Вертолётдаги тайландлик сеҳргар «учиб кетди»
Вертолёт қулашининг сабабларидан бири сифатида бошқарувни йўқотиш эканлиги айтилмоқда. Хабарларга кўра, «тулкилар» хўжайини билан бирга бортда яна 4 киши, шунингдек, президентнинг қизи ҳам бўлган. Мақола ёзилаётган вақтда қулаш бўйича расмий маълумот берилгани йўқ. Аммо футбол мухлислари учун биринчи галда ўлим тафсилотлари эмас, «энди нима бўлади?» деган савол муҳим. Ахир тайландлик миллиардерни пул қопи бор одам дейиш қийин. Биринчи навбатда у клуб учун кўп нарса берган шахс ҳисобланади. Шунингдек айнан унинг номи бевосита клубнинг икки муҳим соврини – 2015-16-йилги Премьер Лига чемпионлиги ва бир йил ўтиб эришилган Чемпионлар Лигаси чорак финали билан боғлиқ.
Барчаси нимадан бошланганди?
Вишай Шривадданапрабханинг хизматларини айтишдан олдин унинг биографиясидаги баъзи қизиқарли лаҳзаларни эслаш жоиз. Зеро мана шулар ушбу шахснинг ва клубнинг бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Ким билсин, агарда у бошқа клубни сотиб олганида (у Лондон жамоаларидан бирини олмоқчи эди) эҳтимол шанба кунги вертолёт ҳалокати содир бўлмасмиди.
Демак, 2004-05-йилги мавсум. «Лестер» номли футбол жамоаси бир йиллик танаффус билан бир неча йил Премьер Лиганинг ўртамиёна клуби бўлиб келди. Аммо бир неча ой ўтиб улар Англияда кучи бўйича иккинчи лига ҳисобланган Чемпионшипга тушиб кетди. 2009-10-йилги мавсумда вазият бироз ўзгарди. Жамоа Премьер Лига йўлланмасини берувчи плей-офф босқичига қадар етиб келди. Бироқ якунда улар рақибига енгилди.
Айнан ўша паллада катта саҳнага Вишай чиқиб келади. У ўзининг «King Power» хусусий компанияси билан 2010-йилда ҳомийлик қилади. Бир неча ҳафта ўтиб тайландлик бизнесмен Милан Мандаричга тегишли «тулкилар»ни тўлиқ сотиб олишга қарор қилади. Айтганча, кўплаб манбаларга кўра, клуб унинг ўғли Айаваттадан совға бўлиши айтилади. Аммо ҳозир кўриб турганимиздек, барчаси бундай схемалардан ҳоли бўлган. 2010-йилдаёқ у инглиз жамоасининг тўлақонли хўжайинига айланди ва клубни иқтисодий қарорлари билан Чемпионшипнинг ўртамиёна ўрнидан элита лигага олиб чиқишга жиддий киришади.
Тайландлик миллиардерга катта пулларни 1989-йилда асос солган «King Power» компанияси олиб келади. У Осиё даги энг жозибадор йўналиш – Бангкок аеропортида божсиз савдо билан шуғулланувчи дўконлар тармоғига асос солади. Дўконлар тармоғи номи сўзма-сўз «қирол ҳукмронлиги» деб таржима қилинади. Ушбу ном тасодиф туфайли танланган эмас. Бошида «King Power» Вишай ва расман ҳукмрон элита бўлган ўша вақтдаги туризм бошқарувчиларига тегишли бўлган. Кейинги воқеалар ривожи кадр ортида давом этган бўлсада, аниғи шуки Тайланд божхона хизмати чегара орқали киритмаган хориж компанияларини сунъий рақобат орқали синдириб ташлайди. Шривадданапрабха (унгача туғилишидан Раксриаксорн бўлган. Шривадданапрабха Тайланд қироли томонидан миллиардерга берилган бир мақом) эса ўз дўконлари орқали бундан катта даромад кўради.
Айнан шу сабабли дастлабки вақтларда Шривадданапрабха Чемпионшипни таниқли футболчилар ва мураббийлар билан жонлантиришга уринди. Ушбу лойиҳадаги энг таниқлиси албатта жамоани 2010-11-йилларда бошқариш учун швециялик мураббий Свен-Йоран Эриксен таклиф қилинди. Аммо булар ҳеч қандай самара бермагач, тайландлик миллиардер босқичма-босқич ривожланиш стратегиясини танлади. Бу эса келажакда «Лестер»нинг Чемпионшипнинг энг ёмон клубидан мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришишига замин бўлди.
Ботқоқликдан юксакликкача
Босқичма-босқич ривожланиш лойиҳаси клубни орадан 11 йил ўтиб Премьер Лигага қайтишига олиб келди. Бу вақт ичида «Лестер» секинлик билан Осиё бозорида, айниқса клуб хўжайинининг она ватанида бренд сифатида танилишига туртки берди. Клуб Осиёда ўсиб бораётган аҳолисидан қўшимча даромад ва узоқ минтақаларда ўз брендини танитишни ният қилган гранд клублар ортидан борди. «King Power» дўконлари клубнинг расмий атрибутикалари билан тўлдирилди, Чемпионшипдалиги вақтидаёқ клубнинг Осиё бўйлаб турнелари одатий ҳолга айланди. Айнан шу вақтда «Лестер»нинг унутилмас тарихи бошланганди.
