
Акмал Шораҳмедов: "Вақт оз қолаётган пайтда янги мураббий олиш тўғри эмас, деб ўйлайман"
Юртимизда давом этаётган КАФА мусобақасининг иккинчи турида терма жамоамиз Туркманистонни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Терма жамоамизнинг собиқ футболчиси ва ҳозирда “Андижон” клубида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлаб келаётган Акмал Шораҳмедов ҳам вакилларимизнинг Туркманистон терма жамоасига қарши ўйинини кузатиб борди.
Маълумки, “Андижон” клуби 17 сентябрь куни ОЧЛ 2 нинг илк турида сафарда Туркманистоннинг “Аркадаг” клубига қарши майдонга тушади. Шораҳмедов эса терма жамоамизнинг ўйини ва янги мураббий масаласида фикр билдирди.
“Кучлироқ термалар билан ўйин ўтказиш тўғрироқ бўлади”
- Ўзбекистон - Туркманистон ўртасидаги ўйинни бизга керак бўлгани учун бошидан охиригача кузатдик. Терма жамоамизни ғалаба билан табриклайман. Барибир ҳар бир терма жамоа ўйинида масъулият талаб этади. Бунга жиддий қараш керак. Мени фикримча, КАФА мусобақасидан кучлироқ бўлган мусобақаларда қатнашиш керак. Менимча, КАФА турнири Осиё чемпионатидан ҳам кучсизроқ. Шу боис ундан кўра кучлироқ терма жамоалар билан ўйин ўтказиш тўғрироқ бўлади, деб ўйлайман. Туркманистон, Қирғизистон, Уммон термаларига қараб футболчиларни савияларини билиб бўлмайди.
“Ўйинчилари терма жамоа ўзаги”
- Туркманистон терма жамоасининг ўйинини кўрдик ва аксарият футболчилари “Аркадаг” клуби аъзолари. Бу жамоа эса “Андижон” билан ўйнайди. Кучли жамоа. Чунки уларни ўйинчилари терма жамоа ўзаги. Анчадан бери бирга тўп суриб келишмоқда. Туркманистонни энг зўр футболчилари йиғилган клуб. Уларни ютса бўлади, ҳаракат қилиш керак. Ўйинчиларимиз совуққонроқ ўйнашлари лозим. Ҳимоячиларимиз ҳам диққатлироқ бўлиши муҳим. Учрашувни яхши бошлаб олсак қолгани ҳам яхши давом этади, деб ўйлайман.
“Терма жамоамизга ким бош мураббий бўлса ҳам унга қийин бўлади”
- Терма жамоамизга ким бош мураббий бўлса ҳам унга жуда қийин бўлади. Бизни энг зўр футболчиларимиз Туркия, Англияда ўйнашяпти. Бошқа терма жамоаларни таркибларини қарасангиз, Англия, Италия, Франция, Португалия каби чемпионатларда тўп суришяпти. Барибир уларни терма жамоаларига қарши ўйнаш қийин бўлади. Вақт оз қолаётган пайтда янги мураббий олиш тўғри эмас, деб ўйлайман. Унга ўрганиш ва яна футболчиларни кўриш учун вақт кетиб қолиши мумкин.
“Аслида португалиялик ёки испаниялик мураббий маъқул, деб ўйлайман”
- Аслида бизга Португалия ёки Испаниядан келадиган мураббий маъқул деб ўйлайман. Бизда кўп ўйинчилар техникали ва тўп билан яхши ўйнашади. Лекин аввало, 14-15 ёшли терма жамоаларимизда шунақа мураббийлар ишласа, ундан кейин бош жамоамизга ҳам португалиялик ёки испаниялик мураббийларни олиш керак. Барибир уларни билими, ишлаган жойлари биздан кучлироқ, буни тан олиш керак.
Фикрлар