Илҳом Мўминжонов: Ёмон ўйнаб 1 очко қўлга киритдик

Pepsi Суперлига 16-тур доирасидаги “Насаф” – “Навбаҳор” (1:1) учрашувидан кейин ҳар 2 жамоа устозлари ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтишди. Дастлаб журналистларнинг саволларига меҳмонлар устози Илҳом Мўминжонов жавоб қайтарди.

"Бугун ёмон ўйнаб, дурангга эришдик. Жорий йилги мавсумнинг Бекободда кечган илк баҳсда ҳам жамоамиз муроса кўчасини танлаганди. Балки бу танаффус билан боғлиқ ҳолатдир. Таркибимиздаги легионерларни алиштиришдан асосий мақсад, ҳужум чизиғини кучайтириш эди. Шу сабабли, майдонга 2 нафар форвардни туширдим.

Бу алиштириш ўз самарасини бериб, Сардор Сулаймонов ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Кейинги ўйинларда бугунги хатолардан хулоса чиқариб, астойдил тайёргарлик кўрамиз. Бугун трансферлар “ойнаси” даврида таркибимизга қўшилган футболчиларнинг 3 нафарини майдонга тушириб, уларнинг имкониятларидан фойдаландик. Бу улар иштирокидаги биринчи учрашув бўлганлиги боис, янги футболчиларнинг бугун намойиш этган ўйинлари борасида бирор нарса дея олмайман.

Умид қиламанки, улар жамоамиз ўйинига киришиб кетиб, кейинги баҳсларда яхши ўйин намойиш этишади. “Насаф” яхши ва анча шаклланган жамоа. Кейинги баҳсларда қаршиликларга омад ёр бўлишини тилайман", - деб Илҳом Мўминжонов сўзларидан иқтибос келтиради "Навбаҳор" матбуот хизмати. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!