Баҳодир Насимов Озарбайжонда “йўқолиб” қолдими?

Озарбайжон чемпионатига кўчиб ўтган Баҳодир Насимовнинг у ердаги фаолияти қандай кечаётгани борасида мухлисларимизнинг қизиқаётганликлари ҳақида эшитиб турамиз. Маҳаллий “Кешла” жамоаси аъзосига айланган ҳужумчимизнинг охирги пайтларда ишлари у қадар юришмаётгандек. Бунгача “Кешла” “Интер” деб номланарди. Бунинг устига унинг жамоаси мағлубиятлар гирдобига тушиб қолгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Насимов янги жамоаси сафида кўпроқ захирада қолаётгани эса ёқимсиз ҳолат. Шунинг учун биз Баҳодир билан боғландик ва у ердаги фаолияти ҳамда аслида вазият қандай эканлиги билан яқиндан қизиқдик.

“Тўғриси, янги жамоага мослашишим қийин бўляпти”

- Бу жамоага қўшилганимга уч ой бўлди. Сизга ростини айтсам, янги жамоага мослашиш жараёни менда қийинроқ бўлди. Янги футболчилар бўлгани учун қийналганим рост. Мана, энди аста-секин улар билан бир-биримизни тушунишни бошлаяпмиз. Шунингдек, ҳозирги кунда жамоамиз қайд этаётган натижалар ҳам одамни хурсанд қилмайди. Афсуски, кўп ўйинларда ютқаздик, баъзида дуранг қайд этдик. Бир томондан қараганда ушбу салбий натижаларимиз ҳам кайфиятимизга таъсир кўрсатяпти.

“Қачонки, кўпроқ ўйнасам шунда ўйин амалиётим ортиб бораверади”

- Тўғри, Озарбайжондаги олдинги фаолиятим ажойиб чиққанди. У пайтда ҳаммаси бошқача эди. Боз устига легионерлар билан муносабатимиз жуда яхши эди. Қолаверса, хорижлик футболчилар ҳам анча савияли эди. Ҳозирги пайтда эса таркибда асосан ёшлар ўйнашяпти. Тўғриси, улар билан ҳали бир-биримизни яхши тушунмаяпмиз. Илгари билсангиз, 90 дақиқа давомида фақат футбол ўйнардим. Қачонки, ўйинчи кўпроқ ўйнаса, шунда ўйин амалиёти ошиб бораверади. Агар сиз майдонга тушмасангиз, янги жамоага мослашишингиз қийин кечаверади. Ҳозирги жамоамда эса кам ўйнаяпман. Шунинг эвазига у ерга кўникиб кетишим қийин кечмоқда.

“Негадир ютқазаверсак ҳам мураббий асосий таркибни алмаштиришни ёмон кўради”

- Бизнинг жамоамизда ямайкалик ҳужумчи бор. Негадир жамоамиз ютқазаверса ҳам бош мураббий таркибни алмаштирмайди. Ўзининг айтишича, мен асосий таркибни алмаштиришни ёмон кўраман дейди. Шунинг учун ҳар доим ўша таркиб. Кетма-кет учта ўйинда ютқазсак ҳам яна ўша таркибдан фойдаланаверади. Тўғри, мени ҳам майдонга тушириб туради, аммо асосан захирадан қўяди. 10-15 дақиқа, ошиб кетса 20 дақиқага майдонга тушириши мумкин. Ҳужумчида 90 дақиқа давомида биттагина имконият бўлиши мумкин. Ёки бўлмаса унда 2 дақиқа ичида битта имконият ҳам бўлиб қолиши мумкин. Афсуски, менда ҳали у қадар имкониятлар ҳам бўлгани йўқ. Ҳозирча 5 та ўйинда 1 та гол урдим. Бу эса ҳужумчи учун кам. Нега? Чунки ўзим кам ўйнаяпман-да. Футболчи қанча кўп ўйнаса, унда шунча имконият бўлаверади. Балки кўпроқ ўйнаганимда голларим ҳам шунга яраша бўларди деб ўйлайман. Аммо, негадир мураббий таркиб алмаштиришни ёмон кўрар экан.

“Кешла”ни танлаб афсусланганим йўқ”

- Бу менинг танловим. Шу боис ҳеч нимадан афсусланмайман. Шу кунгача қаерда ўйнаган бўлсам ҳам бирор марта афсус чекмаганман. Мен ҳеч нимага эътибор бермасдан ўз устимда ишлашда давом этавераман. Клуб билан шартномам келаси йилнинг май ойигача тузилган. Шу йилнинг декабрь ойида эса чемпионатнинг биринчи давраси тугайди. Унгача яна вазиятни кўриб чиқамиз. Аммо яна такрорлашим мумкин, бу танловим туфайли хато қилдим деб ўйламаяпман. Шунчаки, кўпроқ ишлаяпман. Ростини айтсам, жамоадаги футболчиларнинг ўзлари ҳам менга нима учун сени асосий таркибда майдонга туширмаяпти, деб кўп сўрашяпти ва ҳайрон қолишяпти. Бу эса ўзим учун ҳам тушунарсиз бўлиб қоляпти. Мураббийимиз эса сербиялик. У ерда маҳаллий журналистлар ҳам сизга ўхшаб мен ҳақимда савол беришса, уларга ҳам шу жавобни айтади ва таркибни алмаштиришни ёқтирмайман дейди. Ҳар хил мураббий бор-да!

“Мақсадимиз кучли учликка кириш, лекин...”

- Афсуски, клубдаги ишларимиз ҳам яхши эмас. Тўртта ўйинда ютқаздик ва бир бор дуранг ўйнадик. Клуб президенти кучли учликка киришни асосий мақсад қилиб қўйган. Фақат шуниси яхшики, чемпионатда жамоалар ўртасидаги очколар фарқи у қадар катта эмас. Агар битта ўйинда ютиб олсак, юқори ўринлардан бирига чиқиб олишимиз мумкин.

“У ердаги дўстларим билан олдинги хотираларни эслаб турамиз”

- Тўғри, Озарбайжонда менинг дўстларим кўп. Улар билан баъзида кўришиб турамиз ва олдинги йилларни эслаб турамиз. Энди менинг “Нефтчи”даги фаолиятим тарихга айланган. Лекин дўстларим билан ўша тарихни эслашиб, гаплашиб куламиз ва бу биз учун ёқимли туюлади. Чунки у ерда кўплаб воқеалар бўлган.

“Куперга ўзимни кўрсатиш учун жонимни беришга тайёрман”

- Эктор Купер терма жамоага номзод бўлган барча ўйинчиларни чақириб, яна бошқатдан имконият ҳавола этяпти. Лекин мураббий мени кузатяптими-йўқми, бундан бехабарман. Агарда мени ҳам термага чақирадиган бўлса, Куперга ўзимни кўрсатиш учун жонимни беришга тайёрман.

“Афсуски, Озарбайжон чемпионати олдингидек кучли эмас”

- Озарбайжон чемпионатида илгари яхши легионерлар кўп эди. Балки шунинг учун бўлса керак, чемпионат савияси ҳам кучлироқ эди. Шунга яраша чемпионлик учун 5-6 та жамоа кураш олиб борарди. Ҳозир эса фақат биргина “Карабах” чемпион бўлиб келмоқда. Охирги беш йилда ушбу клуб 1-ўринни эгаллаб келяпти. Тўғриси, Озарбайжон чемпионати олдингидек эмас.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!