Алексей Евстафеев: "Тажрибали мутахассис учун кучли ёки кучсиз жамоалар билан ўйнаш чўт эмас"

Ўзбекистон Кубоги “D” гуруҳи 1-тур “Шўртан” — “Янгиер” (3:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Алексей Евстафеев ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Бугун ўйин озроқ оғир ўтди. Рақибнинг голидан сўнг қайта уйғонишга тўғри келди. Аммо “Янгиер” биринчи лига жамоаси бўлса ҳам яхши жамоа шакллантиришибди. Бизга қарши яхши ҳаракат қилишди. Кейинги ўйинларда “Янгиер” жамоасига омад тилаб қоламан.

Бугун учрашувга тўхталсак, кўриб турганимиздек ўйинда кўп хатоларга йўл қўйдик. Узатмаларда, бу камчиликлар устида ишлаймиз.

- Кўрсатган характер учун “Қўқон-1912” билан баҳснинг иккинчи бўлимида “Шўртан” футболчиларига ташаккур айтган эдингиз. Бугунги ўйинда ҳам жамоа ирода кўрсатди.

- Албатта бугунги ғалаба учун футболчиларни табриклаш керак. Киритган голлар эвазига биз ғалабага эришдик. Ахир ўйин учун бор куч ва ғайратларни ишга солишди. Лекин кўп хатоликларга йўл қўйдик. Булар устида ишлашимиз керак.

- Олдинга қўйилган мақсадингиз про лига чемпионатида натижа қайд этишми ёки Ўзбекистон Кубогида охиригача боришми?

- Мақсадимиз икки мусобақада ҳам муносиб иштирок этиш ва охиригача курашиш.

- Жамоанинг қайси муаммоси сизни ўйлантиряпти?

- Психологик муаммолар. Нимага деганда, йигитлар  “Қўқон-1912” билан ўйиннинг  биринчи бўлимида рақибга ютқазгандик. Иккинчи бўлимда эса футболчиларни кўнглини кўтардик ва биз яхши натижага эришдик. Бугунги ўйинда ҳам йигитларнинг ҳаракатлари қовушмаётган эди. Сизга айтганимдек, инсоннинг психологияси катта аҳамиятга эга. Бу ерда катта тажриба керак. Тажрибали мутахассис учун кучли ёки кучсиз жамоалар билан ўйнаш чўт эмас.

"Шўртан" ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!