Болалар ва ўсмирлар футбол академиялари директорлари ва шифокорлари учун ўқув-семинарлари ташкил этилади
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академиялари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, академиялар тарбияланувчиларидан маҳоратли футболчилар етишиб чиқишини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 30-31 январь ҳамда 1 февраль кунлари Сирдарё вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиясида ҳудудий футбол академия директорлари, спорт ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳамда спорт шифокорлари учун ўқув-семинари ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.
Мазкур ўқув-семинарининг биринчи кунида 2018 йил IV-чорак якуни бўйича ҳисоботлар, 2019 йилдаги ўтказиладиган мусобақалар, янги йил учун иш тақсимотлари, юзага чиқаётган муаммоларни бартараф этиш, футболчиларни тайёрлаш дастури ҳамда машғулот жараёнларини мониторинг қилиш масалалари муҳокама қилинади.
Ўқув-семинарининг икинчи кунида ҳудудий футбол академияларининг спорт шифокорлари учун “Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази”дан спортчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва доимий назорат қилиш бўйича малакали мутахассис томонидан маъруза ўқиб эшиттирилади.
Мазкур ўқув-семинарнинг учинчи кунида ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академияларининг спорт шифокорлари эгаллаган билимлари асосида, амалиётда тадбиқ этиб, футбол академия тарбияланувчиларини тиббий кўрикдан ўтказишади.
Фикрлар