Даврон Файзиев ўз футболчиларини нега жаримага тортди? Ёхуд “Динамо” – “Хоразм” ўйинида нималар бўлди?

Самарқанднинг “Динамо” клуби охирги пайтларда ўзига келиб олди дейишимиз мумкин. Боиси, Даврон Файзиев бошчилилик қилаётган жамоа кетма-кет ғалабаларни қўлга киритишни бошлади. Лекин биринчи даврада кўплаб очколарнинг йўқотилиши натижасида самарқандликлар ҳали кучли учликка кўтарила олишгани йўқ. Аммо шу кетишда бўлсалар, улар албатта юқори ўринларга даъвогарлик қила олишади. Аслида ҳам “Динамо”нинг минимал мақсади кучли учликдан жой олиш, максимал вазифа эса – бу Суперлига! Лекин шуни ҳам айтиш керакки, “Динамо” учун про-лигада ҳар бир беллашув оғир ўтмоқда. Масалан, 23-турда ўз уйида “Хоразм”ни қабул қилган Файзиев жамоаси катта қийинчилик билан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бизнинг эътиборимизни тортган жиҳат шу бўлдики, ўша ўйинга ҳакам томонидан нақд 15 дақиқа вақт қўшиб берилди. Бу эса албатта турли гап-сўзларга сабаб бўлгани аниқ. Қолаверса, рақибнинг икки нафар ўйинчисига қизил карточка кўрсатилди. “Динамо” эса ўша қўшиб берилган дақиқаларда иккита гол урди. Аммо учрашувдан кейин мезбонлар устози жамоасининг бир қатор ўйинчиларини жаримага тортганлиги маълум бўлди. Албатта, бу жуда қизиқ ҳолат. Шу боис бош мураббий аввало ушбу ҳолат бўйича SPORTS.uz муҳбирига маълумот бериб ўтди.

- Ўйиндан бир кун олдинги машғулотимиздан кейин футболчилар билан ўзаро йиғилиш ўтказдим. Тўғриси, бунгача учта ўйинда ғалаба қозонганимиз учун “Хоразм”га қарши учрашувдан олдин йигитларимизда рақибни олдиндан ютиб қўйишгандек тасаввур уйғотди. Яъни, футболчиларимизда рақибни менсимаслик ҳаракатларини сезгандим. Шунинг учун уларга мураббий сифатида сизларнинг ўйинга бўлган тайёргарликларинг ёқмаяпти деб айтгандим. Ўйинда эса мен айтган ҳолат тўғри бўлиб чиқди. “Хоразм” жамоаси яхши ўйин кўрсатди. Бундан кўра яхшироқ ҳимояланишди десам тўғри бўларди. 0:1 ҳисобидаги мағлубиятни 2:1 кўринишидаги ғалабага айлантиришди ва йигитларимиз ўзларини қўлга олиб ирода кўрсатишди. Аксига олиб пенальтидан гол ура олмадик. Бу ҳам жамоамизга ўз таъсирини кўрсатди. Рости, ўша учрашувдан кейин бир қатор футболчиларимизни жаримага тортдим. Масалан, жамоамиз сардори Илҳом Юнусов берилган кўрсатмани майдонда бажармади. Негаки, 11 метрли жарима зарбасини олдиндан берилган кўрсатмага асосан Юнусов тепиши керак эди. Стандарт вазиятларини яна бошқа футболчимиз бажариши лозим эди. Айтмоқчиманки, берилган кўрсатмаларимиз ўзгариб кетди. Бунга эса ўйинчиларимизнинг ўзлари сабабчи. Шу боис айримларини жаримага тортдим. Булар – Илҳом Юнусов, Виктор Григорьев, дарвозабон Шохруҳ Эшбўтаев, айнан дарвозамиздан гол ўтказиб юборишимизда у қўпол хатога йўл қўйди. Бу тарздаги қўпол хато эса бутун жамоани “синдириб” қўйиши мумкин. Шунингдек, Павел Пуришкин билан Жуманқўзиев ҳам жаримага тортилди. Пуришкин пенальтидан гол ура олмади. Мен у билан ўйиндан кейин гаплашдим. 11 метрли жарима зарбасидан аввал у Юнусовга пенальтини ўзи тепишини ва гол уриб ўзини янада ишончлироқ ҳис қилиб олиши ҳақида айтган. У “Динамо”даги биринчи ўйинида гол урганди, аммо кейинги учрашувларда ундан омад юз ўгираётганди. Хуллас, пенальти белгиланган вазиятда иккала ўйинчи шундай келишувга эришишган. Бу ёқда эса мураббийнинг кўрсатмаси четда қолиб кетяпти. Шунинг учун бош мураббий сифатида уларни жаримага тортишга қарор қилдим. Лекин уларни қанча миқдорда жаримага тортганлигимиз ҳақида айта олмайман. Боиси, бу клубнинг ички сири ҳисобланади.

- Ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, ҳа, айрим гап-сўзлар бўлди. Аммо “Хоразм” жамоасининг мураббийи учрашув борасида ортиқча эътироз билдиргани йўқ. Чунки ҳаммаси очиқ-ойдин кўриниб турганди. Шунчаки, учрашувга 15 дақиқа вақт қўшиб берилгани одамлар орасида турли миш-мишларни келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Лекин ПФЛ ушбу беллашув борасида очиқ маълумот берди. Айтаётган бу гапларимдан сўнг кўпчилик мени ўз жамоасини ҳимоя қиляпти деб ўйлашлари мумкин. Аммо ПФЛ ҳам ўйинда бўлган барча воқеани очиқ-ойдин айтиб, вазиятга баҳо берган. Шунинг учун мен ҳам бунгача ҳеч кимга интервью бермай тургандим. Тушунаман, “Хоразм” мухлисларида ҳам 15 дақиқа вақт қўшиб берилгани учун эътирозлар бўлиши мумкин. Аммо улар ўйинни кўришгани йўқ. Агарда ўзлари учрашувни томоша қилишганида ҳаммасига иқрор бўлишарди. Чунки “Хоразм” футболчилари ўйиндан бошланганидан бошлаб вақт чўзишга киришдилар. Бу билан улар ўйин темпини туширишга ҳаракат қилишди. Аммо ўйинни бошқарадиган ҳакамлар бор. Биз мураббийлар эса ҳакамларга бирор нима дея олмаймиз. Ҳаммасини ўзлари ҳал қилишади. Ҳакамларни назорат қиладиган масъул шахслар бор. Шунинг учун ҳаммамиз уларнинг қарорини ҳурмат қиламиз. Барибир жамоамиз аъзоларида рақибни бироз менсимаслик ҳолати кузатилди. Мана шундай вазиятда кўрсатган ўйинимиз учун мухлисларимиздан узр сўрайман. Чунки ишқибозларимизни ғалабалар қозониб хурсанд қилишга ва кўпроқ голлар кўришга ўзимиз ўргатдик. Стадионга келган ҳар бир мухлис биринчи навбатда чиройли футбол ва ғалабани кўришни хоҳлашади. Буни жамоамиздан талаб қилишади. Шу боис уларни ҳам тўғри тушунаман. Йигитларга эса кўтарилаётган чўққидан пастга тушмасликни биринчи вазифа қилиб айтгандим. Чунки бундан буёғига йўқотадиган очкоимиз учун мухлисларимиз бизни кечиришмайди. Буни ҳар куни футболчиларимизга тушунтириб боришга ҳаракат қиляпман. Агар Суперлигада иштирок этишни хоҳлайдиган бўлсак, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишимиз керак.

