Александр Хомяков: Очколарни кузда санаймиз

 

Олий лиганинг 18-туридан ўрин олган “Машъал” – “Шўртан” (4:0) учрашувидан кейин мезбонлар устози Александр Хомяков ОАВ ходимларининг саволларига жавоб қайтарди.

Албатта бугунги ўйиндан қониқдим. Анчадан бери ўз мухлисларимиз кўз ўнгида бундай ўйнамагандик. Бугун ўйинимиз қовушди. Рақиб дарвозасини тўрт марта ишғол қилди. Бутун жамоани ва мухлисларимизни бугунги ғалаба билан табриклайман! Ўйлайманки, мустақиллик байрамига муносиб совға тайёрлай олдик.

Давралар оралиғида тайёргарликка бошқача эътибор бергандик. Сабаби, биринчи давра охирида жамоада жисмоний томондан муаммолар кузатилганди, шу боис, асосий урғуни жисмоний ҳолатни тиклаш учун қаратдик.

Япониялик футболчи жамоага яқинда келиб қўшилди. Секин-секин ички муҳитга, тартиб-қоидаларга, тактикаларга мослашяпти. Ўйлайманки, ўзини кўрсатиб, асосий таркибга мослигини исботлайди.

Жамоа олдида жиддий мақсадлар йўқ. Лекин ҳар ўйинда ғалаба учун чиқамиз, асосий мақсад шу. Очколарни эса, кузда санаймиз, - дейди Хомяков.