“Real” Husanovga bo‘lgan munosabatni qanday o‘zgartirdi?

  • 22.03.2026 16:40
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Futbol

Англия футболи экспертлари ҳали ҳам “Манчестер Сити” ва “Реал” ўртасидаги учрашувини таҳлил қилиб, турли хулосаларини эълон қилмоқда.

Sports.uz портали нуфузли манба - cityxtra.co.uk сайтида ушбу ўйинга доир Абдуқодир Ҳусанов ҳақидаги таҳлилий мақолани ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

- “Манчестер Сити” кетма-кет учинчи марта “Реал Мадрид”га ютқазиб, УЕФА Чемпионлар лигасидан чиқиб кетган бўлса-да, “Этиҳад” стадионидаги охирги ўйинда бир қатор ижобий жиҳатларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Райан Шерки ва Жереми Доку каби футболчилар ҳужумда таъсирли ўйин намойиш этган бўлса-да, баъзи пайтларда “Реал” ҳужумга ўтган вазиятларда Федерико Вальверде, Килиан Мбаппе, Винисиус Жуниор ва бошқа топ-футболчиларнинг босимига қарши тура оладиган ягона инсон Абдуқодир Ҳусанов бўлиб кўринди.

Ўзбек футболчиси “Манчестер Сити”га қўшилганига бир йилдан сал кўпроқ вақт бўлди ва у 2024–2025 йилда кузатилган инқирозли мавсумни қутқариш учун олиб келинган футболчилардан бири эди.

Бироқ Англиянинг шимоли-ғарбида ўтказган қисқа вақт ичида Абдуқодир аллақачон жуда кўп нарсани бошидан кечирди.

Ҳусанов атиги икки йил профессионал футболчи бўлган ва 2023 йил ёзида Франциянинг “Ланс” клубига ўтишидан олдин Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида ўйнаган.

Дастлаб, у асосий таркибдан жой олишда қийналди, аммо 2024 йилда Ҳусанов “Ланс”нинг асосий ўйинчисига айланди.

Марказий ҳимоячининг ажойиб жисмоний сифатлари — жумладан, тикланиш тезлиги ва яширин кучлилиги, шунингдек унинг агрессив ўйини — Европа бўйлаб кўплаб клубларнинг эътиборини тортди ва “Ланс”да атиги 31 та ўйин ўтказгандан сўнг, 2025 йил январда “Манчестер Сити” уни сотиб олди.

Премьер-лигадаги фаолиятининг бошланиши жуда оғир кечди, чунки у дебют ўйини бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб хатога йўл қўйиб, “Челси”га гол уриш имконини берди. Ўша лаҳза ҳали ҳам Ҳусановни таъқиб қилиб келмоқда: нейтрал мухлислар, шарҳловчилар ва экспертлар унинг ҳаракатларини айнан шу дебютдаги хатоси орқали баҳолашга мойил.

Бироқ “Манчестер Сити”ни доимий кузатиб борадиганлар тасдиқлайдики, бу ҳолат унинг клубдаги муваффақиятли фаолияти давомида истиснога лойиқ ҳолат эди.. Чунки 2025 йил февраль ойида у “Этиҳад”да ойнинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди. Бу муваффақиятини бир йил ўтиб, 2026 йилнинг январида яна такрорлади.

Жамоадошларининг жароҳатлари ва спорт формасининг пасайиши сабабли, мавсумнинг биринчи ярмида Ҳусанов учун ўнг қанот ҳимоячиси сифатида қисқа вақт ўйнагани энг яхши давр бўлди.

Бироқ асосий марказий ҳимоячилар — Рубен Диаш ва Йошко Гвардиол жароҳат олганида, уларнинг ўрнини эгаллаган Ҳусанов ўзининг ҳақиқий салоҳиятини намоён қилди. Айниқса, бу  “Челси”га қарши уй ўйинида яққол намоён бўлди.

Абдуқодир жамоага ижарадан қайтарилган академия тарбияланувчиси Макс Аллейн бўладими ёки январда жамоага қўшилган Марк Гехи билан бирга ўйнайдими, йил бошидан бери деярли хатосиз ҳаракат қилди ва Пеп Гвардиоланинг тўлиқ ишончини қозонди.

“Реал”га қарши уй ўйини Ҳусановнинг “Этиҳад”да ўтказган 14 ой давомида қанчалик ўсганини яққол кўрсатди.

Юқорида айтилган жисмоний устунлик унинг асосий қуроли бўлиб қолмоқда ва айнан шу жиҳати орқали у бир неча бор дунёнинг энг хавфли ўйинчиларидан бири — Винисиус Жуниорни тўхтатди, фақат майдон марказида берилган баҳсли сариқ карточкани ҳисобга олмаганда, умуман бехато ўйнади.

Бундан ташқари, у ортга яшиндек қайтиб, ўз вақтида аниқ подкат билан Браим Диаснинг гол уриш имконини йўққа чиқарди.

Ҳусанов “Реал”га қарши ўйинда 59 та узатманинг 58 тасини аниқ бажарди, бу унинг Гвардиола услубига қанчалик тез мослашаётганини кўрсатади ва унинг ривожланиш босқичида эканини ҳисобга олсак, бу табиий ҳолдир.

Унинг мулоқот қобилиятининг доимий яхшиланиши, хатолардан кейин тез тикланиши ва унинг машҳур “комбинацион” подкатлари, рақибларни хавотирга соладиган ҳаракатлари — “Этиҳад”даги мухлисларнинг доимий олқишига сабаб бўлмоқда.

Шунинг учун ҳам Ҳусанов қисқа вақт ичида “Сити” фанатлари орасида худди ўз ватанидаги мухлислари каби севимли ўйинчига айланди.

Бундан ташқари, “Реал”га қарши ўйин Ҳусанов учун ҳақиқий триумф сифатида Рубен Диаш, Марк Гехи ва Йошко Гвардиол каби рақобатчилари бўлишига қарамай, Абдуқодирнинг ҳозир ҳам, келажакда ҳам асосий таркибда бўлиши кераклигини яна бир карра исботлади, - деб ёзмоқда cityxtra.co.uk сайти эксперти Хэмиш МакРэй.

Ҳусанов Роналдуга қарши!

Жойи ўзгарган Ҳусановнинг ўйинини экспертлар қандай баҳолади?

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!