Жамшид Асадов: Мақсадимиз Жаҳон Кубогини қўлга киритиш

Хабарингиз бор, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан иборат Ўзбекистон терма жамоаси шу кунларда Туркияда йиғин олиб бормоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур терма жамоа бўлажак мусобақаларга етарлича тайёргарлик олиб бориши учун барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда.
 
Жамшид Асадов бошчилигидаги футболчилар шу йилнинг июль ойида Польшада бўлиб ўтадиган Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилар ўртасидаги Жаҳон Кубоги мусобақасига тайёргарлик кўришяпти. Маълумот учун, Жаҳон Кубоги мусобақаси бу йил 7-маротаба ўтказилади. Амалдаги чемпион Украина терма жамоаси ҳисобланади. Мусобақада 30га яқин давлат иштирок этиши кутилмоқда. Булар орасида Испания, Германия, Италия ва шунга ўхшаган футболи ривожланганган юрт вакиллари ҳам бор. Мусобақада 5+1, яъни 6×6 шаклда  футбол у́йналади (1та дарвозабон ва майдондаги 5 нафар футболчи). 

ЎФА Матбуот хизмати Туркияда йиғин олиб бораётган терма жамоа бош мураббийи Жамшид Асадов билан боғланиб, илк хорижий йиғин қандай ўтаётгани ва мусобақа тайёргарлик жараёни қандай кечаётгани билан қизиқди. 
  
"Анталиядаги йиғин жуда яхши ўтмоқда, таркибдаги болаларнинг ҳаммаси бор куч-маҳоратини кўрсатишга ҳаракат қилишяпти. Йиғин давомида асосан тактика ва жамоавий ўйинни яхшилаш устида ишламоқдамиз, чунки Туркия йиғинига қадар 20 кун давомида Тошкентда йиғин ўтказиб, унда асосан  жисмоний таёргарлик устида ишлаган эдик. Бу терма жамоа таркиби янгиланганини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда шогирдларим кўрсатётган ўйиндан қониқиш ҳосил қилмоқдаман. Жамоада ички муҳит жуда яхши шаклланган, йигитлар барчаси бир-бирлари билан ака-укадек муносабатда, барча бир мақсад йўлида меҳнат қилмоқда. 
 
Йиғин давомида кунига 2 маҳал машғулот олиб бормоқдамиз, тўғриси бу терма жамоанинг биринчи хорижий йиғини бўлгани учун бошида йигитлар бироз қийналишди. Лекин ҳозир ҳаммаси жойида, бизни энг кўп хурсанд қилаётган нарса бу йигитлардаги иштиёқ ва уларнинг кўзи ёниб тургани. Биз терма жамоа катта мураббийи Азиз  Қосимов билан келишиб йиғин дастурини аввалдан ишлаб чиққан эдик, ҳозирда шу дастур бўйича иш олиб бормоқдамиз. Терма жамоа ўйин услуби ўзгармайди - тўпни назорат қилган ҳолда ҳужумкор ўйин кўрсатиш, тартибли ҳимоя, тезкор қарши ҳужумга ўтиш, юкори прессинг қўллаш. Мана шу жиҳатларни яхшилаш устида ишламоқдамиз.
 
Буларниг барчаси албатта футболчидан юқори жисмоний тайёргарликни талаб этади,  кўз тегмасин, йигитлар берилган кўрсатмаларни аъло даражада бажаришмоқда.  Жахон кубогига таёргарликни 3 босқичда олиб борамиз. Кейинги йиғинлар май ва июнь ойларида ўтказилиши кўзда тутилган. Навбатдаги йиғинда таркиб юз фоиз алмашади. Вилоятлардан таклиф этилган бошқа иқтидорли йигитларга ҳам имконият берамиз, албатта. Учинчи сўнгги йиғинга аввалги йиғинларда ўзини ку́рсата олган энг кучлиларни жалб қиламиз. Бу йигитлар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида ўтказиладиган Жаҳон Кубогида юртимиз шарафини ҳимоя килишади. Апрель ойида юртимизнинг бошқа вилоятлари бўйлаб селекция ишларини олиб боришни режалаштирганмиз. 
 
Жахон Кубогида илк маротаба қатнашишимизни ҳисобга олсак, бизга осон бўлмаслиги аниқ, чунки биз учун у ердаги терма жамоаларнинг кўпи нотаниш, лекин биз амалдаги Жаҳон чемпионлари сифатида қатнашамиз. Ушбу номга лойиқ тарзда ўйин намойиш қилишга интиламиз. Йигитларда ЖЧдан кейин ўзига бўлган ишонч юқори ва бу бизга мусобақа давомида қўл келади, деб ўйлайман. Биламиз, ҳозирги замонавий футболда руҳий тайёргарлик биринчи ўринда туради. 
 
Терма жамоанинг имкониятларини яхши баҳолаган бўлар эдим, бизнинг мақсад  Жаҳон Кубогини қўлга киритиш ва ўзбек футболчилари дунёда тенгсиз эканлигини яна бир бор исботлаш. Албатта буни амалга ошириш осон бўлмайди, лекин инсон ҳаётда доим ўз олдига максимал мақсадни қўйиб, шунга ҳаракат қилса, албатта ниятига эришади, деб ўйлайман. 
 
Фурсатдан фойдаланиб терма жамоамизга мусобақага муносиб тайёргарлик кўриши учун барча шароитларни яратиб бераётган Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси раҳбариятига ва Халқ таълими вазирлигига бутун терма жамоа аъзолари номидан миннатдорчилик билдираман. Худо хоҳласа, биз бўлажак мусобақаларда энг юқори натижаларга эришиб, бизга билдирилаётган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз ҳамда мухлисларни хурсанд қилиш учун бор куч-маҳоратимизни ишга соламиз", - деди Жамшид Асадов.
 
Шунингдек, терма жамоа сардори Жаҳонгир Очилов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди:

"Терма жамоа аъзоларининг кайфияти аъло даражада, барча бир оиладек бўлиб таёргарлик кўрмоқдамиз. Анталияда ўтказилётган  машғулотлар янада юқори даражага чиқишимизга ёрдам бермоқда. Мураббийларимиз томонидан бизга бериб борилаётган кўрсатмаларни бажариб, бу ерда янада кўпроқ тажриба тўплашга ва маҳоратимизни ошириб боришга ҳаракат қиляпмиз. Жаҳон Кубоги мусобақасида ғалаба қозониб, юртимиз байроғини кўкларга кўтариш бизнинг асосий мақсадимиз. ЎФА томонидан бизга кўрсатилётган эътибор ва яратилётган шароитлар бизни жудаям хурсанд қилмокда. Бизга билдирилаётган ишончни оқлашга ва юртимиздаги футбол ишқибозларини хурсанд килишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз, албатта".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!