Мурод Холмуҳаммедов: “Пенальтилар? Ҳакамлар бор нарсани белгилашяпти”
“Қўқон-1912” жамоасининг ҳимоячиси ва сардори Мурод Холмуҳаммедов учун ушбу мавсум кўтаринки руҳда ўтмоқда. Боиси у ҳимоячи бўлишига қарамай, ҳозиргача 8 та гол урди ва тўпурарлар орасида боряпти. Қизиғи, у барча голларини пенальтидан киритди. Қолаверса, қўқонликлар ўтган турда “Бунёдкор” майдонидан ишончли ғалаба билан қайтишди. SPORTS.uz муҳбири эса Холмуҳаммедов билан боғланишга қарор қилди.
- “Қўқон-1912”нинг Тошкентда “Бунёдкор”га қарши кўрсатган ўйини ва натижасини кўпчилик сюрприз сифатида қабул қилишяпти. Ушбу ўйиннинг иштирокчиси сифатида нима деган бўлардингиз?
- “Бунёдкор” яхши шаклланган жамоа. Миржалол Қосимов келганидан кейин уларнинг ўйини янада яхшиланди. Яширмайман, учрашувдан олдин бошқа клубларга қараганда айнан “Бунёдкор”дан қўрқиб тургандик. Лекин биздаги вазият шундай эдики, жамоамизни ғалабадан бошқа натижа қониқтирмасди. “Бунёдкор” билан ўйингача ҳам бизда йиғилишлар кўп бўлди, раҳбарларимиз ҳам мажлислар ўтказишди. Ушбу учрашувга ҳамма нарса боғлиқ эди. Шунинг учун бор кучимизни мазкур ўйинга бердик. Ўша куни омад ҳам биз томонда бўлди. Ўйинимиз ҳам қовушди, аксига олиб “Бунёдкор”нинг ўйини чиқмади. Қолаверса, уларнинг футболчиси Акром Комиловнинг қизил карточка олиб майдондан чиқиб кетгани ҳам бизга енгиллик туғдирди. Аммо “Бунёдкор” 10 та футболчиси қолганини билинтирмади. Мураббийлар ҳам бизни бу учрашувга жиддий тайёрлашди, ҳар куни “Бунёдкор”нинг ўйинларини кўриб чиқдик.
- “Қўқон-1912” кучли олтиликка кириш учун курашяпти ва бу йўлда “Бунёдкор”ни ютгани катта қадам бўлди. Бироқ ҳали жамоангиз олтиликка киргани йўқ. Олдинда эса Қўқонда “Пахтакор”га қарши учрашув кутиб турибди ва унинг аҳамияти олдинги учрашувдагидан кўра жиддийроқ...
- “Бунёдкор” билан ўйиндан сўнг орада маълум танаффус бўлиб қолди. Жамоа ихтиёрига бугун етиб келдик (суҳбат 7 август куни бўлган). Бўлгуси ўйин учун мураббийларимизнинг алоҳида тактикалари бор. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, “Бунёдкор”ни ютганимиздан сўнг олдинга қадам ташладик. Энди биз учун кучли олтиликка кириш вазифаси янада кучайтирилди. Боя айтганимдек, “Бунёдкор”га қарши учрашувдан олдин рақибдан чўчиб тургандик. Энди бўлса, “Пахтакор” билан бўладиган беллашувдан аввал жамоамизда қўрқув йўқ. Тўғри, “Пахтакор” пешқадам бўлиб турибди, ўзига яраша салобати бор, уларни ҳурмат қиламиз. Аммо бизнинг плюс томонимиз шундаки, ўз майдонимизда ўйнаймиз. Мухлисларимиз эса 12-ўйинчимиз ҳисобланишади. “Бунёдкор”да ўйнаганимиздек, бу сафар ҳам ғолибона руҳ остида тўп сурсак, яхши натижа кўрсатамиз.
- ПФЛ регламентга ўзгартириш киритиш мумкинлигини айтиб “олтин очколар” қоидасини бекор қилишини истисно қилмаяпти. Агар ўша қоида чиндан ҳам амалда бўлса, “Қўқон-1912” – “Пахтакор” ўйинидаги интригага катта таъсир кўрсатади. Демоқчиманки, учрашувдан олдин бундай гап-сўзларнинг пайдо бўлиши сизларнинг ўйинга бўлган тайёргарлик ва руҳиятингларга таъсир қилмаяптими?
