Ёш қиличбозларимиз Россиядаги турнирнинг жамоавий баҳсларида ғолиб бўлишди
Кеча қиличбозлик бўйича Ўзбекистон кадетлар терма жамоаси аъзолари 4 карра Олимпия ўйинлари чемпиони С.Поздняков соврини учун ўтказилаётган Россия очиқ чемпионатида иштирок этаётганликлари ҳақида хабар қилгандик. Сабля бўйича яккалик баҳсларида Шерзод Мамутов бронза медалига сазовор бўлганди. Жамоавий беллашувларда эса йигитларимиз олтин медалга эга чиқишди.
Мусобақада 28 та жамоа (Россиядан 26 та, Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари) иштирок этди. Йигитларимиз 1/8 финалдан ўз иштирокларини бошлашди. Ушбу босқичда Новосибирскнинг «Виктория» жамоаси 45:26 ҳисобида мағлуб этилди. Чорак финалда эса «Санкт-Петербург» жамоаси 45:33 ҳисобида таслим этилди. Ярим финалда Новосибирскнинг «Спартак» жамоасидан 45:31 ҳисобида устун келган йигитларимиз ҳал қилувчи беллашувда Москванинг ЦСКА клуби қиличбозларига қарши кураш олиб боришди. Қизғин кечган баҳсда вакилларимиз 45:41 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақа ғолибига айландилар. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бериб ўтди.
Маълумот учун, мусобақада юртимиз шарафини Жалолиддин Душамбоев, Пазилбек Генжебаев, Шерзод Мамутов, Бобур Расулов ҳимоя қилди.
Қизларимиз эса битта ғалаба ва битта мағлубият билан мусобақани якунлашди.
Фикрлар