Акмал Шораҳмедов: "Бундан катта фожеа ясаш керак эмас"
“Сурхон” - “Андижон” (4:0) учрашувидан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Максим Шацких соғлиги билан боғлиқ муаммо туфайли унинг ўрнига ёрдамчи мураббий Акмал Шораҳмедов қатнашди.
- Ўйинни ёмон бошламадик. Бизда ўйинлар кўплиги сабабли қийин бўляпти. Чунки фақат битта таркиб билан ўйнаяпмиз. Асосий таркибдаги иккита футболчига дам бериб, бироз ротация қилмоқчи бўлдик. Лекин бу футбол. Биринчи ўтказиб юборилган голдан кейин жамоа ўзига кела олмади. Кетма-кет шедевр голлар кириб кетди. Ўйиндан олдин ҳам айтиб тургандим, футболчи бўлганман, ОЧЛда ўйнаб туриб яна чемпионатга қўшиб ўйнаб кетиш жуда ҳам қийин. Чунки ОЧЛда ўйнаганда футболчи ўзини юқори тутиб, ишончи янада кўпайиб кетади. Футболда бор нарса. Шу боис ҳар учрашувда қайси чемпионатда ўйнсак ҳам исботлашимиз керак. Турнир жадвали бўйича тепароқда бўлишимиз керак. Майли, ҳисоб катталашиб кетди. 1:0 ми, 4:0 ми, барибир ютқаздик. Бундан катта фожеа ясаш керак эмас. Йигитларга ҳам айтдик. Ҳозир энг яхшиси, шундай мағлубиятлар жамоани аксинча кейинги учрашувларга бирлаштиради, деб ўйлайман. Мухлисларимиздан ушбу мағлубият учун узр сўраймиз.
- “Андижон” халқаро аренада ўйнаяпти. ОЧЛдаги ўйинига омад тилаймиз. “Андижон” катта лойиҳа. Жамоани бугунги ўйинига нима етишмади?
- Биз ҳам, “Насаф” ҳам ротациядан қийналяпмиз. Чунки бизда 10-12 та ўйинчиларимиз бор, қолгани ёшроқ. Қайсидир учрашувда кимгадир дам бериш ёки алмаштириш жуда қийин кечяпти. Бундан аввал “Машъал” билан ўйинда ҳам шундай қилгандик, бўлмади. ОЧЛ учун ўйинчи олмоқчи бўлдик, 1-2 таси жароҳат олиб қолди. Шу боис битта таркиб билан ўйнашга тўғри келяпти. Қачондир шу нарса бўлиши керак эди. “Сурхон”га келганда шу нарса бўлди.
- Эржан Токотаев нафақат Қирғизистонни, балки Марказий Осиёни зўр дарвозабонларидан бири. “Сурхон”дан 4 та гол ўтказиб юборди. У формада эмасми?
- Биз жамоамиз. Ютқаздикми, бутун жамоа бўлиб ютқаздик. Футбол доираси ичида хатоларни кўриб чиқамиз. Лекин бир-биримизга у ёки бу ёмон дейишимиз яхши эмас. Мен ҳам футболда катта бўлганман. Ютқаздикми, ҳаммамиз ютқаздик. Бизни айбимиз вақтида ротация қилишга тажрибали ўйинчиларни кам олганимиз, деб ўйлайман.



Комментарии