Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ЎФА билан ҳамкорликда ОАВ ходимлари ўртасида футбол мусобақаси ўтказади

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси кўмагида телевидение, радио, матбуот нашрлари, интернет сайтлари, нашриёт-матбаа ижодий уйлари жамоалари ўртасида Агентлик кубоги учун мини-футбол мусобақасини ўтказади.
 
Учрашувлар Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ажратиладиган тажрибали ҳакамлар иштирокида мини-футбол қоидаларига кўра ташкил қилинади.
 
Ғолиблар қуйидаги кўринишда мукофотланади:
 
1-ўринни эгаллаган жамоа аъзоларининг ҳар бирига китоблар жамланмаси, мусобақа кубоги ҳамда жамоага 10 миллион сўм пул маблағи.
 
2-ўринни эгаллаган жамоа аъзоларининг ҳар бирига китоблар жамланмаси ҳамда жамоага 8 миллион сўм пул маблағи.
 
3-ўринни эгаллаган жамоа аъзоларининг ҳар бирига китоблар жамланмаси ҳамда жамоага 6 миллион сўм пул маблағи.
 
Шунингдек, “Энг яхши ўйинчи”, “Энг яхши тўпурар”, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ярим ҳимоячи” ҳамда “Энг яхши ҳимоячи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади ва пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
 
Бугунги кунгача Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Нуроний”, “Халқ сўзи”, “Маърифат” – “Учитель Узбекистана”, “Маҳалла”, “Ёшлар овози” газеталари таҳририятлари, “Тасвир” ижодий уйи, uza.uz таҳририяти, kun.uz интернет нашри, Ғафур Ғулом ва Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, “Ўқитувчи” НМИУ, “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни, Тошкент вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Uzreport TV”, “Зўр ТВ”, “Маданият ва маърифат” телеканаллари мусобақада иштирок этиш учун ариза ҳамда жамоалар рўйхатини топширди.
 
Футбол учрашувлари Ўзбекистон футбол ассоциациясининг сунъий қопламали майдонларида 2018 йилнинг 1-5 декабрь кунлари бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!