"Мен учун ўртача натижа, яқинда янгилик бўлиб қолади" - "Қайрат"да чемпионликка эришган Иброҳимхалил Йўлдошев билан суҳбат

Келаси йили 24 ёшни қаршилайдиган футболчимиз Иброҳимхалил Йўлдошев жорий мавсумда “Қайрат” таркибида Қозоғистон чемпионлигини қўлга киритди.

Легионеримиз Россиянинг “Нижний Новгород” жамоасидан “Қайрат”га бир йилга ижарага ўтганди. Йўлдошев “Қайрат”нинг чемпионлиги учун муносиб ҳиссасини қўша олди.

Ҳаюмртимиз у ерда ҳаммаси бўлиб 23 та ўйинда майдонга тушди. 2 та гол урди ва 4 та голли пасни амалга оширди. 1980 дақиқани майдонда ўтказди.

Ҳозирда Йўлдошевнинг “Қайрат”даги ижара муддати якунланган. Sports.uz журналисти эса Иброҳмхалил билан боғланиб, ундан интервью олди. 

- Иброҳимхалил, сиз “Қайрат” билан Қозоғистон чемпионлигини қўлга киритдингиз. Яъни, Қозоғистонга келдингиз, кўрдингиз ва забт этдингиз. Ҳаммаси қандай юз берди?

- “Қайрат”га келишимни биринчи сабаби, “Нижний Новгород”да етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаганлигим билан боғлиқ. Мени “Қайрат”да жуда илиқ кутиб олишди. Чунки Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам меҳмондўст халқ ҳисобланади, буни ҳамма билади. Лекин Россияда нисбатан ундай эмас. “Қайрат”да эса мени биринчи кунданоқ илиқ қарши олишган. Ҳалигача меҳмондўст. Деярли ҳаммаси билан яхши муносабатдаман. Ички муҳит менга ёқди. Чемпионликка келадиган бўлсак, нафақат мен, балки жамоамизда ҳам тўғриси ишонишмаганди. Нега десангиз, чемпионлик учун бизни имкониятимиз камроқ эди. Турнир жадвалидаги учинчи ўрингача бўлган клублар чемпион бўлиши мумкин эди. Жамоамиз эса чемпион бўлишини хоҳласа, ҳамма учрашувларни ютишимиз керак эди ва буни уддасидан чиқдик. Адашмасам, охирги 5 та учрашувнинг барчасида ғалаба қозондик. Таъқибчиларимизни ортда қолдириб чемпион бўлдик.

- Аслида клубни чемпионлик вазифаси бормиди ёки бошидан бир бош баланд сакрадими? 

- Клубда албатта чемпионлик истаги бор эди. Буни чемпионат бошланишидан олдин клуб президенти ва мураббийимиз айтиб ўтганди. “Қайрат”ни Қозоғистонда ўртамиёна деб бўлмайди. Кучли учталикдан тушмайдиган жамоа. Олдиндан Чемпионлар лигаси саралаш босқичларида ўйнаб келган. Ҳар йили чемпионлик вазифаси қўйиладиган клуб ҳисобланади.

- Сиз “Қайрат” таркибида жами 23 та ўйинда 2 та гол уриб, 4 та голли пас узатдингиз. Ҳимоячи сифатида бу сизни қониқтирдими? 

- 2 та гол уриб, 4 та пас берган бўлсам, буни мен учун яхши деб ҳам айта олмайман. Ўз қарашларим бўйича айтадиган бўлсам, аслида ёмон ҳам эмас, лекин мен учун ўртача натижа. Агар мен ўсмоқчи ва яхши клубга ўтмоқчи бўлсам бу кўрсаткич етарлича эмас. Лекин мени ҳимоячи позициямда бу натижа ўртачадан юқори турса керак. Рости, голли узатмаларим камроқ бўлди, деб ўйлайман. Чунки қанот ҳимоячиси кўпроқ голли узатмаларни амалга ошириши керак. Бундан ҳам яхшироқ натижалар қилсам бўларди.

- Қозоқ футболида сизга ёққан ва ёқмаган нарса нима бўлди?

- Нима десам бўлади? Мени ажаблантирган нарса, олдинги интервьюларимда айтган бўлсам керак, бу майдон, ташкилий ишлар масаласи. Лекин “Қайрат” жамоасида жуда зўр. Бошқа клубларни камситмоқчи эмасман. Аммо сафарларга чиққанимизда кўзга ташланиб қолади. Солиштирадиган бўлсам, Ўзбекистон чемпионати майдон ва ташкилий масалалар бўйича юқорида туради. Албатта, Қозоғистонда ҳам ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилган ва майдони яхши бўлган жамоалар бор, бироқ саноқли. “Қайрат” базаси, шароитлари, майдон бўйича Қозоғистоннинг етакчиларидан. Ҳар бир чемпионатни ўзига яраша камчилик ва ижобий томонлари бор. Менга ёққан нарса, биринчи навбатда “Қайрат”ни базаси, у ердаги муҳит. Мени бунчалик зўр кутиб олишларини ўйламагандим. Бир-икки кундаёқ у ердагилар мен билан яхши муносабатда бўлиб кетишди. Жуда яхши тил топишиб кетдик. Янги клубга киришиб кетишим “Нижний Новгород”га нисбатан яхши бўлди. Россияда муҳитга мослашишга қийналгандим.

- Чемпионлик учун клуб сизларга қандай бонус ваъда қилган ва уни бердими?

- Клуб бизга бонус ваъда қилган, ҳатто чемпионат бошланишидан олдин. Лекин мен бу ҳақида айта олмайман. Бу шахсий нарса. Қолаверса, шартномада ҳам пул масаласида ошкор қилишимиз мумкин эмаслиги ёзилган. Лекин ҳали бонусни бермади.

- Мавсумни бир қатор мураббийлар билан ўтказдинлар. Одатда, бирор жамоада мураббий алмашса акс таъсир қилиши ҳам мумкин. “Қайрат”да мураббий ўзгаргани ижобий таъсир қилди, шундайми? Сизга қайси мураббий билан ишлаш қулай бўлди?

- Ҳа, мен борганимда бошқа мураббий эди. У мени жуда яхши биларди. Чунки “Нижний Новгород”да ўйнаб юрганимда мени кузатиб борган экан. Биринчи кунданоқ ўз хонасига чақириб суҳбатлашдик. “Қайрат”нинг ўйин услуби қандайлиги, мени ўйиним жамоага қандай тушиши борасида тушунтириб ўтганди. Кейин эса Кержаков бош мураббий этиб тайинланди. Бу мутахассис билан “Нижний Новгород”да бирга ишлагандик. Ўшанда у мени “Нижний Новгород”га чақирганди. Кержаков фаолиятимда менга ёққан мураббийлардан бири бўлади. У билан ҳам жуда яхши ўйинларни ўтказдик. Билмайман, айрим сабабларга кўра клубдан кетди. Ўрнига Уразбахтин тайинланди. У олдин ёшлар жамоасида ишлаган. Кержаковдан кейин бош мураббий бўлди. Ҳар бир мураббийни ўзига яраша ўйин услуби, футболчи танлаши бўлади. Менга ҳар учаласини ҳам ўзига яраша ёқадиган тарафлари бор. Қайсидир жиҳатларим уларга манзур келади. Ҳамма мураббий билан яхши келишиб ишладик. 

- “Қайрат” клубидаги ижара шартномангиз якунланди. Режангиз қандай? Яна "Нижний Новгород"га қайтасизми?

- Ҳа, тугади. “Қайрат”га “Нижний Новгород”дан ижарага келгандим. Бу масалада агентлар шуғулланишади. Ҳали иш якунига етмади. Яқинда янгилик бўлиб қолади. Ҳозирча бир нима дея олмайман.

- Мавсумдан сўнг кўпчилик футболчилар хордиқ чиқаргани турли мамлакатларга бориб келмоқдалар. Сиз қишки таътилни қаерда ўтказяпсиз?

- Тўғри, деярли 90 фоиз футболчилар қийин мавсумдан кейин дам олишга кетишади. Мен бу йил Ўзбекистонда қолдим. Оилам билан биргаман.

- Бу йил ўзбек футболида сизни ёқимли ажаблантирган нарса нима бўлди?

- Менимча, Ўзбекистон олимпия терма жамоасини Олимпиадага  йўл олгани бўлса керак. Қатардаги Осиё чемпионатида мен ҳам қатнашдим. Иккинчи ўринни эгаллаган бўлсак ҳам менимча биринчи ўринга ҳақли эдик. Жуда қизиқ бўлди. Олимпиадага чиқиб, ўзбек футболи тарихига кирдик. Бу ёқимли маънода ажабланарли ва хурсандчиликка бой бўлди. Ўзбекистон чемпионатида “Насаф”нинг чемпионликка эришгани янгилик бўлди, деб айта оламан. Бу клуб биринчи марта чемпионликни қўлга киритди.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!