.
- У ерга қачон борасиз? Янги жамоангиз ҳақида маълумотларга эгамисиз?
- Ҳозир Самарқанддаман, виза масаласини ҳал қиляпмиз. Албатта, бироз кеч қоляпман, аммо тез орада янги жамоамга қўшиламан. 12 июлда Европа лигаси плей-офф доирасида Мальтанинг “Бальцан” клуби билан ўйини бор. Ушбу ўйингача жамоам сафига қўшилиб, ўйинга тайёрланишим керак. Жавоб учрашуви 19 июль куни Озарбайжонда бўлиб ўтади. Албатта, “Кешла” ҳақида оз-моз билганларим бор. Ўтган йили чемпионатда 6-ўринни эгаллашди. Аммо мамлакат Кубогини қўлга киритишган. Бу йил қандай мақсад учун курашаётганини у ерга борганимда билиб оламан.
- Шартнома масаласи нима бўлди?
- Шартнома тузиб бўлганман, 1 йилга.
- Лекин бухоролик мухлислар сизнинг кетишингизни исташмаётганди...
- Уларга омад тилайман. “Бухоро”да ажойиб ишқибозлар бор. Бундай мухлисликни кўрмагандим. Бухороликлар жуда талабчан. Боя айтдим-ку, аслида “Бухоро” клубида қолмоқчи эдим. Аммо вазият шундай бўлиб қолди-да, кетмасам бўлмайди. Насиб қилса, “Бухоро” чемпионатда кучли учликка кириши керак. Бунинг учун жамоанинг имкониятлари етарли. Мен ҳар доим уларга мухлислик қиламан ва омад ёр бўлишини истайман. Улуғбек Бақоев ва футболчиларга мавсумни аъло кайфиятда тугатишларини тилаб қоламан. Ишонаманки, жамоа ўз мухлисларини хурсанд қила олади. Албатта, ўз олдига қўйилган мақсадга эриша олса бундан-да яхши бўларди.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар