Алишер Никимбаев: "Турон"га профессионаллик етишмади, ҳокимга ялинган "Андижон" ҳеч қанақасига хусусий клуб эмас"
Хабарингиз бор, Қатардаги жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси аъзоси ҳисобланган Алишер Никимбаев "Гапираман" лойиҳасида меҳмон бўлди. Унда мутахассис нима сабабдан Ўзбекистонда хусусий клублар кўпаймаётганига изоҳ бериб ўтди.
– Асосий муаммо - Ўзбекистонда футболни бизнес, деб ҳисоблашмайди. Бу борада тизим ҳам йўқ. Хусусий жамоа қачон пайдо бўлади? Қачонки, клуб эгалари фойда қилишни хоҳласа. Нафақат футболни севиш, балки фойда кўришни ҳам ўйлаш керак. Масалан, трансляциядан фойда "ноль". Ҳомийларнинг пуллари фақат Суперлиганинг ўзига зўрға етяпти. ПФЛ олаётган бадал пуллари 2017 йилга қараганда 3 баравар кўп. Ўйинга чиқарилган чипталар арзон ва мухлисларга етарли шароитлар яратилмаган. Асосий, шу 3 та йўналишдан даромад бўлмаса, хусусий клублар пайдо бўлиши иложсиз.
"Турон"да профессионаллар ишламаяпти, "Андижон" эса хусусий клуб эмас
– "Турон"га профессионаллик етишмади. Оддий мисол, Шквирин нимага кетганини биласизми? Ундан сўрамасдан, ёрдамчи мураббий сифатида Баҳром Ҳакимовни олиб келишган. Айтмоқчиманки, тажрибаси Шквиринга деярли тенг мутахассис чақирилган. Эртаси куни Игорь аризасини ёзди ва кетди. Ҳакимов ҳам икки-учта ўйиндан сўнг бўшатилган. Мана нима учун улар профессионал эмас. Тепадаги раҳбарлар хоҳлаганини қилди, бундай иш билан профессионал клуб тузиб бўлмайди. Менимча, ҳозир вазият ўзгарган, балки кейинги йил Суперлигага қайтишса, янги "Турон"ни кўрармиз.
Тушунишимча, "Андижон" ҳеч қандай хусусиймас. Ҳаттоки, бу йил уларда муаммо пайдо бўлганда, биринчи навбатда, ҳамма "Ҳа, ҳоким бува, нимага ёрдам бермаяпсиз", дея вилоят ҳокимига ялиниб келган. Ҳали ҳам улар ҳоким ёрдамига муҳтож.
Давлат жамоаларни молиялаштиришни тўхтатса, "хаос" юзага келади
– Клублар бирданига хусусийлаштирилса, "хаос" бўлади. Давлат қарамоғидаги жамоалар ёпилади. Лига қатнашчилари сони камайганидан кейин Қирғизистондагидек вазиятга дуч келамиз. Суперлигада 6-8 тагина жамоа қолади. Тайёр футболчилар чет элга кетиши мумкин, қолганлари эса ишсиз қолади. Умуман олганда, улар хориж клубларига керакми? Сабаби ҳозирда аввалгидек кўп ўйинчиларимиз чет элда ўйнамаяпти. Футболчилармизнинг легионерга айланиши учун савияси ҳам етарли эмас. Бундан термамиз зарар кўриши мумкин.
Суҳбатнинг тўлиқ версиясини қуйида томоша қилишингиз мумкин:
Фикрлар