Алекс Перрейра ва Магомед Анкалаев жанги Ўзбек ММА оламида катта баҳсларга сабаб бўлди !!! (Сўровнома)

  • 8 март, 12:49
  • Ahmadbek Eshmatov
  • 0
  • MMA
CHERY AUTO

9 март куни  АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри "UFC 313" турнирига мезбонлик қилади. Мазкур оқшомнинг асосий тўқнашуви Алекс Перрейра ҳамда Магомед Анкалаев ўртасида кечади. Биз ушбу қарама-қаршилик борасида анъанага мувофиқ ўзбек яккакураш олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.

Нозимжон Тўйчиев - Ўзбекистон ММА ассоциацияси Андижон вилояти мутасаддиси:
– Бу жанг борасида гапирадиган бўлсак, Анкалаевда имконият юқори. Унинг кураши жуда кучли.

Музаффар Худойқулов - мураббий:
– Яхши жанг бўлади. Иккисига ҳам осон бўлмайди. Бироқ Перрейранинг кучли зарбаларини ҳисобга олиб айтаманки, баҳс муддатдан аввал якунланади. Алекс Магомедни нокаутга учратади.

Мансур Тугизбаев - мураббий:
– Бу жуда қаттиқ жанг бўлади. Олдиндан фаворитни айтиш қийин. Анкалаев ҳам, Перрейра ҳам бир-бирига муносиб рақиблар. Бироқ мени фикримча, Магомед партерда Алексни мағлуб этади.

Мирзоҳид Атабоев - мураббий:
– Алекс ўз вазнида ҳақиқий қирол. Магомед эса даъвогар. Бироқ шундай бўлса-да, ҳар иккиси ҳам бир-биридан қолишмайди. Мағлубият аламини ким тотиб кўриши эса, кимнинг биринчи хато қилишига боғлиқ. Анкалаев Перрейрадан ақллироқ. У оғир-босиқлик билан ҳаракат қилиб, ғалабани қўлга киритади, деб ўйлайман. Бразилияликдаги ҳаддан ортиқ ҳотиржамлик ўзига минус олиб келиши мумкин.

Фаррух Мадаминов - мураббий:
–  Перрейра Анкалаев учун жуда жиддий рақиб. Аммо Магомед зарба ўтказиб юбормасдан, Алексни партерга ўтказа олса, ғалабани нақд қилади. Лекин Перрейранинг биргина зарбаси россияликнинг барча умидини пучга чиқариши мумкин.

Дониёрбек Рўзиев - мураббий:
– Жанг жуда шиддатли ўтиши аниқ. Олдиндан натижани тахмин қилиш ҳам осон эмас. Менимча, бу тўқнашувда Анкалаев 3 ёки 4- раундда ғалаба қозонади.

Бобур Қурбонов - ММА жангчиси:
– Зарба кучи жиҳатдан Перрейрада доим устунлик бўлади. Лекин жанг техникаси томонидан қарасак, Анкалаев бу жангда ғалаба қозониш эҳтимоли катта. У кураши билан баҳс тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин. Фикримча, бу тўқнашувда ё Алекс Перрейра Магомедни нокаут қилади, ё Анкалаев якунда очколар эвазига ғалаба қозонади.

Азизбек Темиров - ММА жангчимиз:
– Жуда қизиқарли жанг. Менимча, Анкалаев Алексни партерга олиб тушиб, муддатидан аввал ғалаба қозонади. Ёки 5 раунд Перрейрага қарши муносиб курашиб, якунда очколар эвазига зафар қучади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!