Ўзбекистон МТЖнинг йиғини, ПФЛнинг Лушчанга нисбатан санкцияси ва бошқалар ҳақида
Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.
Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.
Ўзбекистон МТЖнинг Туркия йиғинига борадиган рўйхати эълон қилинди. Осиё Кубоги олдидан охирги йиғинга Эктор Купер ўзи учун янги футболчиларни жалб этди. Виталий Денисов эса бу гал ҳам аргентиналик мураббийнинг эътиборини торта олмаган кўринади. Кўпчиликни ҳайрон қилдирган жиҳат шуки, бош жамоамиз устози шогирдлари Осиё Кубогида чемпион бўлса, натижадан қониқишни айтди.
Эктор Купер 15-30 декабрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғинга жалб қилинган 27 нафар футболчининг номини эълон қилди.
Дарвозабонлар: Игнатий Нестеров ("Локомотив"), Ўткир Юсупов ("Қўқон-1912"), Санжар Қувватов ("Насаф"), Жавоҳир Илёсов ("Металлург")
Ҳимоячилар: Егор Кримец ("Пахтакор"), Анзур Исмоилов ("Локомотив"), Достонбек Турсунов ("Нефтчи"), Ислом Тўхтахўжаев ("Локомотив"), Олег Зотеев ("Локомотив"), Фаррух Сайфиев ("Пахтакор"), Акмал Шораҳмедов ("Пахтакор"), Даврон Ҳошимов ("Навбаҳор")
Ярим ҳимоячилар: Одилжон Ҳамробеков ("Насаф"), Одил Аҳмедов ("Шанхай СИПГ", Хитой), Отабек Шукуров ("Шаржа", БАА), Дилшод Раҳматуллаев ("Пахтакор"), Фозил Мусаев ("Жубило Ивата", Япония), Жалолиддин Машарипов ("Пахтакор"), Азизбек Турғунбаев ("Навбаҳор"), Достонбек Ҳамдамов ("Анжи", Россия), Жасурбек Яхшибоев ("Пахтакор"), Жавоҳир Сидиқов ("Қўқон-1912"), Икромжон Алибоев ("Локомотив"), Элдор Шомуродов ("Ростов", Россия)
Ҳужумчилар: Марат Бикмаев ("Локомотив"), Сардор Рашидов ("Локомотив"), Иван Нагаев ("Қизилқум")
Ҳўш, таркибда қандай ўзгаришлар бор?
Мазкур кенгайтирилган таркибга Купер аввал терма жамоа йиғинига жалб этмаган янги номлар йўқ эмас. Улар Жавоҳир Илёсов (дарвозабон), Фозил Мусаев ва Дилшод Раҳматуллаев (таянч ярим ҳимоячилар).
Аввалги йиғинларга жалб қилинган Шерзод Аъзамов, Владимир Козак ва Ҳусниддин Ғофуров бу гал таркибга киритилмади. Виталий Денисов эса яна рўйхатда йўқ.
Иван Нагаев эса Туркия йиғинига жалб этилди. Бизнингча, Нагаевдан кўра Ҳусниддин Ғофуров таркибга киритилганда яхшироқ бўларди. Тўғри, натижага мураббий жавоб беради ва ҳар доим, ҳар қандай мутахассиснинг қарори ҳаммага ҳам маъқул келавермайди. Бироқ, Ғофуровнинг бу мавсум кўрсатган ўйинлари шу фикрга боришимизга сабабдир. Купер балки Иван Нагаевни Ҳусниддин Ғофуровдан кўра ҳужумда фойдаси кўпроқ тегади деб ўйлар.
Суперлигада энг яхши дарвозабон бўлган Элдор Суюнов "Пахтакор" машғулотида қўлини синдириб олганди. Аммо Элдор шу кунларда машғулотларда қатнашиши кутилмоқда. Аммо Купер уни Осиё Кубогига олиб кетадими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади.
Маълумот ўрнида, терма жамоамиз 30 декабрь куни юртимизга қайтиб келади. Кейин эса 2 январь куни Осиё Кубогида қатнашиш учун Бирлашган Араб Амирликларига учиб кетади.
Эктор Купер Туркия йиғини олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида эътиборни тортадиган фикрларни айтиб ўтди.
- Австралиядаги йиғиндан кейин журналистларда кўплаб саволлар пайдо бўлди. Хатоларимиз етарлича. Ютқазиш ёқимсиз. Аммо бунинг мураббий учун ижобий томони мавжуд. Яъни мағлубиятдан сўнг камчиликларимизни билиб олдик.
Франция ҳам ҳимоявий ўйин кўрсатиб жаҳон чемпионига айланди. Уларни ҳамма ҳам ҳуш кўрмади. Бироқ натижа кўрсатди. Агар хато қилаётганимни сезсам, дарҳол тактикани ўзгартираман. Балки Осиё Кубогида бошқача услубда ўйнармиз. Хавотир олманг бизда “Б” режаси ҳам борлигини таъкидлади.
