ПФЛ махсус ишчи гуруҳи “Хоразм” клубини мониторингдан ўтказди
Хабарингиз бор, “ЎФА ва ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент” ишлаб чиқилган ва у ЎФА Ижроқўми бюроси томонидан тасдиқланган.
ПФЛ мазкур регламент асосида футбол клубларини келаси мавсум учун тайёрлаб боради.
Шу сабабдан ПФЛ ишчи гуруҳи Суперлига ҳамда Про лига клубларига ташриф буюриб, клубларнинг янги мавсум тайёргарлиги, қўйилаётган талаблар ижроси бўйича қилинаётган ишларни кўзда кечириб, клубларга зарур хулоса ва тавсияларни бериб бормоқда.
Бугун ПФЛ ишчи гуруҳи “Хоразм” клубининг келаси мавсум режалари билан танишди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, “Хоразм” клуби кейинги йилга улкан режалар қўймоқда. Клуб ўз таркибида аёллар ва футзал жамоаларини шакллантириш устида иш олиб боряпти. Қолаверса, клуб келажакда ўз академиясига эга бўлиш ниятида. Шунингдек, клуб қароргоҳини барпо этиш режаси ишлаб чиқилмоқда.
“Хоразм” клуби ортда қолган мавсумда “Ёшлик” спорт мажмуаси майдонида уй учрашувларини ўтказиб келди. Лекин эндиликда жамоа Урганчдаги “Хоразм” спорт мажмуасида меҳмонларни қабул қилиши кўзда тутилмоқда. Шу сабабдан ишчи гуруҳ “Хоразм” спорт мажмуасини бориб кўрди. Маълум бўлишича, 2015 йилда қуриб битказилган мазкур аренада бемалол Про лига ҳамда Суперлига ўйинларини ўтказиш мумкин. Стадионда хатто CIP, VIP ўринлар, ОАВ вакиллари учун алоҳида медиа-трибуна ҳам мавжуд. Фақатгина айрим муаммолар бартараф этилса бўлгани. Стадионга Thorn бренди ишлаб чиқарган жуда яхши ёритувчи ёритгичлар ҳам олиб келинган бўлиб, майдон чими янгитдан ётказила бошлангач прожекторлар ҳам бошқатдан ўрнатилиши кўзда тутилмоқда.
Стадиондаги кийиниш хоналари ҳолати ҳам анча яхши. Фақат майдон чими эътиборслизликдан сифатсиз ҳолатга келиб қолган. “Хоразм” клуби агар ўз уй ўйинларини айнан мана шу спорт мажмуада ўтказишни истаса, биринчи навбатда майдон ҳолатини яхшилаши зарур экани тавсия қилинди.
Фикрлар