АГМКнинг мағлубиятсиз, "Андижон"нинг ғалабасиз серияси яна давом этадими?
24-26 август кунлари Coca-Cola Суперлиганинг 12-тур учрашувлари ўтказилади. Ўйиндан-ўйингача бўлган вақт жуда қисқа бўлаётгани сабабли футболчиларнинг жисмонан ва руҳан тайёрланишлари ҳам осон кечмаётгани аниқ. Лекин ҳозирги вазият шуни тақозо этаётган экан, мураббийлар қўл остидаги футболчиларини имкони қадар яхшироқ тайёрлашга мажбурлар. Лекин олдимизда чиндан ҳам бир-биридан қизиқарли учрашувлар кутмоқда.
“Андижон” охирги марта 2003 йилда “Қўқон-1912”ни ютган!
24 август (душанба)
“Қўқон-1912” – “Андижон”
Ўтган турда “Локомотив”ни иродали тарзда мағлубиятга учратган “Қўқон-1912” жамоаси ҳозир яхши кайфиятда. Навбатдаги рақиби эса ҳали ғалаба нималигини билмай келаётган “Андижон” жамоасидир. Қўқонликлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ўз вақтида андижонликларга ҳам устозлик қилган. Қолаверса, иккала жамоа таркибида собиқ ўйинчилар ҳам тўп суришяпти. Ушбу клубларнинг ўзаро ўйинлар статистикаси шуни кўрсатяптики, навбатдаги ўйин 25-тўқнашувга айланади. Ҳозирча ғалаба қозониш борасида “Андижон” устун. Улар 9 марта ютишган ва бу борада қўқонликлар битта ғалабага ортда қолишяпти. 7 та баҳс дуранг билан тугаган. Қизиғи шундаки, “Андижон” жамоаси охирги марта 2003 йилнинг иккинчи даврасида “Қўқон-1912” устидан ғалаба қозонган. Ўшанда ягона гол андижонликларнинг муваффақиятига сабаб бўлган. Ўтган йилги иккита ўйинда эса ғолиб аниқланмаган. Навбатдаги учрашувдан аввал эса Ашурматов жамоасининг имконияти юқори баҳоланяпти. Аммо ғалаба “Андижон”га сув ва ҳаводек зарур. Лекин клубда молиявий муаммолар ҳам ўз таъсирини кўрсатаётганини унутмаслик керак. Балки бош мураббий Виктор Кумиковнинг мураббийлар штабида ўтиришига рухсат берилгани жамоага руҳий куч берар, лекин аниғи шуки, муросасиз ўйин бўлиши аниқ. Чемпионатимизда ҳозирча энг кўп дуранг ўйнаган “Андижон” бу сафар ҳам яна шундай натижа кўрсатса бундан ажабланмаймиз.
“Локомотив” учун мураккаб ўйин
“Пахтакор” – “Локомотив”
“Пахтакор” ҳамда “Локомотив” ўртасидаги учрашувлар доим марказий ўйин мақомини ўзида сақлаб келарди. Бу йил ҳам ушбу тўқнашувни турнинг марказий баҳси дея оламизми? Гап шундаки, “Локомотив” клуби муваффақиятсиз ўйинлар гирдобига тушиб қолгани ва таркибдаги жиддий йўқотишлар туфайли жамоа жарликка тушиб қолди. “Пахтакор” эса аксинча доимгидек етакчиликни ўзида сақлаб келмоқда. “Локо”да эса бош мураббий ўзгарганидан хабардорсиз. Энди Дилшод Нуралиев вақтинчалик бош мураббийликка тайинланди. Ушбу мутахассис Sports.uz сайтига “Пахтакор”га қарши ўйин жуда мураккаб ўтишини ва иложи борича муносиб қаршилик кўрсатишга тайёргарлик кўришаётганини айтганди. “Пахтакор” – “Локомотив” жамоаларининг ўзаро ўйинларида ҳам устунлик “Шерлар” тарафида бўлиб турибди. Шу кунгача ўтказилган 33 та учрашувнинг 18 тасида “Пахтакор” рақибини мағлуб этган. “Локо” эса фақат 7 бор кучли рақиби устидан зафар қучган. 8 та учрашув эса дуранг якунланган.
Бир-бирига ўхшаш рақиблар
“Насаф” – “Бунёдкор”
“Пахтакор” стадионида ҳам яхши ўйин бўлишига шубҳа йўқ. “Насаф”нинг ҳам, “Бунёдкор”нинг ҳам йўналиши деярли ўхшаш ва ёш тарбияланувчиларига суянишади. Рўзиқул Бердиев ҳамда Вадим Абрамов ўртасида ҳам бу ўзига хос тўқнашувга айланади. Бундай жамоалар ўртасида исталган натижа юз беради, очиқ футбол кўрамиз. Чунки улар натижага қараб ўйнашмайди. Аммо ғалаба қозониш бўйича катта устунлик “Бунёдкор” тарафида. 26 та учрашувнинг 13 тасида “Қалдирғочлар” ғалаба қозонишган. “Насаф”да эса бундай имконият фақат 4 марта бўлган холос. Шунингдек, 9 бор дуранг қайд этилган. Қаршиликлар ўтган турда “Пахтакор”га йирик ҳисобда ютқазиб қўйишганди. Бердиев олдида эса навбатдаги қийин учрашув кутмоқда. Мураббийлар футболчиларини қанчалик руҳлантира олса ва тўғри йўналишни белгилай олишса, ғалаба ўша жамоа тарафида бўлади.
