Суперлига чиптаси тикилган баҳсда "Арал"нинг кучи етмай қолди
“Мавсум-2025” ниҳоят расман якунига етди. Нукусда плей-оффнинг сўнгги ўйини -“Арал” ҳамда “Бухоро” учрашуви орқали расман жорий йилги Суперлига тугади.
2026 йилги элитада иштирок этиш имконини берувчи мазкур ўйинга қизиқиш айниқса нукусликларда катта эди. Про лига вакили ҳисобланган “Арал” мусобақада иккинчи ўрин эгаси сифатида плей-оффда қатнашиш имкониятига эга бўлганди. “Бухоро” бунгача иккита плей-оффда ютқазди ва учинчи - охирги имконияти қолганди.
Ўйиндан аввал Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев “Арал” клуби аъзолари билан учрашди ва уларга муҳим учрашувда омад тилаб, ғалаба кутаётганини маълум қилди. Дарҳақиқат, Немаътилла Қуттибоев жамоаси учун 24 йилдан сўнг Суперлигага қайтиш учун ажойиб имконият юзага келганди. Фақат бунинг учун биргина ғалаба кифоя эди.
Ўйинга қизиқиш катталигидан стадионда жой қолмади. Арена атрофида ишқибозлар ўйинни тик турган ҳолда кузатдилар. Улар “Арал” жамоасидан фақат ғалаба кутишганди. Бироқ майдон эгалари стадионга йиғилган минглаб мухлислар кутган натижани қайд эта олмадилар.
Тан олиш керакки, “Бухоро” мезбонларга нисбатан яхши ўйнади. Кўпчилик Нукусда “Арал”га қарши ўйнаш жуда қийинлигини айтишади. Лекин бу сафар Хомяков жамоаси тахминларни йўққа чиқарди. Балки босим майдон эгаларига халақит қилгандир. Ўйин давомида кўриниб турдики, “Бухоро” футболчилари баҳсни назорат қилдилар ва улар хоҳлашса яна гол уришлари мумкин эди. Ўйин тақдирини эса ягона гол ҳал қилди. “Арал” жамоаси вазиятдан чиқиб кетиш учун ҳаракат қилди ва имкониятлар яратишга уриниб кўрди. Бироқ мезбонларга дадиллик, тажовузкорлик ва албатта маҳорат етишмади. Барибир учрашувда Суперлига билан про лига жамоалари ўртасидаги даража билиниб турди.
Ўз навбатида “Бухоро” устози Александр Хомяков учун ҳам бу баҳс жуда масъулиятли эди. Чунки жамоани лигада сақлаб қолиш устивор вазифага айланганди. Мавсум ярмида “Бухоро”ни қабул қилган Александр Андреевич бошчилигида дастлабки натижалар чакки эмасди. Кубок финалида ҳам иштирок этишди. Аммо мавсум охирларига бориб натижалар яна пастлаб кетди. Оқибатда плей-оффнинг дастлабки иккитасида мағлуб бўлди ва про лигага тушиб кетишига бир баҳя қолди. Ниҳоят, охирги ўйинга келиб “Бухоро” уддалади. “Арал”нинг кўрсатган ўйини эса ғалаба учун етарли эмасди. Ёки бунга яна шундай таъриф берса бўлади: Суперлига чиптаси тикилган баҳсда "Арал"нинг кучи етмай қолди.



Фикрлар