Абдураимов Ўзбекистон Кубоги финали олдидан: "Ҳаммаси биринчи голгача, очиқ ўйин бўлишини хоҳлайман, лекин..."

Яна 2 кундан сўнг Бухорода “Насаф” ҳамда “Навбаҳор” жамоалари иштирокида Ўзбекистон Кубоги финалига гувоҳ бўламиз. Суперлигада чемпионлик учун ҳам бир-бирига асосий рақобатчилар ҳисобланишган мазкур клублар финалда ҳам яна рўбаро келадилар.

Бу сафар ҳаммаси битта ўйиндан иборат. Клублар Бухорогача осон бўлмаган йўлни босиб келдилар. Кубокни қўлга киритиш “Насаф”нинг ҳам, “Навбаҳор”нинг ҳам орзуси. Ғолиблик кимга насиб қилишини ўша куни билиб оламиз.

Финал олдидан мутахассисларнинг бу борадаги қизиқарли фикрларини эътиборингизга ҳавола қилиб боряпмиз. Бу сафар Жасур Абдураимовга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.  

- Жасур ака, 30 октябрь куни ҳамма кутаётган ўйин – Бухорода Ўзбекистон Кубоги финали доирасида “Насаф” ва “Навбаҳор” иштирокида бўлиб ўтади. Мазкур финалдан нима кутяпсиз? Жамоалар ёпиқ ўйин кўрсатишади, деб ўйлайсизми ёки очиқ футбол кўрамизми?

- Очиқ ўйин бўлишини хоҳлайман. Лекин, менниг ўйлашимча, ёпиқ ўйин бўлади. Жамоалар фақат натижа учун ўйнайдилар. Иккаласи ҳам кўпроқ қарши ҳужумлардан фойдаланса керак.

- Демак, финалда кўп голлар кўрмаймиз, шундайми?

- Ҳаммаси биринчи голгача. Ким биринчи бўлиб гол урса, менимча ўйин очилади. Ёпиқ ўйин бўлса, “Насаф” қарши ҳужумларда “Навбаҳор”га қараганда кучлироқ. Кўрамиз, финалда ҳамма нарса 50х50.

абдураимов1

- Аслида финалга сиз кутган клублар чиқдими ёки бошқа вариантни ўйлаганмидингиз?

- Ўйлайманки, иккала жамоа ҳам финалга муносиб чиқишди. Ярим финалда “Навбаҳор” “Пахтакор”ни ютди. “Насаф” эса АГМКни мағлубиятга учратди. Ҳозир айтганимдек, иккаласи ҳам финалга муносиб эди. Яхши жамоалар ўртасида ажойиб ўйин кўрамиз.

- Ўйин Бухорода бўлади ва Қашқадарёга яқин. Шу боис Қаршидан мухлислар кўпроқ келади, деб ўйлайсизми ёки Наманганданми? Ҳар ҳолда Намангандан Бухорога авиақатновлар йўлга қўйиляпти, шу ўйин учун!

- Менинг фикримча, 50х50 бўлади. Ҳа, Қарши Бухорога яқин. Аммо Намангандан ҳам кўп мухлис келади. “Навбаҳор”ни охирги марта финалга чиққанига ҳам анча бўлди. Шунинг учун ишқибозлар соғинишган ва шу сабабли Намангандан ҳам кўпроқ мухлислар келади, деб ўйлайман.

нава_3

- Иккала клуб чемпионатнинг охирги ўйинида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этдилар. Улар финал олдидан ўз кучларини аяшди, деб ҳисоблайсизми ёки...

- Йўқ, 100 фоиз ўйнашди. Финалда ҳам худди шунақа бўлади. Ахир бу соврин ва унга эга чиқиш учун жамоалар бор кучини сарфлашади. Бу финал, футболчилар ўзларини аямайдилар. Ғалаба учун барча имкониятларини ишга солишлари шубҳасиз.

- "Насаф" охирги марта "Навбаҳор"ни 2017 йили 4:0 ҳисобида ютган. Шундан бери ё дуранг ёки "Навбаҳор" ютяпти. Бу статистика ўйин олдидан наманганликларга руҳий устунлик бериши мумкинми?

- Йўқ, олдинги ўйинлар ҳар хил бўлган. Бу янги ўйин, бу финал. Статистика ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Рақамларга қарашни ҳожати ҳам йўқ. Мураббийлар ва футболчилар ҳар хил бўлган.

- Сиз учун айни пайтда ким кучли: "Насаф"ми ёки "Навбаҳор"ми?

- Боя таъкидладим, бу битта ўйиндан иборат ва имкониятлар тенг – 50х50. Албатта, омад ҳам керак. “Насаф”нинг ўзига хос ўйин услуби бор. Ҳа, “Навбаҳор” ҳам яхши жамоа. Таркибида тажрибали футболчилар тўп суряпти. Аммо “Навбаҳор” шу таркиби билан биринчи йил ўйнаяпти. “Насаф”га эса анча бўлган. Аслида иккала клубга ҳам қийин бўлиши аниқ.

насаф2_1

- Рўзиқул Бердиев ва Самвел Бабаян ўртасида тактик жанг ҳам кўрамиз, деб ўйлайсизми?

- Назаримда, ким тактик томонлама ўзини кўрсатса, ўша жамоа ғалаба қозонади. Стандарт вазиятлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўйинда кўп нарса мураббийларга боғлиқ. Улар қандай тактика танлашади? Кўрамиз.

- Биласиз, иккала клуб чемпионлик учун ҳам курашишяпти. Чемпионлик кимга насиб қилади?

- Ҳаммаси ўзларига боғлиқ. Ким кўпроқ очко тўпласа чемпион бўлади. Ҳозир “Насаф”да имконият бироз кўпроқ. Яна 3 та ўйин қолди. Очколарни йўқотмаса, “Насаф” чемпион бўлади. “Пахтакор”да ҳам имконият бор. Учала клубда ҳам имкониятлар бир хил.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
28/10/2022 21:02
Nasaf. yaqinga kubik uyiniga uziga kerakli vaqt. 2.1 Yutib qaytuvdiki. ayni. tumanli uyinga. Navbahor. 95 minutka. tinglashteruvdi. keyin Nasaf Norchaev gol urib. ketuvdiki. eslarizdan chiqdimi. Admenla