Францияга кимлар етишмади?
Миллатлар Лигасидан ўрин олган Голландияга қарши беллашувда амалдаги Жаҳон чемпионлари кутилмаганда сафарда 2-0 ҳисобидаги мағлубият билан қайтди. Франция матбуоти буни терма жамоа бош мураббийи – Дидье Дешамнинг футбол фалсафаси касодга учрай бошлагани билан изоҳлаётган бўлса, бошқа ОАВ вакиллари эса «хўрозлар»га муҳим етакчи футболчиларнинг иштирок этмагани билан оқламоқда. Иккинчи тоифа вакилларининг гапида жон борми? Эҳтимол, қуйидаги уч асосий футболчиларнинг Голландияга қарши ўйинда иштирок этмагани жамоанинг ўйинига жиддий таъсир қилгандир. Боиси қуйидаги уч футболчи ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиқларининг қўрғонлари эди.
Поль Погба
Техник ва харизматик етакчи! У Жаҳон Чемпионатида уни сайёрамизнинг энг яхши ярим ҳимоячилардан бири эканлигига шубҳа қилувчиларнинг «оғзини ёпиб» қўйганди. Мунтазам равишда юқори спорт формасини кўрсатган Погба «кўклар»нинг ўйинини узоқдан туриб бошқарганди. Қуйироқда рақибдан тўпни олиб қўйиб уни моҳирлик билан ҳужумчиларга етказиб бериши жуда асқотганди. Лолалар мамлакати вакилларига қарши беллашувда айнан унинг ижроси термадошларига етишмади.
Чунки унинг ўринбосари Стивен Нзонзи хатто ўзининг савиясидаги ўйинни ҳам кўрсата олмади. Погбадаги сифатларку унда жуда кам. Ҳужум ва ҳимояга ўтиш, ҳавфли вазиятлардаги совуққонлик, керакли вазиятда ўзини кўрсата олиш каби хусусиятлар Нзонзида кўринмади. Погба шунингдек ҳужумчилари билан ҳам ажойиб ҳамкорлик ўрнатиб олганди. Унинг тўпни эгаллагани заҳоти Антуан Гризманнга ёки Оливье Жируга тўпни етказиши, ё бўлмаса ёш Мбаппе билан ҳамкорлик ўта ҳавфли вазиятларнинг юзага келишига сабабчи бўлиб келган. Хуллас Погба «уч ранглилар» сафида керак бўлган муҳим фигуралардан бири эди.
Люка Эрнандес
«Унинг термадаги ўрни кейинги ўн йилликда кафолатланган!» Жаҳон Чемпионатини юқори спорт формасида ўтказган Эрнандес ҳақида айтилган илиқ фикрлардан бири шундай. «Кўклар»нинг бошқа бири Люкаси, яъни Динь «Атлетико» футболчисига жиддий рақиб бўла олмайди. Голландияга қарши буҳсда «Барса»нинг собиқ вакили ҳимоявий жиҳатдан ўзини кўрсата олмади, аммо Гризманнга узатган ўткир узатмаси унинг ўйинини қониқарли дейишимизга асос бўла олади. Рақибни жиддий тарзда кутиб оладиган, ўз траекториясини осонлик билан ўзгартира оладиган ва ҳужумларга тезкорлик билан қўшила оладиган Эрнандес Францияга жуда-жуда керак бўлди. Голландларнинг ҳужум учлиги (Депай – Бергвейн - Бабел) бошқарувига албатта қанот ҳимоячилари масъул бўлади. Ўнг қанотда Павар ва Сидибелар ҳозирги ечим бўлсада, улар ҳам ишончсиз ўйин кўрсатмоқда, чап қанотдаги яқин келажак албатта Люка Эрнандесга тегишли. Бенжамин ва Ферлан Мендилар ҳамон спорт формасини тиклаб олишмаган бўлсада, «матрослар»нинг вакили йўқлиги Дешам учун навбатдаги баҳона бўлиши мумкин.
Самуэль Умтити
«Катта Сэм» энди-энди олган жароҳатидан фориғ бўлиб сафга қайтаётган бўлса, унинг йўқлиги нафақат «Барселона»га балки терма жамоасига ҳам зарар бўлмоқда. Айниқса ҳимоядаги мувозанат усиз бузилиб қолган. Унинг ўринбосари Преснель Кимпембе Исландия ва Германияга қарши ёмон ўйин ўтказмаган бўлсада, Умтитининг йўқлиги баъзи эпизодларда яққол билинди. Юқори спорт формаси ва рақиб зарбаларни бартараф қилишдаги иштироки Льорисга жуда асқотиб келаётганди. Усиз Льориснинг кўрсатаётган сейвлари сони анча ортиб бормоқда. Боз устига унинг Рафаель Варан билан ажойиб ҳамкорлиги терма жамоа муваффақиятларининг ютуқларидан бири эди. Кимпембе ҳам истеъдодли эканлигига қарамай ҳали ўрганадиган нарсалари кўп. Яунделик ҳимоячининг ўрнини тўлдириш осон эмас.
Фикрлар