Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси Тошкентдаги йиғинни якунлади

Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси 10 январь куни Тошкентдаги "Чиғатой" спорт мажмуасида йиғин бошлагани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.

Ўқув-машғулот йиғини давомида биринчи навбатда футболчи қизларнинг жисмоний тайёргарлигини яхшилашга эътибор қаратилди. Карима Йўлдошева шогирдлари тренажёр залида фитнесс бўйича мураббий билан машғулот олиб боришди. Шунингдек, назарий ва амалий машғулотларда ҳам қатнашишди. Бундан ташқари, футболчи қизлар билан тажрибали психологс Татьяна Усова ҳам иш олиб борди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

- Йиғин аъло даражада ўтди. Таркибдаги барча футболчилар яхши жисмоний ҳолатга чиқиб бормоқда. Биз бу борада катта ҳажмдаги иш олиб бордик. Шунингдек, футболчи қизларни бўлажак мусобақаларга нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан тайёрлаш учун Татьяна Усова хизматларидан фойдаландик.

Навбатдаги йиғин 10-23 февраль кунларига мўлжалланган. Терма жамоанинг муҳим мусобақага олиб бораётган тайёргарлигидан кўнглим тўлмоқда. Осиё чемпионати саралашининг иккинчи босқичида муваффақиятли қатнашиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз, деган умиддаман, - дейди терма жамоа бош мураббийи Карима Йўлдошева.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси шу йилнинг апрель ойида Осиё чемпионати саралашининг иккинчи босқичида иштирок этади. Мазкур мусобақага 13 февраль куни қуръа ташланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!