Исломжон Абдусаломов: Катталар Олимпиадасида чемпион бўлмоқчиман
Кеча байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчимиз Исломжон Абдусаломов финалгача етиб бориб, кумуш медаль соҳибига айланди. Тақдирлаш маросимидан сўнг Исломжон ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
- Аламли мағлубият. Аммо, совриндорлар қаторига кира олганимдан хурсандман. Биринчи навбатда, ота-онам, мураббийларимга қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдираман. Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига кумуш медаль қўшиб қўйдим ва мухлисларимизни хурсанд қилдим. Режаларим катта. Энди ўз маҳоратимни янада тоблаб, катталар ўртасидаги Олимпия ўйинлари чемпиони бўлмоқчиман, – деди Исломжон.
Терма жамоамиз мураббийи Екатерина Заркова ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Кураш қийин кечди. Саралашдан сўнг учинчи ўринни эгаллагандик. Кейин эса Мексика, Чехия вакилларини мағлуб этдик. Қозоғистонлик спортчига қарши баҳс олдидан Исломжонни ҳар томонлама тайёрладик. Тикланиш учун бироз вақт етмади. Баҳслар орасидаги танаффус 20 дақиқадан бўлди. Бу эса жуда қисқа вақт. Қайирилишда у бошқарувни бироз йўқотди ва бу биз учун қимматга тушди. Аммо, терма жамоамиз ҳисобига медаль қўшиб қўя олганимиздан жуда хурсандмиз. Мана шундай савиядаги мусобақада характер кўрсатиб, охиригача курашган спортчимиз учун хурсандман, – деди Заркова.
Фикрлар