Дилшод Нуралиев: Купер бундан ҳам кучли жамоани туза олади

Миллий терма жамоамизнинг Осиё Кубоги нимчорак финалда Австралияга пенальтилар сериясида мағлубиятга учрагани жуда аламли бўлди. Ҳозирда футболчиларимизнинг мусобақадаги иштироки ва Австралияга қарши ўйин кўпчилик томонидан таҳлил қилинмоқда, баҳс-мунозаралар қизғин авжига чиқмоқда. Биз эса мухлисларимизга яхши таниш бўлган мутахассислардан бири Дилшод Нуралиев билан терма жамоамизнинг иштироки ҳақида суҳбатлашдик.

- Терма жамоамизни Австралияга қарши ёмон ўйин кўрсатди деб айта олмайман - деб гап бошлади, Нуралиев. - Иккинчи бўлимда йигитларимиз кўпроқ гол ўтказиб юбормаслик ҳақида ўйлашди. Менимча, мураббий ҳам танаффус пайтида ҳимояга янада кўпроқ эътибор қаратишни уқтирган бўлса керак. Шунинг учун футболчилар ҳужумга кўп ҳам ўтишмади. Ўша эхтиёткорлик Австралияда ҳам сезилди, аммо улар ҳужумга кўпроқ ўтишди. Биз ҳимоявий ўйин кўрсатдик, аммо шунга яраша тезкорлик билан қарши ҳужумларга ўтишни ҳам шакллантира олишимиз лозим. Элдор Шомуродов якка ҳужумчи сифатида ўйнади. Аммо иккинчи бўлимда у ёлғизланиб қолди. Бундай пайтда қанот ярим ҳимоячилари тезкорлик билан уни тўп билан таъминлай олишлари керак эди. Менга ёққан томони шу бўлдики, йигитларимиз ҳимояда анча ишончли ўйин кўрсатишди. Қўлидан келганича хато қилмасликка ҳаракат қилишди. Бу борада мураббийнинг қилган меҳнатларини маҳсули кўринди. Ёдингизда бўлса, 2011 йилги Осиё Кубогида Австралияга қарши жамоамиз чиройли ўйин кўрсатган бўлса-да, йирик ҳисобда ютқазиб қўйгандик. Бу сафарги учрашувда Купер ҳаммасини режа бўйича бажараётганди. Қўшимча таймларда керакли ўзгаришларни қилгач, жамоамизнинг ўйини яна жонланди. Фарруҳ Сайфиев ўйинга қўшилгач, кўпроқ ҳужумга ёрдам беришга ҳаракат қилди. Достон Ҳамдамовнинг ўрнига Азиз Турғунбоевнинг майдонга туширилиши ҳам ўйинимизни бир мунча кучайтирди. Элдор Шомуродов толиқиб қолгани учун ўрнига Марат Бикмаев туширилди. Умуман олганда, амалга оширилган бундай ўзгаришлар яхши бўлди-ю, фақат ўйинчи алмаштиришларни бироз эртароқ амалга оширса яхши бўлармиди?! Албатта, ташқаридан гапириш осон, мураббийнинг эса ўз стратегияси бор. Пенальтилар сериясига келадиган бўлсак, бу албатта омад билан боғлиқ. Лекин мен шу ўринда яна бир нарсани қўшимча қилмоқчи эдим, яъни, бу кўпроқ руҳият билан боғлиқ. Барибир футболчиларимизда босим кучли эди. Ютишимиз керак, гол уришимиз шарт деган ўй-хаёллар барибир йигитларимизга таъсир кўрсатди.

- Ислом Тўхтахўжаев билан Марат Бикмаев пенальтини тепаётганида нигоҳларида қўрқув борлиги кўринди…

- Биласизми, булар машғулот пайтида пенальтидан 10 ёки 20 марта тепса ҳаммасидан гол урадиган футболчилар эди. Австралияга қарши ўйиннинг аҳамияти жуда катта эди, боз устига ҳаммаси пенальтилар сериясида ҳал қилинадиган бўлди. Йигитларимизнинг зиммасидаги масъулият ва жавобгарлик ҳисси янада ортиб кетганди. Чунки боя айтганимдек, уларнинг миясида ютмасак бўлмайди, деган хаёл ўрнашиб қолганди. Шу боис улардаги руҳият қанчалик эканлигини уларнинг кўзларидан ҳам билиб олиш мумкин. Яъни, футболчини ҳаяжон босаётгани кўп жиҳатларда билинади. Албатта, бу аламли мағлубият бўлди. Эктор Купер тажрибали мураббий. Биз ҳали унинг даражасидаги мураббий эмасмиз. Лекин унинг учун ҳам Осиё Кубогидаги иштирокимиз катта мактаб бўлди деб ўйлайман. У жамоамиздаги камчиликларни ҳам белгилаб олди. Энди кейинчалик бунинг устида янада кўпроқ ишлайди. Купер биринчи навбатда жамоамизда тартибли ўйинни шакллантира олди. Агар ҳимояда тартибли ўйнай олмасангиз, нимагадир эришиш қийин бўлади. Энди бор эътиборни жаҳон чемпионатига қаратамиз. Саралаш баҳсларигача ҳали вақт кўп. Агар шунгача Купер янада ўзининг тактикаларига мос тушадиган ўйинчиларни аниқлай олса, у бундан ҳам кучлироқ жамоани туза олади. Кўраётган бўлсангиз, бошқа терма жамоаларнинг таркиблари ёшариб бормоқда. Бизда ҳам аста-секин шу ҳолат амалга оширилса керак. Тўғри, натижа бўлмади, жамоамиз чиройли ўйин кўрсата олмади. Лекин ўтказилган учрашувларимизга назар соладиган бўлсак, ҳимояда анча ишончли ўйин кўрсатишганига гувоҳ бўлдик. Ҳимоя чизиғида футболчиларни жой-жойига қўя олди. Буни Ислом Тўхтахўжаев мисолида ҳам айтишим мумкин.

