Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионлари Фарҳодбек Собиров ва Шаҳзод Худойберганов билан суҳбат

Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 94 кг вазн тоифасида умумий 390 кг (даст кўтаришда 180 кг ва силтаб кўтаришда 210 кг) натижа билан олтин медалга сазовор бўлган Фарҳодбек Собиров ҳамда худди шу мусобақада 77 кг вазн тоифасида қатнашиб иккикурашда умумий 338 кг (152 кг даст кўтаришда бронза ва 186 кг силтаб кўтаришда) кумуш медаль соҳиби Шаҳзод Худойберганов SPORTS.uz меҳмони бўлишди.

– Спортга қизиқиш қачондан бошланган? Нега айнан оғир атлетикани танладингиз?

Шаҳзод Худойберганов:
– Спортга қизиқишим 2009 йилдан бошланган. Ёшлигимда Хоразмда бокс спорт тури билан шуғулланганман, лекин бокс унчалик ривожланмаган эди. Кейин тош кўтаришга қизиқиб, оғир атлетикага ўтиб кетганман. Икки йил Хоразмда шуғулланганимдан кейин 7-синфдан Республика Олимпия заҳиралари коллежига қабул қилинганман. Коллежда 6 йил давомида ўқиб, яна ҳам кўпроқ ўз устимда ишлаганман.

ogir atletika

Фарҳодбек Собиров:
– Мен ҳам спортдаги фаолиятимни 2009 йилдан бошлаганман. Оғир атлетикага борадиган бир қариндошим бўлган. Ўша мени қизиқтириб, бу спорт турига олиб кирган. Машғулотлар давомида қизиқишим янада ортди. 2013 йил терма жамоага қабул қилиндим. Бу орада ўзимдан катта атлетикачилар билан машғулот олиб борганим менинг ўсишимга ёрдам берган. Машғулотлар давомида уларга ҳавасим ошиб, янада кўпроқ ҳаракат қилишим кераклигини тушуниб етдим.

– Устозларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

Шаҳзодбек Худойберганов:
– Биринчи мураббийим Ойбек Мадримов бўлган. Кичиклигимдан бошлаб шуғуллантирганлар, қизиқтирганлар. Спортчи эришган муваффақиятларида биринчи мураббийнинг ўрни катта бўлади.

ogir atletika/Ogir_atletika

Фарҳодбек Собиров:
– Менинг ҳам биринчи мураббийим Ойбек Мадримов бўлган. Иккаламиз битта залда тайёрланганмиз. Шунинг учун устозимиз битта бўлган. Улар бизнинг келажагимизни кўра олганлар.

Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида Фарҳодбек 85 кг вазнда тоифасида қатнашиб, кумуш медални қўлга киритгансиз. Сўнгра Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида 94 кгга чиқиб олдингиз. Шаҳзодбек эса 66 кг дан 77 кгга ўтиб олдилар? Яна вазн ўзгартириш ният борми?

Шаҳзод Худойберганов:
– Олдин оғир атлетикада стандарт вазн тоифалари 56 кг, 62 кг, 69, 77, 85, 94, 100, 105 кг эди. Ҳозир эса бу вазн тоифаларига ўзгартириш киритилиши кузатилмоқда. Энди 60, 70, 80,90, 100, 110 кг бўлиши мумкин. Январдан аниқ бўлади. Шунинг учун вазн ўзгартиришимиз эҳтимоли юқори. Эҳтимол 80 кгга ўтарман. Буни эса вақт кўрсатади.

– Оғир атлетикадан қайси давлат вакиллари муносиб рақиб деб айта оласиз?

Шаҳзод Худойберганов:
– Эрон, Беларус, Латвия, Қозоғистон давлатларидан келган атлетчиларни кучли деб айтишим мумкин. Буни уларнинг халқаро мусобақаларда қайд этаётган натижаларидан ҳам билиб олиш қийин эмас.

