Александр Лобанов: "Насаф"нинг ўйинда бундай бурилишга тайёр эмаслиги кўриниб турганди"
Бекободнинг “Металлург” жамоаси мавсумни яхши бошлади. Илк турда ўз уйида АГМКни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. 2-турда Қаршида “Насаф” майдонида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб қайтди.
Жамоа ўйини эса яхши даражада эътироф этиляпти. Ўтган йили ҳам асосий дарвозабон ҳисобланган Александр Лобановга бу йил ҳам катта ишонч билдириляпти ва ушбу мавсумда ҳам биринчи рақамли посбонга айланди.
Қаршидаги учрашувдан кейин Лобанов Sports.uz мухбирига ўйин ва яна бошқа масалалар бўйича фикр билдирди.
Қаршидаги ўйин тўғрисида
- Биринчи навбатда айтмоқчиманки, Қаршидаги ўйин оғир бўлди. Аммо биз бундай баҳсга олдиндан тайёргарлик кўргандик. Чунки қийин кечишини билардик. Барча клублар аста-секинлик билан кучайиб боряпти. Қўшимчасига, клублар яхши тайёргарлик кўряпти ва шу жумладан, биз ҳам. “Насаф” Осиё майдонларида иштирок этяпти. Шу ўринда, “Насаф” клубига Осиё Чемпионлар лигасидек нуфузли мусобақада ўз олдига қўйилган вазифасини бажаришларини Худодан сўраб қоламан. Мана шундай жиддий рақибга қарши учрашувга пухта тайёргарлик кўришимизни, сабр қилишимиз ва чидашимиз кераклигини ҳам билардик. Бундай учрашувда яримта имкониятдан фойдаланиш муҳим, ҳеч бўлмаганда, рақибни жарима майдонимизга яқинлаштирмасликка ҳаракат қилдик. Умуман олганда, бу ерга келган ҳар қандай жамоа ўз дарвозаси олдида муаммоларга дуч келади. Яъни, “Насаф”да доимо имкониятлар бўлади. Ҳа, бизга қарши учрашувда ҳам уларда вазиятлар бўлди. Эҳтимол, рақиб яратилган имкониятлардан фойдалана олмагандир. Масалан, тўпга эгалик қилиш бўйича устунлик улар томонида бўлди. Лекин биз бунга тайёр эдик. Шуни яхши тушунган ҳолда ҳаракат қилдик. Чунки “Насаф” билан унинг майдонида ҳужумкор ўйин кўрсатиш, уларга тенглашиш жуда қийин. Шу сабабли биз рақибнинг ҳужумларини кутдик. Нима бўлганда ҳам рақиб Ўзбекистон чемпионатининг етакчи клубларидан бири. Биринчи навбатда, ҳимояга эътибор бериб, дарвозамиздан гол ўтказиб юбормасликка уриндик. Аммо, афсуски, гол ўтказиб юбордик. Тўғри, футболда бунақаси ҳам бўлиб туради. Рақиб стандартни жуда яхши ижро этди. Ҳужумчиси ҳам чиройли тарзда очилди. Охирги 10 дақиқада “Насаф” фақат натижа учун ўйнади. Чунки мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонаётганди. Қайсидир вазиятларда рақибнинг ҳужумга ташланмагани яққол кўзга ташланиб турди. Лекин биз ҳам охирги дақиқаларда чиройли тарзда ишланган стандартдан гол уришга муваффақ бўлдик.
Тўғри, “Насаф” ҳам ўйинимизни ўрганган ва олдиндан тайёрланган. Бироқ уларнинг ўйиндаги бундай бурилишга тайёр эмаслиги кўриниб турганди. Умуман олганда, Қаршидаги учрашув жуда жанговар тарзда кечди. Икки томон ҳам курашди. Мезбонлар ғалаба учун қаттиқ ҳаракат қилган бўлса, биз ютқазмаслик учун жиддий курашдик. Чунки ҳар бир очко биз учун жуда ҳам муҳим. Мавсум аввалида кўпроқ очколар тўплаб олсак, кейинчалик ўзимиз учун яхшироқ бўларди. Ўтган йилги мавсум эса бизга анча оғир бўлди. Шу сабабли жорий йилда ҳар бир очко учун жиддий меҳнат қиляпмиз. Ўйинларда боримизни бериб ҳаракат қиляпмиз.
Шартнома узайтирилгани борасида
- Ҳа, “Металлург” билан шартномамни узайтирганман. Бош мураббий мени жамоада қолишимни хоҳлади. Айнан шу сабабли, клубда қолишимга туртки бўлди. Бундан ташқари, “Металлург” мен учун қадрдон жамоага айланиб қолди. Шу боисдан мен клубимни ўзгартиришни унчалик хоҳламадим. Кўп йиллик умримни “Пахтакор”га бағишлаганман. Албатта, ўз вақтида у ердан кетиш мен учун оғир бўлган. Лекин шундай қарор қабул қилдим. Кейин эса “Металлург”га кўчиб ўтдим. Бу жамоа ҳам менга кўп нарсаларни қилди. Ўйлаб-ўтирмасдан шу жамоада қолишга қарор қилдим. “Металлург”дан кетиш вариантларини ҳам ўйлаб кўрмадим. Клуб менга ишоняпти, мураббий ҳам мени яхши билади. “Металлург”га келганимдан бери мураббийлар ўйинимни кузатиб келишяпти.
Жамоанинг вазифаси қандай?
- Албатта, аста-секинлик билан жамоа олдига юқори мақсадлар қўйиляпти. Биз буни бажаришга ҳаракат қиляпмиз, академия ҳам ишга туширилди. Бош ҳомийимиз футбол учун катта ишларни амалга оширяпти. Ёшлар учун ҳам кўп ишлар бажариляпти. “Металлург” ривожланиб боряпти ва бу йўлда мен ҳам ўз ҳиссамни қўшишни хоҳладим. Биз чемпионатда энг юқори ўринлар учун курашамиз. Бу клуб ва футболчилар нуфузи учун ҳам фойдали. Ҳар бир ўйинда муносиб ўйин кўрсатиш ҳамда ғалабалар қозониш асосий мақсадимиз. Биз янги даражага чиқмоқчимиз. Аммо аниқ бир ўрин борасида олдимизга вазифа қўйилмаган. Жорий мавсумда қайси ўринларни эгаллашимизга қараб кейинчалик аниқ мақсад қўйилади. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.
Фикрлар