Адолат қарор топди! Ёхуд "Лондон-2012" Олимпиадаси совриндорига 50 минг АҚШ доллари топширилди
Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлигида нуфузли мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига мувофиқ, "Лондон-2012" XXX ёзги Олимпия ўйинлари бронза медали соҳиби, оғир атлетикачи Иван Ефремов 50 минг, жаҳон чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар мос равишда 12 минг (олтин медаль), 6 минг (кумуш медаль) ва 3 минг (бронза медаль), уларни тайёрлаган мураббийлар эса 6 минг, 3 минг ва 1,5 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.
Маълумот учун, Иван Ефремов "Лондон-2012" Олимпиадасида оғир атлетика бўйича -105 кг вазн тоифасида бешинчи натижани қайд этган эди. Бироқ кейинчалик биринчи ва тўртинчи ўринни эгаллаган атлетларда допинг аниқлангач, атлетимиз учинчи ўринга кўтарилган. Ўтган йили Халқаро Олимпия қўмитаси Иван Ефремовнинг Олимпиада совриндори эканлигини тасдиқловчи сертификат ва "Лондон-2012" медалини юборгач, спортчимиз Тошкентда ўтган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати арафасида тақдирланган эди. Бугун у давлатимиз томонидан ҳар бир Олимпия совриндори учун белгиланган тартибда пул мукофотини қабул қилиб олди.
Фикрлар