"Қизилқум" Фарғонадаги байрамни бузадими ёхуд бу турда чемпион номи аниқланади...ми?

  • 19 ноябрь, 11:06
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Бугун Суперлиганинг 29-тури бошланади. Бу турда мамлакат чемпиони номи аниқланиши мумкин. Шу сабабли бу тур барчанинг диққат-марказида бўлиб турибди.

Tecno

19 ноябрь

16:00. “Шўртан” - “Бухоро”

Суперлигани муддатидан илгари тарк этиб бўлган “Шўртан” лигада қолиш учун курашаётган “Бухоро”ни қабул қилади. Александр Хомяков жамоасига плей-оффга қолиб кетмаслик учун фақат ғалаба керак. “Шўртан” ўз уйида жорий мавсумда Суперлигадаги сўнгги ўйинини ўтказади ва мухлислари кўз ўнгида ғалаба билан якунлашга ҳаракат қилади. Имкониятлар эса тенг

20 ноябрь

16:00. “Сурхон” - ОКМК

Бу жуфтликда ҳам имкониятлар тенг баҳоланяпти. ОКМК катта эҳтимол 6-ўриндан пастга тушиб кетмайди. Ғалабалар эса нари борса 5-поғонага олиб чиқиши мумкин. “Сурхон” ўз уйида ОКМКни енгиши учун энг яхши ўйинларидан бирини кўрсатиши керак.

18:15. “Пахтакор” - “Насаф”

Турнинг марказий ўйини. Катта эҳтимол билан жамоалар иккинчи ўрин учун курашишмоқда. Майдоннинг ҳар бир қарич ерида жиддий кураш кечади. “Насаф” чемпионлик йўлида охирги турларда жуда қимматли очколарни бой берди. “Пахтакор”га қарши бўлиб ўтадиган учрашувда руҳий тайёргарликка ҳам кўп нарса боғлиқ. Бу борада “Насаф”да муаммолар бордек. Барибир чемпионлик учун курашда пешқадамликни “Нефтчи”га топшириш қўйгани қаршиликларга алам қилиши бор гап.

21 ноябрь

16:00. “Машъал” - “Навбаҳор”

Ўтган турда сенсацион тарзда Қаршида “Насаф”ни ютиб, чемпионлик учун курашдаги имкониятларини пасайишга сабаб бўлган “Машъал” бу сафар “Навбаҳор”ни қабул қилади. “Насаф”ни ютишни уддалаган “Машъал” “Навбаҳор”га қарши ҳам бу ишини бажаришига кўпчилик ишониши табиий. Муборакликлар плей-оффда ўйнашни истамаслиги учун “Навбаҳор”ни ютиши талаб этилади. Бу ўйин ҳам ўзига яраша қизиқарли кечади.

18:15. “Динамо” - “Қўқон-1912”

Вадим Абрамов жамоасида мавсумни иккинчи ўринда якунлаш учун яхши имконият бор. 15 ноябрь куни “Динамо” 21-турнинг қолдирилган ўйинида “Андижон”ни енгиш орқали медаллар учун курашда жуда яхши имкониятга эга бўлиб турибди. Қўқонликларни мағлуб этиш Абрамов жамоасининг имкониятларини янада ошириши турган гап. “Динамо” бу учрашувда фаворит.

18:15. “Андижон” - “Хоразм”

Охирги турлардаги муваффақиятсизликдан кейин “Андижон” клуби бош мураббийи Максим Шацких истеъфога чиқарилди. Турнир жадвалидаги иккала жамоанинг ҳолати у қадар кўнгилдагидек эмас. Айниқса, лигада қолиш учун плей-оффга қолиб кетмаслик учун мезбонларга ғалаба жуда зарур. “Хоразм” эса сўнгги иккита ўйинни ютган тақдирда ҳам барибир плей-оффда ўйнайди. “Андижон”ни ушбу учрашувга Акмал Шораҳмедов тайёрламоқда. “Бобур арена”даги ўйинни кузатиш албатта қизиқ бўлади.

22 ноябрь

14:00. “Сўғдиёна” - “Бунёдкор”

Иван Бошкович собиқ жамоаси - “Бунёдкор”ни қабул қилади. Охирги иккита турда ютган “Сўғдиёна”нинг охирги иккита турда ютқазган “Бунёдкор”га қарши ўйини томошабоп ўтишини тахмин қилиш қийин эмас. Жамоаларнинг ўйин услублари бир-бирига ўхшаш. Минимум иккита гол кўрсак керак.

16:15. “Нефтчи” - “Қизилқум”

Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтадиган “Нефтчи” - “Қизилқум” ўйини учун чипталар сотуви бошлангач, соатлар ичида сотиб бўлинибди. “Нефтчи” ушбу учрашувда ғалаба қозонса мамлакат чемпионлигини қўлга киритади. Шунинг учун ўйиннинг аҳамияти жуда юқори. Фарғоналик мухлислар севимли жамоасининг ниҳоят азалий орзусига эришишини кўриш иштиёқидалар. Эшитишимизча, “Қизилқум” раҳбарияти футболчиларига ғалаба учун уч баробар мукофот пули ваъда қилишибди. Ана сизга руҳлантириш. Албатта, “Нефтчи”да ҳам бу борада руҳлантириш бор. “Қизилқум” мезбонларнинг байрамини бузиб, чемпионлик масаласини кейинги турга қолдиришга сабаб бўладими ёки Левченко ҳаммасига ушбу турда узил-кесил нуқта қўядими? Бу марказий ўйин ва ўтказиб юборманг. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!