Одил Аҳмедов: “Пахтакор”да "коллектив" яхши эмаслиги шундоқ кўриниб туради
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва яқиндаги “Шанхай СИПГ” билан Хитой чемпионлигини қўлга киритган Одил Аҳмедов “Спорт” телеканалида “Гол” кўрсатувининг меҳмони бўлди. Бу ҳақда SPORTS.uz сайти хабар бермоқда.
Дастур давомида Одил Аҳмедов бошловчиларнинг “Шанхай СИПГ”да муҳит қандай? деган саволига қуйидагича жавоб берди: “Жамоада ҳаммаси ўзини ишини биладиган профессионал футболчилар.
Футболда “коллектив” деган нарса жуда ҳам муҳим. Мен ўзимизни чемпионатни ҳам кузатиб бораман. “Пахтакор”ни ўйинини ўхшамаётганини кўриб, ўша жамоада укам тўп тепса ҳам ҳеч қачон ички муҳитни сўраманганман. Лекин биламан қанақадир “коллектив”и яхши эмаслиги шундоқ кўриниб туради.
Шунинг учун майдондан ташқари “коллектив”лик жуда ҳам муҳим. Бу нарса бўлса одам қанақадир натижага эришиши мумкин. Шуни биз амалда қўллай олдик. Ҳар ой “Шанхай СИПГ” футболчилари бир жойга бориб ўтириб, гаплашиб, ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватлаши жуда керакли нарса. Бу борада Халк жуда фаол. Доим йигитларни йиғиб, жамоани бирлаштириб, чемпионлик руҳини уйғота олди”, - деди Одил Аҳмедов.
Фикрлар