Эксперт Баҳодир Жалоловнинг Лондондаги жанги олдидан қаттиқ гапирди
Bad Left Hook сайти шарҳловчиси Жон Хансен ўзбекистонлик супер оғир вазнли боксчи Баҳодир Жалолов (17-0, 15 КО) ва британиялик Соломон Дакрес (10-1, 3 КО) ўртасидаги бўлажак жанг ҳақида фикр билдирди.
Жалолов – Дакрес жангини 17 октябрь куни Лондонда ўтадиган бокс кечасида томоша қилиш мумкин бўлади. Шу шоунинг бош жангидан ўрин олган тўқнашув эса Дэниэл Дюбуа ва Фабио Уордли ўртасидаги реванш бўлади.
Шу билан бирга, Хансен ҳали-ҳануз «Катта ўзбек»нинг профессионал рингдаги мақсад ва режалари жиддий эканига ишонч билан қарай олмаётганини таъкидлади.
- Агар Баҳодир Жалолов уч-беш йил олдин Соломон Дакрес даражасидаги рақибга қарши жанг қилганида, бу тўқнашув мени жуда ҳаяжонлантирган бўларди. Лекин ҳозир-да, у 17 та профессионал жанг давомида амалда бир жойда туриб қолганини кўриб турибмиз. Олдинда эса навбатдаги олимпия саралаш цикли яқинлашяпти.
Мени икки хил фикрдан бирига ишонтириш мумкин: ё бу Жалоловнинг профессионал фаолиятидаги илк ҳақиқий синов бўлади, ёки фақат одатдагидан бироз қизиқроқ кўринишда мухлислар учун навбатдаги ўйин ва шундан сўнг Баҳодир яна учинчи олимпия олтини сари йўл олади, — деб ёзади Хансен бўлажак жанг ҳақидаги ўз мақоласида.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов сўнгги профессионал жангини 9 май куни Манчестерда ўтказган эди. Ушбу баҳсда у хорват боксчи Агрон Смакичини (21-4, 19 КО) муддатидан олдин мағлуб этган.
Баҳодир Жалолов икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби ҳисобланади.

Фикрлар