Футболчиларнинг кўплиги ёки камлиги борасида шундай деди: Германияда футболчилар кўп. Лекин жаҳон чемпионатида гуруҳда қолиб кетди. Хорижда тўп тепаётган футболчилар ҳозирги таркибдан кучли дея олмаймиз ёки аксинча. Доим мураббийнинг қарорига қарши чиқадиган одамлар учраб туради. У футболчини нега чақирдингиз, бу ўйинчини нима сабабдан жалб этмадингиз каби.
Худо хоҳласа Осиё Кубогида чемпион бўлишимиз мумкин. Ушбу мусобақадан умидим катта. Қитъа биринчилигида бош совринни қўлга киритсак, натижадан қониқиш ҳосил қилардим, дея сўзини якунлади.
Биз эса Эктор Купернинг ниятлари ушалишини тилаган ҳолда Осиёда яна ўз мавқеимизни тиклаб олишимиз ишонч билдирамиз.
“Бунёдкор”ни ҳар ким ҳар томондан таламоқда. “Сўғдиёна” билан шартномани узайтирган Сергей Лушчан ўзининг собиқ жамоаси билан судлашмоқда. ПФЛ эса учинчи томон бўлиб, Лушчанга айни пайтда урфга айланганидек санкциялар қўлламоқчи.
Хабарингиз бор, Сергей Лушчан апрель ойида “Сўғдиёна”ни қабул қилди.
Ўтган давр мобайнида Сергей Иванович ёшларга имконият бериб, Шахбоз Жўрабеков, Ойбек Нурматов, Саҳоб Рашидов, Сирож Мелиев каби футболчиларни кашф этди, дея ҳисобламоқда клуб мутасаддилари.
Ушбу жиҳатларни инобатга олиб, “Сўғдиёна” ПФК раҳбарияти Сергей Лушчан ва унинг ёрдамчилари: Муҳиддин Ортиқов (катта мураббий), Чирита Августин (жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий) билан шартномаларни узайтирди.
Сергей Лушчан "Бунёдкор" билан судлашмоқда. Нега?
Хабарингиз бор, Сергей Лушчан бир неча йил аввал Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасида мураббийлик қилган. Ушбу даврдан “қалдирғчолар”нинг натижалари билан бирга моддий томони ҳам ёмонлашаётганди. Аммо клуб мураббийлари яхшигина маош олаверген. Барчаси шундан бошланган. Гарчи “Бунёдкор”нинг энг ёмон натижаси айнан Лушчан даврига тўғри келса ҳам мутахассис ойлик борасида яхшигина рақамларни ўзи учун қайд этиб қўйган экан. Аммо Лушчаннинг айтишича, “Бунёдкор” унинг маошини охиригача бермаган. Ҳозирги кунда клуб мураббийдан 800 миллиондан ортиқроқ пул бериши керак экан. Бироқ “Бунёдкор” бу суммани бера оладими? Табиийки йўқ. Лушчан нима қилади? Клубни судга берди. Мураббийнинг айтишича, бу иш билан унинг адвакатлари шуғулланган.
ПФЛ нега санкция қўлламоқчи?
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “Сўғдиёна” клуби бош мураббийи Сергей Лушчан билан шартномани узайтиргани борасидаги хабарлар пайдо бўлганидан келиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади ва клубни расман огоҳлантиради.
1) Сергей Лушчан айни вақтда “Бунёдкор” клуби билан судлашаётганидан ва бу ишни ЎФАни четлаб ўтиб, бошқа органга оширганидан келиб чиқиб, расман тушунтириш бериши керак. Йўқса, ПФЛ мазкур ишни ЎФА ижроқўми бюросига қадар ошириб, ФИФА низомларига зид ҳаракати учун Лушчанни Ўзбекистонда фаолият олиб боришини чеклаш бўйича иш очишни сўрайди.
2) Сергей Лушчан “Бунёдкор” билан шартнома тузаётган вақтида айрим қонун ҳужжатларига зид келувчи ҳолатларга йўл қўйган бўлиши мумкин. Клубнинг мазкур шубҳаси ўз тасдиғини топса, ҳар икки томон бу масала юзасидан тегишли органлар олдида жавоб бериши керак.
3) “Сўғдиёна” клубининг ПФЛ олдида қарздорлиги мавжуд. 2019 йилги мавсум учун клубларни лицензиядан ўтказиш регламенти аллақачон жамоага электрон шаклда жўнатилди. Демак, қарздорлиги мавжуд клублар трансфер ойнасида фаол бўла олмайди. Бу ҳолат бош мураббийлар билан тузиладиган шартномаларга талуқлидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФИФА талабига кўра ПФЛ “Бунёдкор”дан олти очко олиб ташлаганди. Чунки клуб украиналик футболчининг пулини бермаган.
