Аброр Тошқўзиев: "Металлург"нинг бу йилги режалари ва таркибга янги қўшилган футболчилар ҳақида

Суперлиганинг янги мавсумига қуръа ташланганидан сўнг “Металлург”нинг ўтган йилги мавсуми биринчи голи муаллифи Аброр Тошқўзиев билан жамоа матбуот хизмати кичик мусоҳаба уюштирди.

- Аброр мана янги мавсумга қуръа ташланди. Илк турдаги рақиблар маълум. Биринчи учрашувни сафарда “Сурхон”га қарши ўтказамиз. Таассуротлар қандай?

- Қуръа жараёнини интизорлик билан кутгандик. Чунки, қуръа амалда янги мавсумни бошлаб беради-да: кимга қарши, қачон ўйнашинг кераклигини билиб оласан. Бу йил ҳам, икки мавсум аввалгидек, чемпионатни “Сурхон”га қарши бошларканмиз. Қуръа жараёнидаёқ, 2019 йилги Термизда бўлиб ўтган ўйин ёдимизга келди. Ўшанда Суперлигада дебютини ўтказаётган клубга қарши анча қийин ўйин бўлганди. Майдон эгалари тезкор гол киритиб, режаларимизни чалкаштириб юборган, ўйин охирига келгандагина мағлубиятдан қутилиб қолгандик. Энди бу йил ўша хатоларни такрорламаймиз. Илк ўйинга жиддий тайёргарлик кўрамиз ва албатта мухлисларимизни хурсанд этамиз деб ўйлайман.

- 2020 йилги мавсумни ҳам сафарда бошлаган эдик ва АГМК жамоаси дарвозасига киритган голингиз “Металлург”га бир очко олиб берганди. Бу йил қандай бўлади?

- Имкон берилса, майдон тушсам, албатта ўтган йилги муваффақиятни такрорлашга ҳаракат қиламан. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар, биз доимо ғалаба учун ўйнаймиз.

- Мухлисларимиз сизнинг майдонга қайтишингизни кутишмоқда. Даволаниш жараёни якунландими?

- Ҳа, Худога шукр, ҳаммаси ортда қолди. Жарроҳлик амалиёти кўнгилдагидек бўлди. Индивидуал тарзда шуғулланишни бошладим. Яна бир ҳафталардан кейин жамоанинг умумий машғулотларига қўшиламан. Умид қиламанки, чемпионатнинг дастлабки учрашувларигача жисмоний формамни тиклаб оламан.

- Ўтган мавсум “Металлург”нинг асосий таркиби еттинчи ўринни эгаллаганди. Ёшлар жамоамиз эса мамлакат биринчилигининг ғолиби бўлишганди. Бу йилги режалар қандай?

- “Металлург” сўнгги йилларда барқарор футбол намойиш этиб, мухлисларимизни хурсанд этиб келмоқда. Кетма-кет икки мавсум 5-ўринни эгалладик. Ўтган йилги натижамиздан ҳам ишқибозларимиз қаноатланишди, деб ўйлайман. Бу йилги мақсад ва режаларимиз аввалги мавсумлардаги муваффақиятни такрорлаш, ундан паст натижани кўрсатмаслик бўлади. Асосий таркиб бир қатор тажрибали футболчилар билан кучайтирилди. Россия терма жамоасида ўйнаган Евгений Макеев сафимизга қўшилди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳужум чизиғида тўп сурган, собиқ жамоадошимиз Шаҳзодбек Нурматов қадрдон клубига қайтди. Яна бир ҳужумчи Иван Нагаев ҳам ўз вақтида “Металлург”да порлаб, кучли клублар эътиборига тушганди. Мухлисларимиз таркибимизда яна бир қатор янги номларни кўришади. Хуллас, тайёргарлик авжида. Чемпионатнинг бошланишини сабрсизлик билан кутамиз. Ёшлар жамоамиз эса ўтган мавсум планкани жуда юқори кўтаришди. Натижага эришишдан, уни сақлаб қолиш қийин, дейишади. Бу мавсум ёшларимизга осон бўлмайди. Аммо ҳар қандай вазифани бажариш жамоанинг ўзига боғлиқ.

- Аброр, биз ҳам мухлислар номидан сизнинг тезроқ сафга қайтишингизни тилаб қоламиз. “Металлург” эса янги мавсумда ҳам гранд жамоаларнинг “кушандаси”га айланишини, ҳужумкор, мазмунли ўйинлари билан ишқибозлар олқишига сазовор бўлишини истаймиз.

- Раҳмат, айтганингиз келсин. Биз албатта Бекобод шаҳри аҳлини, Ўзбекистон металлургия комбинати ишчи ва хизматчиларини, шунингдек, кўп минг сонли Тошкент вилояти футбол ишқибозларини хурсанд этиш йўлида бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз.

“Металлург” матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!