Аламли мағлубиятни эшитгансиз. Аламли ғалаба эса Хайрулла Ҳамидов талқинида
Таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов телеграмдаги саҳифасида кун тарихига оид маълумотларни тақдим этмоқда.
Бугун 4 апрель. Шу куни футбол тарихида ажойиб камбек амалга оширилган. Қандай ўйин эканлигини эса қуйида билиб олишингиз мумкин:
АЛАМЛИ ҒАЛАБА
"Барселона" 2018 йилнинг 4 апрель куни ЕЧЛ чорак финалида "Камп Ноу"да "Рома"ни қабул қилган. Биринчи ўйин. Бу жуфтликда, шубҳасиз Испания чемпиони фаворит, Рим клуби турнирнинг охирига етиб келган жамоа сифатида қараларди.
Бу хулосага Каталонияда ўтказилган ўйин янада яқинлаштирди. Чунки учрашув "Барса"нинг тинимсиз ҳужумлари билан бошланди. Бўлим тугаши арафасида Даниэле Де Росси ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Танаффусдан сўнг бу ишни Костас Манолас такрорлаб берди. "Барселона" рақибнинг икки автоголидан сўнг ўзи ҳам гол уриши кераклигини англади ва ўйиннинг биринчи соати тугаётганда Пике катта саҳнага чиқди.
"Рома" Италиядан Испанияга келган мухлислари ҳаққи ҳурмати ниҳоят ҳужумлар уюштиришни бошлади. Шу боис, 80-дақиқада Эдин Жеко томонидан киритилган гол мантиқий гол бўлди. Аммо "Барселона" кейинги ўйинни ўйламаслик учун ҳам биринчи учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозонишга аҳд қилди. Луис Суареснинг голи "Барселона"га ажойиб натижа туҳфа этди – 4:1.
Римдаги каникулларга бемалол боришимиз мумкин, дейишди каталонияликлар.
Бу ўйин айнан жавоб учрашуви билангина моҳият касб этади. Алоҳида олинганида эслашга арзимайди. Римда нима бўлганини мухлислар яхши билишади. Уйда битта бўлса ҳам гол ўтказиб юборишнинг оқибати нечоғли оғир бўлишига энг яхши мисол – шу ўйин.
Баъзи урилган голлардан хулоса қилсак, адолат қарор топгандек. Чунки бу кеча ҳам бешта голдан учтасини "Рома" футболчилари киритишгандику...
Фикрлар