Мана шундай гаплар. Айни пайтда бу ҳолатлар қандай ечим топишини эса вақт кўрсатади. Балки кўрсатувнинг кейинги сонига барча ўз муродига етар.
Икром Алибоев легионерга айланди. “Локомотив” футболчиси Жанубий Кореянинг "Сеул" клубига кўчиб ўтди.
Тошкентнинг "Локомотив" клуби ярим ҳимиоячиси Икром Алибоев легионерга айланди. Футболчи Жанубий Кореянинг «Сеул» клуби сафига кўчиб ўтди. Бу ҳақда Жанубий Корея клуби расмий сайти хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, томонлар 2021 йилга қадар шартнома имзолашди.
Икром Алибоев 2013 йили "Локомотив"да дебют ўйинини ўтказганди. Шундан буён у ўтган 6 мавсум давомида 97 учрашувда “темирйўлчилар” шарафини ҳимоя қилди ва рақиблар дарвозасини 11 бор ишғол қилди.
"Жакарта-2018" Осиё ўйинларида ўзининг ажойиб ўйинлари билан Ўзбекистон термасининг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшган Икром Алибоев "Сеул" клуби ва кореялик мухлисларнинг назарига тушди.
Ёш ва ғайратли футболчи 2019 йилнинг 1 январида эътиборан янги жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
Кореяга кўчиб ўтган ярим ҳимоячи дастлабки фикрларини билдириб ўтди.
- "Сеул" клуби футболчисига айланганимдан хурсандман. Ушбу жамоа бой тарихга, ажойиб инфратузилмага ва чиройли стадионга эга. Клуб расмийлари мени аъло даражада кутиб олишгани учун уларга миннатдорчилик билдираман. Ўз вақтида "Сеул"да Сервер Жепаров муваффақиятли тўп тепган. Мен ҳам ўз ўйинларим билан жамоа тарихидан ўрин эгалламоқчиман, - дея ўз фикрларини билдириб ўтди Икром Алибоев.
Эслатиб ўтамиз, Сервер Жепаров 2010-2011 йилларда "Сеул" шарафини ҳимоя қилган ва жамоа билан Жанубий Корея чемпионига айланганди.
ЕЧЛда бир тур аввал “Ливерпуль”нинг аҳволи оғирлашгани борасида ҳамма гапираётганди. Энди бу гал “Реал”нинг ўз майдонидаги йирик мағлубияти муҳокамалар марказида. Эътиборли жиҳати шундаки, “қироллик клуби” ЦСКАга иккинчи ўйинда ҳам гол ура олмади. Москваликлар Мадридда ғалаба қозонишса-да, 4-ўринда қолиб кетишди.
ЕЧЛ 6-тур учрашувларида кутилмаган натижалар қайд этилди. Барчанинг эътибори Мадридда қайд этилган мезбонларнинг мағлубиятига қаратилди. Тўғри, учрашувда мезбонлар жароҳатлар боис иккинчи таркиб билан ҳаракат қилишди. Қолаверса, нимчорак финал йўлланмасини аллақачон ҳал этиб бўлганди. Аммо “Реал”дек жамоа жамоа ўз уйида мухлислари қаршисида 0:3 ҳисобида имкониятни бой бермасди. Россияликлар “Реал”ни икки учрашувда ҳам таслим этди. “Қироллик клуби” икки беллашувда ҳам ЦСКАга гол ура олмади.
Шу тариқа, ЕЧЛ тарихида гуруҳда сўнгги ўринни олган жамоа биринчи поғонадаги клубни мағлуб этиши илк бор рўй берди. Москва клуби 2015 йилдан бери ЕЧЛда илк бор 3 та гол урди. “Армиячилар” охирги марта ПСВ дарвозасига шунча тўп киритганди. Қайд этиш жоиз, ЦСКА жорий мавсум “Реал” дарвозасига “Сантьяго Бернабеу”да 3 та гол киритган илк жамоага айланди.
Шунингдек, ЦСКА кўҳна қитъанинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнири тарихига кирди. Гап шундаки, москваликлар мусобақанинг амалдаги чемпионини икки ўйинда ҳам мағлуб этиб гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетган илк жамоадир.
Бу "қироллик клуби" учун еврокубокларда ўз уйидаги дастлабки йирик мағлубият бўлди. Бунга қадар Мадридда еврокубоклар доирасида 252 беллашув ўтказган "бланкослар" бирор марта 3 та тўп ёки ундан кўп фарқ билан мағлуб бўлишмаган эди ва "армиячилар" бу борада биринчи бўлишди.
Сўнгги бор, "Реал" ЕЧЛда ўз майдонидаги учрашувнинг биринчи бўлимида 0:2 ҳисобида имкониятни бой берганиди "Бавария"га 1:3 ҳисобида ютқазганди. Мазкур баҳс 2000 йилда бўлиб ўтган эди.
Фикрлар