Нима учун “Динамо” – “Хоразм” ўйини 105 дақиқа давом этди?

Про-лига 23-тури доирасида Самарқандда «Хоразм» жамоасини қабул қилган «Динамо» муҳим 3 очкони қўлга киритди.

Умуман олганда, жорий мавсум “Хоразм” жамоаси “Динамо” учун “чақилмас ёнғоқ” жамоа бўлиб қолаётганди. 1-даврада Самарқандда 1:1 натижаси қайд этилган бўлса, Урганчда 3:2 ҳисобида мезбонлар ютишганди. Бу ҳақда "Динамо" матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Бу сафарги қарама-қаршилик ҳам шиддатли ва жанговар курашларга бой бўлди. Мезбонлар гарча дастлабки бўлимда тўлиқ устунлик қилган бўлишсада, урганчликлар биргина қарши ҳужумда 18-дақиқада “Динамочи”ларнинг хатосини кечиришмади – 0:1.

Иккинчи бўлимни ҳужумкор бошлаган самарқандликлар 47-дақиқадаёқ меҳмонлар футболчисининг ўз жарима майдонида қўполлик ишлатгани учун пенальти тепиш имкониятини қўлга киритишди. 11 метрлик нуқтага Павел Пуришкин яқинлашишга қарор қилди ва Ғайрат Ўдаев билан “дуэл”да мағлуб бўлди – тўпни дарвозабон эгаллади!

Учрашувнинг дастлабки соатида ўйин вақтини очиқ-ойдин чўзишга интилган меҳмонлар ҳакам томонидан огоҳлантирилган бўлсада, бу уларга дарс бўлмади. Бунгача ҳакам томонидан сариқ карточка кўрсатилган Ғайрат Ўдаев 63-дақиқада яна вақтни чўзишга интилди, қолаверса бош ҳакам шаънига номақбул сўзларни ишлатди. Натижада, иккинчи марта огоҳлантирилиб, майдондан четлатилди. Бу эса хоразмлик дарвозабоннинг жуда асабийлашишига олиб келди, оқибатда футболчи анча вақтни олди.

Ажабланарлиси, “Хоразм” жамоаси Самарқандда захира дарвозабонисиз келишган экан. Шу боис дарвозабон ўрнини майдондаги ҳимоячилардан бири эгаллади.

Ўйин якуни сари ғалабани сақлаб қолиш учун меҳмонлар вақтни чўзиш пайида бўлишди, жароҳат олган футболчиларига эса “Динамо” шифокорлари ёрдам беришди. Сабаби, шу куни Урганч жамоаси шифокор ва массажчилар ҳам йўқ эди.

Учрашувнинг асосий вақти учун Игорь Худойдотов томонидан 15 дақиқа қўшиб берилди. Айнан қўшимча дақиқаларда кульминацион воқеалар кузатилди.

90+8-дақиқада чамаси 20 метрлардан белгиланган жарима зарбасидан Отабек Нарзуллаев ажойиб гол уриб, “Динамо” стадионини «ларза»га келтирди – 1:1.

Мувозанат тиклангач, “Динамо” ғалаба қозониш илинжида бутун жамоа бўлиб ҳужумга ўтди. 90+11-дақиқада хоразмликлар футболчиси Миржалол Қурбонов навбатдаги қўполлиги учун иккинчи марта огоҳлантирилиб, майдондан четлатилди.

90+12-дақиқада эса “Динамо”нинг қатор ҳужумларидан бири ўз самарасини берди. Аваз Агалиев чап қанотдан Шерзод Жалиловга тўпни оширди. Ярим ҳимоячи ўз ўринда тўпни жарима майдони ичидаги Акмал Холмуродовга аниқ етказди. Холмуродовнинг бош билан берган зарбаси драматик баҳсда “Динамо”нинг иродали ва муҳим ғалаба қозонишига сабаб бўлди – 2:1.

Про-Лига. 23-тур. 26 август

«ДИНАМО» – «ХОРАЗМ» - 2:1 (0:1)

Голлар: Отабек Нарзуллаев 90+8, Акмал Холмуродов 90+12 - Темур Исмоилов 18.

Гол урилмаган пенальти: Павел Пуришкин 48 (Динамо)

«Динамо»: Шоҳруҳ Эшбўтаев, Акмал Холмуродов, Виктор Григорьев (Дамир Темиров, 46), Аваз Агалиев, Отабек Нарзуллаев, Жасур Азимов (Шерзод Жалилов, 56), Илҳом Юнусов (Фирдавс Абдусалимов, 87), Суҳроб Иззатов, Аббосбек Жумақулов (Далер Алмосжонов, 62), Санжар Баротов, Павел Пуришкин (Комил Шарофутдинов, 81).

«Хоразм»: Ғайрат Ўдаев, Равшанбек Султонов, Ойбек Нурбоев, Иномжон Эгамбердиев, Фаррух Ҳайдаров, Темурбек Исмоилов, Миржалол Қурбонов, Жасур Отажонов, Муҳаммадқодир Раҳимберганов, Акбар Муродов, Ербол Сейтназаров.

Захира: Темур Бекчанов, Наврўз Алимов, Сарвар Жуманиёзов, Сирож Рўзметов, Сардор Матмуродов, Дадахон Юсупов.

Четлатишлар: Ғайрат Ўдаев 63 (иккинчи огоҳлантириш), Миржалол Қурбонов 90+11 (иккинчи огоҳлантириш).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Inom
27/08/2018 12:01
Bizani uzb da umuman xaqiqat y6q ayniqsa futbolda.15 minutam q6wib beradimi