Фарҳодбек Собиров:
– Бундан ташқари Колумбия, Хитой, Россия давлатларининг атлетчиларини ҳам имкониятларини юқори баҳолаш мумкин. Ҳамма давлатнинг ўзига яраша кучли спортчилари бор. Ўзбекистонда атлетчилардан 94, 105, +105 кг вазн тоифаларидаги атлетчиларимизни кучли деб айта оламан.

ogir atletika/Ogir_atletika

– Сизлар учун силтаб кўтариш машқи қулайми ёки даст кўтариш?

Шаҳзод Худойберганов:
Машғулотларда иккала машқни ҳам яхши бажаришимиз шарт. Лекин, силтаб кўтаришни бажариш менга қулайроқ туюлади. Бу силтаб кўтариш машқида қийинчиликсиз яхши натижа кўрсата оламан.

Фарҳодбек Собиров:
– Менда эса аксинча, даст кўтариш машқини бажариш бироз осон. Силтаб кўтариш эса менга озроқ қийинчилик туғдиради, лекин ҳозир силтаб кўтариш машқларини ҳам кўп бажаряпман, натижалар яхши.

– Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз?

Шаҳзод Худойберганов:
– Бўш вақтимиз асосан кам бўлади. Унда кўпроқ дам оламиз. Мазмунли ўтказишга ҳаракат қиламиз, чунки спорт билан шуғуллангандан кейин қатъий кун тартибга амал қилиш керак.

Фарҳодбек Собиров:
– Шаҳзод айтиб ўтгандек бўш вақтимиз кам бўлади. Дам олишдан ташқари, инглиз тилини ўрганишга ҳам ҳаракат қиламан, чунки бу келажакда керак бўлади.

– Фаолиятингиз давомида кўп ғалабага эришгансиз. Булардан энг унутилмас, сиз учун энг қадрлиси қайси?

Фарҳодбек Собиров:
– 2016 йилги мавсумга тайёргарликни Туркияда бошладик. Январь ойидан Анталияда машғулотлар бошлаб юборилди, лекин мени айрим сабабларга кўра Ўзбекистонга қайтариб юборишди. Сабаби нимада эканлигини англай олмадим. Асосий таркибдан тушиб қолганим бироз руҳий таъсир қилди. Бу орада иккинчи таркиб билан шуғулланиб юришга мажбур бўлдим. Бизни олдинда Тбилисдаги ёшлар ўртасида ўтадиган ЖЧ кутиб турарди. Иккинчи таркиб мураббийи менга яхшилаб тайёргарлик кўришим кераклигини уқтирарди. Менга эса яна асосий таркибга қайтишим учун бу мусобақада муваффақиятли иштирок этишим шарт эди. Шундай бўлди ҳам. Ҳаёлимни бир жойга жамлаб, руҳий тушунликни енгиб ўтиб, барчасини ортда қолдирдим ва шоҳсупадан жой олдим. Бу эса яна марта асосий таркиб эшигини очди.

Шаҳзод Худойберганов:
– Менинг фаолиятимдаги унутилмас ғалаба 2013 йили ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бўлди. Ушбу мусобақада ғолиб бўлганимдан кейин мен ҳам терма жамоага жалб этилдим ва фаолиятимда кескин ўсиш сезилди.

– Спортга келганингизда қандай одатларингизни ўзгартирдингиз?

Шаҳзод Худойберганов:
– Биринчи ўринда ўзини қандай бошқара олишни ўргандик. Биз оғир атлетикачилар оғир – босиқ бўлишимиз шарт.

Фарҳодбек Собиров:
– Шўх бўлганмиз. Спортга келгандан кейин эса қатъий тартиб асосида яшашни ўргандик. Вақтида ухлаш, вақтида овқатланиш ва албатта, соғлом турмуш тарзи.

ogir atletika/Ogir_atletika
Оғир атлетикачиларимиз ММА чемпиони Маҳмуд Муродов билан

– Эндиги режалар қандай?

Шаҳзодбек Худойберганов:
– Жаҳон чемпионатидан кейин икки кунгина дам олдигу, август ойида бўлиб ўтадиган Бутун жаҳон универсиада мусобақасига тайёргарликларни бошлаб юбордик. Шундан сўнг, режамизда шу йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида медаль олиш турибди.