- Фикрингизча, Австралия биз учун ҳали ҳамон ноқулай рақибми?

- Сизга тўғриниси айтсам, Австралиянинг ўйинидан кўп нарса кутгандим. Чунки ҳали бунгача Осиё Кубогида бу жамоанинг ўйинини кўрмагандим. Масалан, дастлабки турда Иорданияга ютқазиб қўйишганидан ажаблангандим. Австралияликларнинг кўплаб футболчилари Европа чемпионатларида тўп суришади. Шу боис улардан ўйин тезлигини, ностандарт ҳаракатланадиган футболчиларини кутгандим. Аммо Австралияда бундай ўйинчиларни кўрмадим. Бундай жамоа билан бемалол ўйнаса бўлади.

- Агар Эктор Купер билан учрашиш имкони бўлганида унга мусобақага доир қандай савол билан мурожаат қилган бўлардингиз?

- Агар шундай имконият бўлганида ундан ҳимоядан қандай қилиб тезкорлик билан қарши ҳужум ўтиш мумкинлиги ҳақида сўраган бўлардим. Чунки Австралияга қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида жамоамиз ҳимояда улардан тўпни олиб қўйишяпти, аммо шунга яраша ҳужумга ҳам ўтиб кета олишмаяпти.

- Умумий олиб қараганда, терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги иштирокига қандай баҳо берасиз?

- Яхши ёки ёмон дея олмайман. Терма жамоамиздаги кўплаб футболчиларни ёшлигидан тарбиялаганман. Шунингдек, Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов, Жалолиддин Машарипов ва яна бошқа йигитлар билан кўп йиллар давомида турли терма жамоаларда бирга ишлаганман. Албатта, ўзим тарбиялаган йигитларнинг миллий терма жамоада ғалабаларга эришишса, бундан мен ҳам завқланиб юраман. Лекин, барибир аламли мағлубиятга учраганимиз туфайли тушкунликка тушиб қолдик. Аммо тан олиш керакки, мусобақа давомида жамоамиз ёрқин таассурот қолдирмади. Эктор Куперга албатта вақт бериш керак. Қатар терма жамоасинининг ҳозирги бош мураббийи Феликс Санчес анча йиллардан бери турли ёшдаги терма жамоаларида ишлаб келди ва бугунги кунда миллий терма жамоа даражасига кўтарилган ҳолда ўз жамоасини чемпионликкача олиб келди. Ўз вақтида 1996 йилда туғилган футболчиларга устозлик қилганимда биз Қатарда айнан Санчеснинг жамоасига қарши бир-иккита марта ўйнаганмиз. Адашмасам, бу 2010 ёки 2011 йилдаги ўйинлар эди. Ўшанда иккала учрашувда ҳам Қатарни йирик ҳисобларда ютганмиз. Лекин айтмоқчиманки, Санчес ўша таркиб билан ишлаб, энди миллий терма жамоага устозлик қилиш даражасигача чиқди. Эктор Купер учун ҳали ҳаммаси олдинда. Унинг бошчилигида жамоамизнинг ёрқин ўйинлар кўрсатиши учун вақт бўлади.  Муҳими, бу мағлубиятдан тушкунликка тушиш керак эмас. Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз жаҳон чемпионатига чиқиш. Бунгача эса ҳали анча вақт бор. Купер эса Осиё Кубогидаги иштирокимиздан ўзи учун жиддий хулосаларни чиқариб олишига шубҳа йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Alisher
10/02/2019 15:34
БЎмаган гап, ЎФА футболчиларни тайинлаётган бир пайтда, Купер нима ҳам қила олади!!
&
King of World
10/02/2019 14:26
Купернинг суперлиги сохта экан. Бўлмаса Осиё кубогида натижа бошқача бўларди
&
Xayrulla Ahmadjonov
10/02/2019 13:58
JCH-2030 gachami?
&
darwesh
10/02/2019 12:25
Туза олади деган пайтда, Катар, саудия араюистони ва БАА кучли жамоани тузиб булди