“Уйғонаётган” “Қизилқум”...
25 август (сешанба)
“Қизилқум” – “Сўғдиёна”
Трансфер ойнаси пайтида таркибини сезиларли даражада кучайтиришга эришган “Қизилқум” охирги иккита ўйиндан бери ғалаба қозонмоқда. Жамоа ўйинида ҳам яхши томонга ўзгаришлар сезиляпти. Биз энди олдинги кучсиз “Қизилқум”ни кўраётганимиз йўқ. Навоийликларда ғолибона руҳ шаклланиб боряпти. Шу боис “Сўғдиёна”га қийинроқ бўлиши кутиляпти. Аммо жиззахликлар устози Улуғбек Бақоев ўзидаги жанговор характерни футболчиларига сингдира олса, ўйин янада муросасиз ўтиши аниқ. Статистикага қарайдиган бўлсак, 34 та баҳснинг 16 тасида “Қизилқум”нинг қўли баланд келган. “Сўғдиёна” эса тенг ярмида, яъни 8 та учрашувда ғолиб чиққан ва яна 10 та беллашувда дуранг кузатилган.
“Навбаҳор” АГМКнинг мағлубиятсиз сериясига барҳам беришга қодирми?
АГМК – “Навбаҳор”
“Локомотив” стадионида ўтадиган АГМК ҳамда “Навбаҳор” ўртасидаги учрашув ҳам кўпчиликнинг эътиборида бўлиб турибди. Ҳеч ким олмалиқликларнинг мағлубиятсиз сериясини кутмаганди. Тан олиш керак, Миржалол Қосимов яхши жамоани шакллантирди. “Навбаҳор” эса ўтган турда кутилмаганда “Машъал”га ютқазиб барчани ажаблантириб қўйди ва қимматли очколарни йўқотди. Энди эса уларнинг олдида ғалабадан бошқа йўл йўқ. АГМКни енгиш орқали Канчельскис мухлислар олдида айбини ювиши мумкин. Агар яна очко йўқотишса, у ҳолда вазият жиддийлашиши мумкин. Шу кунгача жамоалар 24 бор ўйин ўтказишган бўлиб, унда олмалиқликлар 11 бор ғолиб чиқишган. “Навбаҳор”нинг ҳисобида эса 7 та ғалаба бор ва яна 6 та баҳсда дуранг кузатилган.
“Сурхон”нинг “Металлург”ни ютганига 16 йил бўлди
“Сурхон” – “Металлург”
Охирги иккита ўйиндан бери “Сурхон” футболчилари “қовун” туширишяпти ва оқибатда жамоа очко йўқотмоқда. “Металлург” охирги пайтларда рақибларига ютқазиб, мухлисларини ранжитяпти. Шундай экан, “Бунёдкор” стадионида иккита ғалабага ташна жамоалар ўртасидаги ўйинга гувоҳ бўламиз. Қизиғи, “Сурхон” охирги марта “Металлург”ни 2004 йилги мавсумда мағлуб этган. Умумий ҳисобда эса термизликлар 16 та ўйиннинг фақат 2 тасидагина рақибини тиз чўктирган холос. “Металлург” бўлса, 7 бор “Сурхон” устидан ғалабага эришган. Яна 7 та баҳсда эса ғолиб номи аниқланмай қолган. Кўрамиз, термизликлар ёқимсиз анъанага чек қўя олармикин? Ёки жамоалар ўртасида 8-дурангни кўрамизми?
Ён қўшнилар тўқнашуви
26 август (чоршанба)
“Машъал” – “Бухоро”
11-турда иккала жамоа ҳам 1:0 ҳисобларида ғалаба қозонишди. “Бухоро” ғалабасиз сериясига чек қўйган бўлса, “Машъал” “Навбаҳор”ни мағлуб этиб, қимматли уч очкога эга бўлди. Муборак билан Бухоро бир-бирга қўшни бўлгани учун ҳам жамоалар ўртасидаги баҳс худди дерби мақомига тенг бўлади. Шу вақтга қадар “Машъал” ва “Бухоро” жамоалари 32 марта учрашишган. Ғалаба қозониш бўйича “Машъал”нинг 14 та ўйинда қўли баланд келган бўлса, “Бухоро”да 7 бор бундай имконият юз берган. Шунингдек, 11 та баҳсда дуранг қайд этилган. Чиндан ҳам кўпинча ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинларда кучлар тенг келарди. Ҳозир ҳам кўпчилик “Машъал” билан “Бухоро”нинг имкониятини тенг баҳолашмоқда.
Фикрлар