Фарҳодбек Собиров:
– Мен эса аввало, Ашхабодда бўлиб ўтадиган мусобақада яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламан. Кейин кутилган жаҳон чемпионатига лицензия оламиз. Ҳозирча олдимизда учта асосий мусобақа Озарбайжон давлатининг Ашхабод шаҳрида ўтказиладиган мусобақа – Бутунжаҳон универсиадаси ва албатта, жаҳон чемпионати турибди.

– Оғир атлетикачилар терма жамоаси кўпроқ Анталияда, Қозонда, Литвада бўласизлар. Қайси жой сизларга кўпроқ ёқади?

Шаҳзодбек Худойберганов:
– Шахсан менга Анталия ёқади. У ернинг ҳавоси яхши, манзараси ажойиб. Айниқса, энг ёқадиган томони: у ердаги доимий борадиган меҳмонхонамизнинг соҳил бўйида жойлашгани.

Фарҳодбек Собиров:
– Қозон шаҳрининг ҳам ўзига яраша яхши томонлари бор. У ернинг овқатлари яхши. Ошхонаси бизникига ўхшаб кетади. Аслида фаслга қараб жой танлаймиз. Мисол учун ёзда Анталия яхши бўлади.

– Чет давлатга борганингизда овқатланиш тартиби қандай бўлади?

Шаҳзод Худойберганов:
– Ҳамма жойда ҳар хил. Қозонга борганимизда жуда яхши бўлади. Япония, Хитой, Кореяга борганимизда овқатланиш томондан бироз қийналамиз. Уларнинг овқатлари бизга тўғри келмайди.

– Оғир атлетикадан ташқари қайси спорт мусобақаларини қизиқиш билан томоша қиласизлар ?

Шаҳзод Худойберганов:
– Мен олдин боксга қатнашганим учунми, профессионал бокс мусобақаларини катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Мисол учун Ўзбеклардан профессионал боксда катта ғалабаларга эришаётган ҳамюртимиз Фазлиддин Ғойибназаровни жангларини ҳам завқ билан томоша қиламан.

– Оғир атлетикада қандай ҳолатларда оғир жараҳот олиши мумкин ?

Фарҳодбек Собиров:
– Бундай ҳолатлар кўпинча машғулотларга тайёр бўлмай бориш оқибатида юзага келади. Бу эса спортчини кутилмаганда ёмон аҳволга тушириб қўяди. Бундан ташқари, дам олмасдан борсангиз, ланж, чарчаган ҳолатда машқни бажаришни бошлаш жароҳат олишга олиб келади. Ўғир атлетикада асосан бел, тизза кўп жароҳат олади.

Шаҳзод Худойберганов:
– Тайёргарлик кўриш учун машғулотга бир соат олдин етиб борамиз. Агар машғулотимиз соат 10:30 да бошланадиган бўлса, биз тайёргарликни соат 9:30дан бошлаймиз. Бу жароҳат олмасликни, яхши машғулот олиб боришни кафолатлайди.

– Олимпиада сизлар учун…?

Фарҳодбек Собиров:
– Олимпиадага қатнашиш ҳар бир спортчининг орзуси. Олимпиадада медаль олиш осон эмас. Шунинг учун тайёргарликни ҳозирдан бошладик. Ҳали бизнинг уч йил вақтимиз бор. Тайёрлансак худо хоҳласа чемпион бўлиб қайтамиз.

– Чет тилларини билиш спортчига қанчалик фойда беради?

Шаҳзод Худойберганов:
– Тилни билиш спортчига жуда ҳам керак, чунки кўп мусобақалар чет давлатда ўтказилади. Мен ҳам инглиз тилини биламан. Бу чет давлатда мусобақалар ўтказилаётганда фойда беради. Рақиблар билан мусобақа иштирокчилари билан гаплашиш қизиқ.

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Шаҳзода Абдуллаева ёзиб олди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!