Аммо юқори дивизионга қайтган мавсумида клуб сал қолса яна қуйи дивизионга равона бўлишига бир баҳя қолди. Мавсум ўрталарида «тулкилар» хавфли зона атрофида айланиб юрди. Вазиятни жамоа бошқарувига олиб келинган Найджел Пирсон қутқарди. У жамоа билан қаторасига етти ўйинлик ғалабали серияни ўрнатди ва клубни элитада олиб қолди. Жамоанинг кейинги мавсумга тайёргарлик кўриши пайтида таркибнинг уч футболчиси – Адам Смит, Том Хоппер ва бош мураббийнинг ўғли Джеймс Пирсонлар Бангкокдаги меҳмонхоналардан бирида бўлиб ўтган ахлоққа зид бўлган ишлари билан муҳокамалар марказига тушиб қолди. Бу ҳолатга хатто бош мураббийнинг ҳам аралашиб қолгани, видеонинг интернет тармоғида тарқалиб кетиши ортидан клуб уч футболчиси билан дарҳол хайрлашди. Сал ўтмай клубнинг обрўсини сақлаб қолиш учун бош мураббийни ҳам истеъфога чиқарди. Шривадданапрабха ўз олдига клуб манфаатлари ва обрўсини сақлаш вазифасини қўйди. Сабаби мухлислар Пирсон тимсолида клуб ҳалоскорини кўраётган эди.
Воқеаларнинг кейинги ривожи алоҳида ёдга олишни талаб қилмайди. 2015-йил 13-июлида «Лестер» италиялик мутахассис Клаудио Раньерини жалб қилди. Мутахассис «Монако»ни Франциянинг иккинчи лигасидан олий лигага олиб чиқиб 1 Лигада 2-ўринни олганига қарамай унинг «зерикарли» ўйини туфайли истеъфога чиқарилганди. Мавсум оралиғида эса жамоага Роберт Хут, Кристиан Фукс, Синдзи Окадзаки ва албатта Нголо Канте олиб келинди. Трансферларга сарфланган пуллар ҳам алоҳида эътиборга молик. 8 йил давомида клуб хўжайини трансферлар учун қарийб 400 миллион евро сарфлади. Албатта омадсизлариям бўлди, аммо таркибнинг негизи Франция чемпионатида скаутлар назаридан четда қолган ва «ҳисобдан чиқариб ташланган» ветеран футболчилардан иборат бўлди. Скаутлар ишини ташкиллаштиргани учун «Лестер» хўжайинига алоҳида раҳмат айтиши шарт. Скаутлар «Гавр»дан Риёд Маҳрезни, «Канн»дан Кантени олиб келишди.
Юқорида номи тилга олинганлар «Лестер»нинг 2015-16-йилги чемпионлигида муҳим асос бўлишди. Мавсум якунига кўра Шривадданапрабха соврин учун жамоасини муносиб тарзда қутлади ва 19 футболчисига янги BMW i8s автомобилларини совға қилди. Бунга сарфланган пулларни ҳаводан келди десак муболаға бўлмайди. Ғалабадан кейиноқ клуб хўжайини биринчи дуч келган казинога хурсандчиликни ювиш учун йўл олди ва 2 миллион доллар ютиб олди. Бунақа ҳикояларни камдан-кам кузатамиз, аммо «Лестер»да бу юз берди. Айтганча, Шривадданапрабхани «Кардифф Сити»да «муваффақиятли» эгалик қилаётган бошқа бир осиёлик бизнесмен Винсет Тан билан қарама-қарши томонга қўйишади. Албатта унинг бойлиги Уэльс клубига ўз тарихида биринчи марта АПЛ га кўтарилишига ёрдам берди. Аммо клубни тарғиб қилиш методлари мутлақо бошқача ва омадсиз эди. Қисқа муддатда клуб ранги ўзгартирилди, тўлиқ ребрендинг ўтказилди ва мухлисларнинг ишончи йўқотилди. Шу туфайли мухлислар мавсумий абонементларини қайтариб олишни бошлаб юборишди. Албатта бу алоҳида ҳикоя.
Энг янги тарих ва келажакка назар
Чемпионликни ютганидан ва Чемпионлар Лигасида чорак финалгача етиб борганидан кейин Раньерига мавсум стартидаги омадсизлик туфайли жой топилмай қолди. «Лестер» аста-секин ўртамиёна клубга айланиб борди ва Премьер Лигада ўзига тегишли жойга қайтди. Номдор жамоаларда пуллар кўплиги боис клуб юқорига интилувчи ўртамиёна клубга айланди-қолди. Премьер Лигани ютганидан кейин клубга сарфланган 200 миллион евродан ортиқ маблағ «тулкилар»га кучли тўртлик, ҳаттоки олтиликда мустаҳкам ўрнашиб олишига ҳеч қандай ёрдам бермади. Раньеридан кейин жамоани бошқарган Крейг Шекспирнинг истеъфосидан кейин Шривадданапрабха бошқа бир франциялик мураббий – Клод Пюеллни олиб келди. Мураббий «Лестер»га келишдан олдин «Саутгемптон»да тажриба тўплаган эди.
Вишай Гривадданапрабханинг вафотидан кейин унинг ғоялари, афтидан, давом эттирилса керак. Ахир унинг ёнида клуб вице-президенти сифатида унинг ўғли Айават Шривадданпрабха фаолият олиб борди. Мантиқан, айнан у клуб хўжайинига айланади ва оилавий бизнесни давом эттиради. Одатда бундай мақолаларда ўқувчини терисигача кириб борадиган кучли якун бўлади. Аммо бу сафар бундай бўлиши ноўрин. Вишай ўз ишини севган ва яхши бажарган бошқарувчилардан бири ҳисобланади. 2015-16-йилги эртакнинг катта қисми унга ва унинг қарорларига тегишли.
Энди «сеҳргар» кетди. Ўз жамоасининг уй учрашувидан кейин қилганидек кўк вертолётида "учиб кетди".
Фикрлар