Фаррух Дўстов: Бу сафар фақат ва фақат ғалаба учун кортга чиқамиз

Хабар бериб ўтганимиздек, 1-2 февраль кунлари пойтахтимизда «Дэвис Кубоги» плей-офф босқичи доирасида Ўзбекистон ҳамда Сербия терма жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади. Мазкур баҳс олдидан бугун «Саҳоват спорт сервис» спорт мажмуасида терма жамоа сардорлари иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинди.

Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайти тарқатган хабарга кўра тадбирнинг биринчи қисмида терма жамоамиз сардори Фаррух Дўстов ОАВ ходимлари саволларига жавоб қайтарди.

Терма жамоа сардорлиги ва учрашув ҳақида

Сардорлик мен учун кутилмаган ҳолат бўлди. Бундай масъулият менга ишониб топширилганидан хурсандман. Терма жамоадаги муҳитни, улар учун нима яхши – нима ёмон эканлигини яхши биламан. Йигитлар билан бирга учрашувга тайёргарлик кўрмоқдамиз, машғулотлар олиб боряпмиз. Уларда ишонч юқори. Ўйинга тайёрмиз. Биз ўз уйимизда, ўз ватанимизда учрашув ўтказамиз. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари биз учун жуда муҳим.

Рақиблар ҳақида

Сербия жаҳон миқёсидаги кучли терма жамоа ҳисобланади. Улар сафида дунё рейтингида кучли юзликка кирувчи уч нафар теннисчи бор. 10 йил олдин Сербия терма жамоасига қарши баҳс юритганмиз. Теннисчилар ҳақида гапирадиган бўлсам, Душан Лайович асосан қумли кортларда яхши ўйин кўрсата оладиган теннисчи ҳисобланади. Қолаверса, Троицки ҳам кучли ва тажрибали спортчидир. Жокович? Улар шундоқ ҳам кучли таркиб билан Тошкентга келишган.

«Дэвис Кубоги»нинг янги формати ҳақида

Фикримча, бу яхши бўлди. Олдинги форматда теннисчилар биринчи кун беш сетлик ўйин ўтказиб, кетидан жуфтлик баҳсларида кортга чиқардилар. Учинчи кунги учрашув ҳам беш сетга чўзилиши мумкин. Бундай ҳолатда тикланиш қийин бўларди. Янги формат мухлислар учун билмадиму, лекин теннисчилар учун яхши бўлиши мумкин.

Жўрабек Каримов жароҳатидан қутилдими?

Жўрабек декабрь ойида жароҳат олганди. У айни пайтда тикланиш жараёнини ўтказмоқда. Унинг Сербияга қарши ўйиндаги иштироки ҳақида эртага аниқ маълумот бера оламиз.

10 йил олдинги учрашув ҳақида

Сербияликларга қарши 10 йил олдин тўқнаш келгандик. Ўшанда мен Виктор Троицкига қарши узоқ ўйин ўтказгандим. 5 сетлик асабий учрашув бўлганди. Денис эса Типсаревичга қарши баҳс юритганди. Жуфтликда ҳам имкониятни бой бергандик. Бу энди ўтмишда қолди. Бугунги Ўзбекистон терма жамоаси 10 йил олдингиси билан фарқ қилади, анча тажриба тўплаганмиз. Бу сафар фақат ва фақат ғалаба учун кортга чиқамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!