- ПФЛ қандай қарор қабул қилса ҳам биз бетараф ҳудуддамиз. ПФЛ хоҳласа “олтин очколар” қоидасини қолдирсин, хоҳласа ўзгартирсин, ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Бу борада жамоамиз ПФЛга ҳеч қандай эътироз билдирмайди. Тўғри, бошқалар эътирозлар билдиришяпти. “Пахтакор”га қарши ўйинга жанговор руҳда бўламиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўша ўйиндаги вазифамиз уч очкони қўлга киритиш. Аниқроғи, олдимизда турган иккита ўйинда олти очкони олишимиз шарт.
- Бизни яна бир қизиқтираётган ҳолат бу сизнинг кўрсаткичларингиз билан боғлиқ. Ҳозирда ҳимоячи бўлсангизда 8 та гол билан тўпурарлар орасида боряпсиз. Воқеалар ривожининг бундай тус олгани сиз учун ҳам кутилмаган вазиятми?
- Ўзингиз айтганингиздек, мен ҳимоячиман. Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юбормаслик. Тақдир тақозоси билан голлар уриб келяпман. Хабарингиз бор, мураббийимиз ҳар бир учрашувда стандарт вазиятларни менга топширган. Тан оламан, вақти келиб, тўпурарлар орасига кираман деб хаёлимга ҳам келмаганди. Мураббийнинг ишончини оқлаб тўпурарлар орасида эканман, бу рўйхатдан чиқиб кетмасликка ҳаракат қиламан.
- Энг қизиғи, 8 та гол, 8 та пенальтидан киритилган. Ҳамма ҳам бу вазифадан гол ура олмайди. 11 метрлик жарима зарбасидан гол уришингизнинг сири ҳам борми?
- Ҳамма нарсани Худодан деб биламан. Бунинг қандайдир сири бор деб ўйламайман. Ёки ўзимнинг алоҳида иқтидорим туфайли гол уряпман деган фикрдан узоқдаман.
- Ўша пенальтилардан ураётган голларингиз охирги пайтларда баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўляпти. Яъни, ҳакамларнинг рақиб жамоалар дарвозалари томон белгилаётган пенальтилари ва улардан сизнинг аниқ фойдаланаётганингиз ҳам ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмаяпти...
- Ҳакамларнинг ишига мураббийларнинг ҳам, футболчиларнинг ҳам аралашишига ҳаққи йўқ. Уларни назорат қиладиган алоҳида қўмитаси бор. Ўз фикримни айтадиган бўлсам, биз кўпроқ ўз майдонимизда яхшироқ ва ҳужумкор ўйин кўрсатамиз. Шунинг эвазига асосан уй ўйинларимизда ҳакамлар пенальти белгилашяпти. Биз ҳар бир учрашувни кейинчалик кўриб чиқамиз. Айтишим керакки, улар деярли бехато равишда 11 метрлик жарима зарбаларини белгилашяпти. Тўғри, бир марта, адашмасам “Металлург”га қарши ўйинда белгиланган пенальти борасида баҳслашса бўлади, чунки ўшанда 50х50 вазият эди. Аммо қолган барча белгиланган пенальтилар тўғри ва ишончли эди.
- Барибир иштаҳа овқат пайтида келади деган гап бор. Шуни ҳисобга олганда, нима бўлса ҳам охиригача курашиб тўпурар бўлиш ниятингиз борми?
- Бу футболчининг орзуси. Лекин мен тўпурар бўламан деб ўйнаётганим йўқ. Менинг вазифам – гол урсам ёки урмасам ҳам “Қўқон-1912”га ёрдам беришдир. Лекин майдонга тушган ўйинчилардан ким ҳам гол уришни хоҳламайди? Мен ҳам гол уришдан тўхтаб қолишни истамасдим. Биринчи навбатда ҳимоядаги вазифамизни бажариб, кейин гол уришга уриниб кўрамиз. Лекин тўпурарлар орасига кириб қолганим учун ҳар бир учрашувда гол уришга иштиёқим бор. Шу боис ҳар бир ўйинда гол уришни ўзимга-ўзим вазифа қилиб қўйяпман.
- Балки бу саволим хазиломуз бўлиши мумкин. Лекин айтинг-чи, сизнинг тўпурар бўлишингиз учун қолган ўйинларда ҳам ҳакамлар яна пенальтилар белгилаши керакми?
- Йўқ. Мен пенальтиларга унчалик қизиқмаяпман. Биламан, фақат 11 метрлик жарима зарбаларидан гол ураётганим учун мухлислар орасида гап-сўзлар бўляпти. Аммо ҳакамлар ҳам бор нарсани белгилашяпти. Ахир ростакамига пенальти қўйилганидан кейин уни тепишим керак-ку! Ёки ўзимга билдирилган вазифани бажармаслигим керакми? Мен ўз вазифамни бажаряпман. Албатта, ўйиндаги вазиятдан ҳам гол уришга ҳаракат қиляпмиз.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар