Осиё Кубоги-2019: Биринчи тур ўйинлари бизга нималарни тақдим этди? (Бекзод Исаев блоги)
Хабарингиз бор, айни кунларда Бирлашган Араб Амирликларида навбатдаги Осиё Кубоги мусобақасининг иккинчи тур ўйинлари бошланди. Биз ортда қолган дастлабки тур ўйинларининг қисқача маълумотларини сизларга тақдим этамиз.
Турнирнинг очилиш куни мезбонлар Баҳрайн билан куч синашишди. Учрашувдан олдин кўпчилик икки хил тахмин билдирди. Айримлар мезбон жамоа - БАА босимда ўйнайди ва бу унга панд бериши мумкинлигини, баъзилар эса ғалаба қозонишини айтишганди. Шу куни биринчи тахминчиларнинг фикрлари тўғри чиқди. Чунки БААнинг олтин авлоди дея аталаётган таркиб сал қолса, Баҳрайнга имкониятни бой бериши мумкин эди. Иорданиялик ҳакам уларнинг бахтига меҳмонлар дарвозасига пенальти белгилади. Захирадан майдонга тушган Аҳмад Ҳалил 11 метрли жарима зарбасидан самарали фойдаланиб, мухлислари қаршисида жамоасини уялиб қолмаслигини таъминлади.
Иккинчи куни Ҳиндистон барчани ажаблантирди. Таиландга қарши баҳсда ҳиндлар ажойиб ўйин намойиш этиб, йирик ҳисобдаги ғалабани тантана қилишди. Мағлубиятга чидай олмаган Таиланд футболи раҳбарлари жамоа бош мураббийини истеъфога чиқаришди.
Мусобақанинг иккинчи куни ҳам сенсациялардан ҳоли ўтмади. Соврин учун асосий фаворит саналган Австралия 26-дақиқада киритилган голга жавоб бера олмади. Натижада, “яшил қитъа” вакиллари стартни мағлубият билан қарши олишди.
Сурия – Фаластин учрашувида ҳисоб очилмади. Ўйинни ҳамюртимиз ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошқариб борди. Эътиборлиси, Осиё Кубоги-2019даги дастлабки қизил карточка айнан Эрматов томонидан кўрсатилди.
Фаластин терма жамоаси Осиё Кубогида биринчи марта “қуруқ” ўйин ўтказди. Улар 2015 йилги Австралиядаги қитъа чемпионатида жами 11 маротаба гол қўйиб юборишганди. Шунингдек, фаластинликлар ўзларининг ноҳуш анъанасига «содиқ» қолган ҳолда, кетма-кет иккинчи бор Осиё Кубогининг дастлабки учрашувида қизил карточка билан «сийланди». 2015 йилда Фаластин вакили Аҳмед Маҳажна гуруҳ босқичининг илк учрашувида майдонни эрта тарк этган эди.
Сурия терма жамоаси шу пайтга қадар ўтказилган Осиё чемпионатларида биринчи бор дуранг натижа қайд этди (14 ўйин, 5 ғалаба, 8 мағлубият). Улар сўнгги бор, 1984 йили Қатар билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекишганди.
Хитой – Қирғизистон ўйинида ҳам сал қолса, сенсация кузатилиши мумкин эди. Лекин Қирғизистон дарвозабонининг қўпол хатоси футболчиларнинг кайфиятига ёмон таъсир қилди. Якунда хитойликлар зафар қучишди.
Эътиборли томони шундаки, тарихда илк бор Осиё Кубогида иштирок этаётган Қирғизистон терма жамоаси ўзининг биринчи голини урди. Дарвозани ишғол қилган Аҳлиддин Исроилов айни пайтда бирор бир клубда фаолият юритмайди. Унинг сўнгги клуби Индонезиянинг "ПСИС Семаранг" жамоаси эди. Қирғизистонликлар Осиё Кубоги тарихида дарвоза томон йўллаган илк зарбасини голга айлантира олган биринчи терма жамоа бўлишди
Хитойликлар охирги 4 та Осиё кубогида гуруҳ босқич баҳсларини ғалаба билан бошлаган. Сўнгги бор улар 1996 йилги Осиё кубогининг илк ўйинида мағлубиятга учрашган. Ўшанда улар Ўзбекистон терма жамоасига имкониятни бой беришганди.
Жанубий Корея ўртоқлик учрашувларидаги шижоатни кўрсата олмади ёки кўрсатгиси келмади. Паулу Бенту шогирдлари Ўзбекистонга қарши баҳсдаги ўйинини кўпчилик эсидан чиқармаган бўлса керак.
Етакчилар борасида гап кетганда, Эрон ўз номига яраша “иш қилди”. Карлуш Кейруш шогирдлари рақибини “аяб” ўтирмади. Фақатгина Эрон учрашувлардаги фаворит қандай ҳисобда ғалаба қозониши кераклигини кўрсатиб қўйди.
Вьетнам Ироқ билан баҳсда тенг ўйин кўрсатди. Икки бор ҳисобда олдинда борди. Аммо голларга бой учрашувда ироқликлар уч очкони қўлга киритишди.
Мусобақанинг уч карра ғолиби - Саудия Арабистони терма жамоаси илк турда КХДРга қарши баҳс олиб борди ва рақиблари дарвозасига жавобсиз 4 та тўп киритишга эришди. Шу тариқа, Шимолий кореяликларнинг Осиё Кубокларидаги ғалабасиз серияси давом этди. КХДР термаси қитъа биринчилигида қаторасига 12-ўйиндирки, ғалаба нима эканлигини билмай келмоқда. Улар сўнгги бор 1980 йил Қувайтда ўтган Осиё Кубогининг гуруҳ босқичи доирасида Яманни 2:1 ҳисобида мағлуб этишнинг уддасидан чиқишганди.
Ливан Қатарга қарши учрашувда 65 дақиқа тура олди холос. Ундан кейин қатарликлар маҳорат эвазига икки бор дарвозани ишғол қилишди ва биринчи турда ғалаба қозонганлар қаторидан ўрин эгаллашди.
Япония илк турда осон ғалабага эришишини ўйлаган бўлса, ажаб эмас. Аммо Туркманистон терма жамоаси уларга етарлича қаршилик кўрсатди. Хатто туркманлар биринчи бўлиб дарвозани ишғол қилишди. “Бухоро” клуби шарафини ҳимоя қилган Арслонмурот Омонов ажойиб зарбаси борлигини яна бир бор намойиш этди. Араб экспертлари Аманов зарба берган тўпнинг тезлиги 113 км/соатни ташкил этганини маълум қилишди. Бироқ учрашувда тўрт карра Осиё чемпионлари ғалаба қозонишди.
Биринчи турнинг охирги ўйини биз учун ижобий ҳотима топди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳдаги асосий рақибини таслим этди. Одил Аҳмедовнинг бурама зарбаси ва Эктор Купернинг ўйинчи алмаштиришдаги топқирлиги ғалабамиз омили бўлди.
1-тур
“А” гуруҳи
БАА – БАҲРАЙН 1:1
Голлар: Ҳалил пенальти 88 – Ал Ромайхи 78
ТАИЛАНД – ҲИНДИСТОН 1:4
Голлар: Дангда 33 – Четри пенальти 27, 46, Тапа 69, Лалпекхлуа 81
“В” гуруҳи
АВСТРАЛИЯ – ИОРДАНИЯ 0:1
Гол: Бани Яссин 26
СУРИЯ – ФАЛАСТИН 0:0
"С" гуруҳи
ХИТОЙ – ҚИРҒИЗИСТОН 2:1
Голлар: Матяш автогол 50, Дабао 78 – Исроилов 42
ЖАНУБИЙ – ФИЛИППИН 1:0
Гол: Хван 67
"D" гуруҳи
ЭРОН – ЯМАН 5:0
Голлар: Тареми 12, 25, Дежага 23, Азмун 53, Годдос 78
ИРОҚ – ВЬЕТНАМ 3:2
Голлар: Али 35, Тарик 60, Аднан 90 – Фаёз автогол 24, Нгуен 42
"E" гуруҳи
САУДИЯ АРАБИСТОНИ – КХДР 4:0
Голлар: Бахебри 28, Ал Фатиль 27, Ал Давсари 70, Ал Муваллад 87
ҚАТАР – ЛИВАН 2:0
Голлар: Ал Рави 65, Али 79
"F" гуруҳи
ЯПОНИЯ – ТУРКМАНИСТОН 3:2
Голлар: Осако 56, 60, Доан 71 – Омонов 27, Атаев пенальти 79
ЎЗБЕКИСТОН – УММОН 2:1
Голлар: Ахмедов 34, Шомуродов 86 – Ал Гассани 72
Фикрлар