Шунингдек, “Динамо” клуби бош мураббийи Про-лигадаги интрига, Суперлига учун курашдаги имкониятлар ҳақида ҳам гапирди. Жумладан, “А” гуруҳи етакчилари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Ҳар бир жамоада кўтарилиш ва пасайишлар бўлади. Масалан, “Андижон” жамоаси ўтган турда Термизда “Сурхон”ни йирик ҳисобда ютган бўлса, бу сафар ўз уйида “Шўртан”га ютқазиб қўйди. Балки андижонликларда ҳам худди биз каби рақибни менсимаслик ҳолати кузатилган бўлиши мумкин. Лекин “Шўртан” клубига ҳурматни сақлаган ҳолда айтишим керакки, ғузорликлар ёмон жамоа эмас. Ёзги йиғин пайтида “Шўртан” билан назорат баҳсини ўтказиб 3:2 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Ўшанда бу жамоа менда жуда яхши таассурот қолдирганди. Ёрқин Назаров билан Мурод Отажоновнинг қилаётган меҳнати самараси билиниб турганди. “Машъал” клубида эса бироз бўшашишлик сезилаётгандек. Аммо бу ҳозирча ҳеч нарсани англатмайди. “Сурхон”нинг энг яқин таъқибчиси “Машъал” бўлиб турибди. Бироқ муборакликлар ҳам ўз уйида очко йўқотишяпти. Бу турда “Истиқлол”га мағлуб бўлишди. Ундан олдин эса биз Фарғонада ушбу клуб билан ўйнаб қийинчилик билан ғалабага эришгандик. Аммо ўшанда “Истиқлол” менда яхши таассурот қолдирганди. Бироқ “Машъал”ни “А” гуруҳидаги энг кучли жамоа деб ҳисоблайман. У ерда бир неча йилдан бери битта мураббий ишлаб келяпти, ўйин услуби ҳам ўзгача. Аммо “Машъал”нинг муаммоси менимча ўзаро ички муҳити билан боғлиқ. Лекин олдинда ҳали ўйинлар кўп. Ҳозир ҳеч нима ҳал бўлгани йўқ. Ҳар бир жамоани сюпризлар кутиб турибди. Эндиликда биз учун ҳар бир учрашув худди олти очколик ўйин ҳисобланади. Қизиқарли турлар ҳали олдинда деб ўйлайман.
- Кўпчилик “Андижон”ни муддатидан олдин Суперлигага чиқариб қўйишган бўлса, бу қолган клублар учун имконият деганидир. Олдиндан кимнидир чиқди ёки тушиб кетди демаслик керак. Масалан, ўзим бу борада ҳеч нимани ҳисоблаётганим йўқ. Ҳали ҳаммаси олдинда.

Яқинда Самарқанд вилоятига Эркинжон Турдимов ҳоким этиб тайинланганди. Шундан кейин кўпчилик “Динамо” жамоасининг ишлари яхшиланиб кетиши ҳақида айта бошлади ва чиндан ҳам самарқандликлар ғалабалар сериясига киришиб кетди. Қолаверса, гап-сўзларга қараганда, айни пайтда бу клубда молиявий томондан ҳеч қандй муаммо йўқлиги ҳақида ҳам айтилмоқда. Биз эса бу масала бўйича ҳам Файзиевнинг ўзига мурожаат қилдик.

- Вилоятимиз ҳокими футболни жуда севади ва катта эътибор қаратади. Мураббий сифатида у кишининг Навоий ва Сурхондарё вилоятларидаги ишидан яхши хабардорман. Самарқанд вилоятига раҳбар бўлиб келганидан ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Ҳозирча ҳоким билан учрашув ташкил қила олганимиз йўқ. Лекин яқин вақтларда вилоят ҳокими билан учрашув бўлиши мумкинлигига ишоняпман. Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида меморандум имзоланган. Эсласангиз, яқинда Самарқандга Тожикистоннинг Хўжанд вилояти делегацияси келиб кетганди ва ўшанда “Динамо” билан хўжандликлар ўртасида ўртоқлик ўйини ташкил этилганди. 7 сентябрь куни эса Тожикистонда иккала вилоят раҳбарлари такрорий учрашув ўтказилади. 4 сентябрь куни Термизда “Сурхон” билан ўйнасак, 7-куни Тожикистон клуби билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушамиз. Ўйлайманки, ўша учрашув арафасида вилоятимиз ҳокими билан жамоамиз тақдири ҳақида гаплашиб оламиз деган умиддаман. Молиявий имконият ҳақида гапирадиган бўлсам, бизда у қадар катта маблағ йўқ. Лекин бизда ҳаммаси барқарор равишда. Ўз вақтида ойлик маошларимизни оляпмиз.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!